May 15, 2020

“Оила - жамият ва давлат ҳимоясида”

Бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув даврига келиб ҳам Ўзбекистон ўз истиқболи ва келажагини оилани ривожлантириш, уни эъзозлашда, деб билаётгани юқоридаги анъанавий қадриятларимизни янада бойитган ҳолда замонавий, намунали ва фаровон оилани барпо этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан оилани мустаҳкамлаш соҳасига катта эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 18 февраль кунида “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938-сонли Фармонининг қабул қилингани ва Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг дашкил этилганлиги бу соҳада жуда катта қадам бўлди.

Мазкур фармон билан миллий ҳамда маънавий қадриятларимиз асосида ушбу соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган, эътибордан четда қолиб келган муаммолар ечими юзасидан вазирликка бир қанча вазифа ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди.

Вазирликка оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила — соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш вазифаси юклатилганлиги мамлакатимизда бу борада мутлақо янги босқичдаги саъй-ҳаракатлар бошланганидан далолат беради.

Ўз навбатида, умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни таҳлил қилиш асосида замонавий, намунали оила мезонларини белгилаш ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принсипини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш масалаларига комплекс ёндашиш бугунги кунда устувор аҳамият касб этмоқда.

Оиладаги соғлом ва барқарор, осойишта психологик муҳит; юксак маънавий-ахлоқий тарбия; етарли даражадаги иқтисодий ва маиший шароитлар; оила аъзоларининг таълим юналишида олий маълумотлилик даражаси; сиҳат-саломатликка алоҳида эътибор қаратиш замонавий намунали оиланинг асосий мезонлари қаторига киради.

Шу ўринда ҳар қанча аччиқ бўлмасин, очиқ айтиш керакки, кейинги пайтларда халқимизга хос бўлмаган айрим иллатлар — оилавий ажрашишлар, турли низоли вазиятлар, ишсизлик, оиладаги носоғлом муҳит, маънавий тушкунлик, эҳтиёжмандлик, жиноятга қўл уриш ҳолатлари каби омиллар нотинч, ноқобил, кемтик оилалар ва қатор ижтимоий-маънавий муаммоларни пайдо қилмоқда. Айниқса, ажрашишлар сонининг камаймаётгани кишида жиддий ташвиш уйғотади.

Шуни айтиш мумкинки, энг аввало, оила қураётган фуқароларни тегишли қонунчилик асосида эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хусусан, никоҳ шартномасини тузиш тартиблари, шарт-шароитлари, оқибатлари юзасидан ҳуқуқий саводхонлигини ошириш лозим. Бу борада кенг қамровли тарғибот ишларини юритиш, тегишли услубий қўлланмалар яратиш, методик тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Умумтаълим мактабларидан тортиб, олий ўқув юртларининг дастурларигача оила сабоқларини ўргатувчи дарс машғулотларини киритиш фойдадан холи бўлмайди.

Ушбу вазирликнинг ташкил этилганлигидан кўзланган асосий мақсадлардан бири мамлакатимиздаги ҳар бир оиланинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш, оилавий муносабатлар мувозанатини таъминлаш, оила фаровонлигини ошириш, мухтасар айтганда, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда, давлатимизнинг изчил ва барқарор тараққиётига эришишдир.

Ниятим, ҳар бир оила маънавий соғлом, бахтли ва хотиржам ҳаёт кечирсин. Оила бағрида улғаяётган фарзандлар комил инсон сифатида вояга етиб, давлатимизнинг кучига куч, қудратига қудрат қўшаверсин. Зеро, оила жамиятнинг асосий бўғини экан, унинг мустаҳкам бўлиши, фаровонлиги давлатимиз ва жамиятимиз равнақига хизмат қилиши, шубҳасиздир.

 

Хатирчи туман адлия

бўлими бош маслаҳатчиси Аброр Сатторов