July 1, 2021

Аёллар орасида кенг кўламли бирламчи текширишларни амалга оширадиган “Онко-назорат” хоналари ташкил этилади.

🔰 Қарор (ПҚ–5130-сон, 27.05.2021 й.)га кўра, 2022 йил 1 январдан қизлар ва аёллар орасида онкологик касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва эрта диагностика қилиш қуйидаги миллий дастурлар асосида амалга оширилади:

👉 9–14 ёшдаги ўсмир қизларни одам папилломаси вирусига қарши вакцина билан эмлаш;
👉 30–55 ёшдаги аёллар орасида бачадон бўйни ва 45–65 ёшдаги аёллар орасида кўкрак бези саратони скрининги.

🗓 2022 йил 1 январдан туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг “Аёллар маслаҳатхона”лари таркибида мунтазам равишда аёллар орасида кенг кўламли бирламчи текширишларни амалга оширадиган “Онко-назорат” (Cancer-назорат) хоналари ташкил этилади.

✅ 2021 йил 1 июлдан:

👉 гематология, онкология, клиник иммунология, трансфузиология ва шу соҳадаги лаборатория йўналишлари бўйича ёш мутахассисларнинг хориждаги етакчи илмий ва тиббиёт марказлари иш жойларида малака ошириши ва стажировка ўташи билан боғлиқ харажатлар тўлиқ қоплаб берилади;

👉 беморларнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасалари йўлланмалари асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджетидан қопланади;

👉 онкологик ва гематологик беморларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.

🖥 Шунингдек, гематологик, онкологик ва ирсий иммунологик касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида беморларнинг электрон рўйхатини юритиш тизими жорий этилади.