ОТМ ХОДИМЛАРИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИЛАДИ

Эндиликда олий таълим муассасалари ходимлари моддий рағбатлантирилади. Аммо пул миқдори бир хилда эмас.ОТМ фаолияти самарадорлигига муносиб ҳисса қўшганлар мукофот учун мўлжални каттароқ олишлари мумкин.Бу бўйича ҳукумат қарори билан Республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, пул мукофотлари, устамалар ва қўшимча ҳақлар миқдори ҳар бир ходимнинг ОТМ фаолияти самарадорлигига қўшган шахсий ҳиссасига қараб белгиланади.

ОТМ ҳар йили профессор-ўқитувчи ва ходимлар томонидан бажарилган ишларининг самарадорлиги ва сифатига қараб моддий рағбатлантириш тартиби ва ҳажмларини белгилаши шарт.

Моддий рағбатлантириш нафақат бир ходим учун, балки жамоатчилик ишларини бажарган бутун бир жамоа, кафедра, факультет, илмий лаборатория ва бошқа бўлинмалар ходимларига ҳам берилиши мумкин.

Низомга кўра, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағнинг 30 фоиздан кўп бўлмаган қисми таълим муассасаси ходимларини моддий рағбатлантиришга сарфланиши мумкин.

Низом билан ОТМ профессор-ўқитувчи ва бошқа тоифадаги ходимларини рағбатлантиришнинг асосий мезонлари белгиланди.

Навоий вилоят адлия бошқармаси

Ахборот хизмати