Оила – муқаддас қўрғон
Оила кичик Ватан, оила тинч бўлса, бахтли бўлса, Ватан тинч бўлади. Бугунги кунда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, оилалар тотувлигини асраш, ёшлар онгида оила қадриятларига содиқликни шакллантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, манфаатларини ҳимоялаш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборидадир.
Оила – мамлакат истиқболи, келажаги буюк давлатимизнинг метиндек мустаҳкам асоси, жамиятимизнинг таянчи ва суянчи ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда оилаларнинг мустаҳкамланишига катта эътибор қаратилмоқда.
Оила – муқаддас даргоҳ. Инсон аталмиш хилқатга умри давомида ҳамроҳ, ҳатто у билан қиёматда ҳам бирга бўладиган неъматлар орасида имон ҳамда никоҳ алоҳида ўрин тутади. Имон бандани Аллоҳ билан боғловчи ришта бўлса, оила икки инсонни ҳам қалбан, ҳам жисман бирлаштирувчи воситадир. Бу - Аллоҳ амри, қалблар ихтиёри ҳисобланади. Шунинг учун ҳам улар муқаддас. Мана шу оилалар жамулжам бўлиб, жамиятни ҳосил қилади. Демак, жамият ҳам оила. Катта оила. Унинг ўзгармас ва минг йиллик қоидалари бор.
Оила – ўтмиш, бугун ва келажак. Оила – ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак насллар учун бетакрор тарбия маскани. Оила – қўрғон. У шундай қўрғонки, унинг ҳам илоҳий, ҳам инсоний ҳимояси бор. Оиланинг тинчлигини, шаънини асраб авайловчи, шодлик ва нурга тўлдирувчиси аёлдир. Аёл, аваламбор, она. Фарзандларига чиройли тарбия, гўзал хулқ бериш – унинг касби. Мақоми, мартабаси шу билан ўлчанади.
Бинобарин, мамлакат тақдири шунга боғлиқ.Шунга асосланиб айтиш мумкинки, аёл маънавияти ва оила маънавияти ўхшаш, уйғун, муштарак тушунчалардир. Демак, аллани она сути билан бирга ҳазм қилган, тарбияни оилада олган, маҳаллада чиниққан бола ватан қадрини билади, оила – никоҳ муқаддаслигини англайди. Табиийки, оилавий ажримлар сони кескин камайиб, онгу тафаккурда беназир, тийран нигоҳли инсонлар салмоғи ортади.
"Ҳар бир оила – тадбиркор", "Yoshlar – kelajagimiz" дастурлари оилалар фаровонлигини ошириш, аҳоли, айниқса, йигит-қизларнинг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Жойларда ташкил этилаётган "Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб"лари оилавий муносабатларнинг маънавий-ахлоқий асослари, рўзғор ва бюджетни юритиш, никоҳ муносабатлари, соғлом турмуш тарзи, гендер масалалари, оилавий муносабатларни уйғунлаштириш ва низоларнинг олдини олиш каби масалаларда ёшларнинг билимларини бойитмоқда.
Ҳар биримиз ота ёки она, фарзанд, ака ёки ука сифатида бир муқаддас оила аъзоларимиз. Оиламиз тинчлигини мукаммал асраш ва келажак авлодга етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Конимех туман адлия бўлими бошлиғи Э.И.Файзуллаев