December 15, 2020

“МИРАНДА ҚОИДАСИ”НИ БИЛАСИЗМИ?

“Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтганларнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин”. Бу машҳур ибора бир неча марта жиноий жавобгарликка тортилган Эрнест Артуро Миранда исмли АҚШ фуқаросининг номи билан боғлиқ.

Гап шундаки, 1966 йили бир неча жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган Мирандага сўроқ қилинишдан олдин унинг гумондор сифатидаги ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилмаган. Миранда ўз ҳуқуқларини билмаган ҳолда айбига иқрорлик кўрсатувларини берган, бундай кўрсатувлардан эса унинг иқрорлигига исбот сифатида фойдаланилган. Чунки, АҚШ Конституциясининг 5 ва 6-қўшимчаларида ҳеч ким жиноий ишларда ўзига ўзи қарши гувоҳлик беришга мажбур қилиниши; ҳеч бир шахс қонуний судда кўрилмай ҳаёти, эркинлиги ёки мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, шунингдек, айбланувчи айбловнинг моҳияти ва асосларидан хабардор бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, у ўзига қарши кўрсатув бераётган гувоҳлар билан юзма-юз учрашиши, ўзи томонидан гувоҳларни мажбуран келтириш ёки ўз ҳимояси учун адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган эди.

“Миранданинг қария адвокати келтирган шикояти ва суд қарори”

Ке­йинчалик Эрнест Артуро Миранданинг 73 ёшли адвокати Элвин Мур томонидан АҚШ Олий судига шикоят тақдим этилган.Суднинг бу ҳукми Миранда ўз ҳуқуқларидан хабардор қилинмаганлиги сабабли АҚШ Олий суди томонидан бекор қилинган. Суд қароридан юзага келиб чиққан юридик норма дастлаб АҚШ суд амалиётида “Миранда ҳуқуқлари” сўнг эса халқаро ҳуқуқда “Миранда қоидаси” деб ном олган.

Шундан буён “Миранда қоидаси” дастлаб сўроқ қилиш олдидан ёки ушлаб туриш вақтида гумон қилинувчи ва айбланувчига қуйидаги ҳуқуқлари тушунтирилишини кафолатлади:

“Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтганларнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, Сиз адвокат билан давлат томонидан таъминланасиз. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?”

Навоий вилояти адлия бошқармаси

Ахборот хизмати