Коронавирус пандемияси даврида суғурта ташкилотлари қандай фаолият юритмоқда
Коронавирус инфекцияси бутун жаҳонни эгаллаб олди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда янги коронавирус COVID-19 пандемиясини эълон қилди.
Пандемия [юн. pandemos – ёппасига, халқаро] – эпидемик касалликнинг бир мамлакат, бир неча мамлакат, қитъа ёки континенда ёппасига тарқалиши. Пандемик тарқалиш ҳаво-томчи йўли билан юқиб, инкубацион даври қисқа юқумли касалликларга хос. Грипп касаллиги бунга мисол бўла олади.
Коронавирус деярли барча давлатлар фуқаролари соғлиғига салбий таъсир кўрсатишни бошлади. 2020 йил 10 апрель ҳолатига COVID-19 дан касалланганлар сони 3,148,746 дан ошди. Мазкур касалликдан 218,385 кишига яқин одам вафот этган бўлса, 962,571 киши касалликдан фориғ бўлган.
Коронавирус пандемияси шароитида жаҳон иқтисодиёти ҳам жиддий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Халқаро иқтисодий алоқалар, туризм, меҳмонхона бизнеси, пул ўтказмалари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишдаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятида пасайиш кузатилмоқда.
Маълумки, дунё ялпи ички маҳсулотида суғурта соҳасининг улуши 6,1 фоизни ташкил этмоқда. Коронавирус пандемияси даврида катта зарар кўраётган АҚШда йиғиладиган суғурта мукофотлари ҳажми дунё суғурта бозорининг 25,0 фоизини ташкил этади, шунингдек АҚШда суғурта соҳасининг ЯИМ даги улуши 11,3 фоизга тенг.
Пандемиядан зарур кўраётган Европа давлатларида (Франция, Испания, Германия, Италия ва бошқалар) суғурта соҳасининг ЯИМдаги улуши 8,4 фоизни ташкил этади.
Маълумот учун: Россияда бу кўрсаткич 1,5 фоизни ташкил этса, Қозоғистонда 0,9 фоизни, Арманистонда 0,6 фоизни, Ўзбекистонда 0,4 фоизни ташкил этади.
Коронавирус пандемияси даврида жаҳон иқтисодиёти, жумладан жаҳон суғурта бозори ҳам зарар кўриши табиий хол. Деярли барча давлатларда суғурта ташкилотлари ходимлари асосий ишдан ажралган ҳолда ишлашга (масофавий ишлашга) ўтган.
Суғурта соҳасида энг катта йўқотишлар асосан чет элга чиқувчиларни суғурталаш, туризм бизнеси суғуртасига тўғри келди. Кўп суғурта компаниялари вақтинчалик бу суғурта турлари билан ишлашни тўхтатган бўлса, Axa, Saga ва Staysure каби суғурта ташкилотлари ўз иш стратегияларини ўзгартирди.
Россия суғурта бозорида суғурта компаниялари масофавий иш режимини танлаган. РНПК (Россиянинг миллий қайта суғурта компанияси), «Манго» («Альфа-Групп» — АСН акциядорлари лойиҳаси), «Тинькофф Страхования», «Ингосстрах», «Энергогарант», «ВСК» СУ, «Альфа Страхование» масофавий иш режимига ўтган бўлса, «Росгосстрах», «РЕСО-Гарантия» секин-асталик билан масофавий хизматга ўтмоқда.
Ўзбекистонда 36 та суғурта компанияси мавжуд бўлиб, шундан 28 таси умумий суғурта йўналишида, 8 таси ҳаёт суғуртаси йўналишида фаолият олиб боради. Умумий суғурталаш тармоғида фаолият юритаётган суғурта компанияларининг 20 га яқини мажбурий суғурта турларини тақдим этиб келмоқда.
Ўзбекистон суғурта бозорида асосан чет элга чиқувчиларни суғурта қилиш, аҳоли мол-мулки (иморатлари) суғуртаси турлари сотуви қисман пасайган, бу албатта, халқаро авиақатновларнинг тўхтатилиши ва ходимлар ҳамда суғурта агентларининг пандемия шароитидаги иш режимлари билан боғлиқ.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган суғурта компанияларида ҳам жаҳон суғурта бозори сингари коронавирус пандемияси даврида асосан масофавий хизмат кўрсатишга ўтган.
Суғурта ҳодисалари юзага келганда суғурта компанияларига мурожаат этиш чекланмаган, суғурта компанияларининг веб сайтлари, мобиль иловалар, ижтимоий тармоқдаги каналлари ва бошқа йўллар орқали суғурта компанияларига мурожаат этиш мумкин.
«Кафолат суғурта компанияси» АЖ да 120 дан ортиқ барча суғурта хизматларини онлайн мурожаат орқали сотиб олиш имконияти яратилган.
Компания тижорат банкларидан кредит олаётган тадбиркорларга гаров билан боғлиқ муаммолари юзага келганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5780-сонли фармони асосида кредитларни суғурта қилиш полисларини тақдим этади.
Шунингдек, барча фуқароларимизга ва хўжалик юритувчи субъектларга ихтиёрий ва мажбурий суғурта турлари (Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича (ОСГОР), транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича (халқ тилида «мажбурий автосуғурта») бўйича хизматларни онлайн сотувини йўлга қўйган.
«Кафолат суғурта компанияси» АЖ хукуматимиз томонидан карантин даврининг иқтисодиётга салбий таъсирларини юмшатиш бўйича олиб борилаётган барча саъй-харакатларини қўллаб қувватлаган ҳолда аҳолимизга ва тадбиркорлик субъектларига қўлдан келганича ёрдам беришга тайёр.
Учқудуқ тумани адлия бўлими бошлиғи Й.Эрмаматов