May 8, 2020

Навоий вилоятидан саховат юки жўнатилди

Мамлакатимизда меҳр-шавқат, инсонпарварлик ва холис ёрдам сингари ғояларга қаратилган умумхалқ ҳаракати бугун барчани бир мақсад сари бирлаштирмоқда.

Сардоба сув омборида юз берган ҳодисадан жабр кўрган юртдошларимиз учун мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва бирламчи зарурий буюмлар ортилган автокарвонларнинг охири кўринмайди.

Табиий офатдан жабр кўрганларга кўмаклашиш мақсадида Адлия вазирлиги ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан бошланган “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акциясига Навоий вилоятидан беминнат ҳисса қўшиш мақсадида инсонпарварлик ёрдами шакллантирилди.

Навоий вилояти адлия бошқармаси томонидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилояти бўлими билан биргаликда ушбу ёрдамни шакллантиришда жабр кўрганларнинг биринчи навбатдаги эҳтиёжлари ҳисобга олинди.

Офатдан зарар кўрган аҳоли учун жами 41 млн. сўмлик 23 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, 15 турдаги янги кийим-кечаклар, 12 турдаги гигиеник восита ва бошқа зарур маҳсулотлар ортилган юк машинаси санитария-гигиена қоидаларига асосан бугун Сардоба томон йўл олди.

Хайрия акцияси доирасида Адлия вазирлиги ташаббуси билан бошланган хайрли тадбирнинг мантиқий давоми сифатида Навоий вилоятидан юборилган маҳсулотлар сирдарёликларнинг оз бўлсада оғирини енгил қилишга ўз ҳиссасини қўшади, деган умиддамиз.