February 25, 2020

Тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва соҳада коррупция ҳолатларини олдини олиш борасидаги тадбирлар самараси

Соғлиқни сақлаш тизимида коррупцияни олдини олиш бўйича ўтказилган Республика идоралараро комиссияси йиғилиши қарори ижроси Фарғона вилоят прокуратураси органлари томонидан алоҳида назоратга олинган.

Назорат тадбирлари давомида:

- Тиббиёт муассасаларида коррупция ҳолатларини олдини олиш ва шаффофликни таъминлаш бўйича 71 та назорат кузатув камералари ҳамда 249 та ахборот бурчаклари ўрнатилиши таъминланди;

- пуллик тиббий хизмат кўрсатишдан тушган пул маблағларининг кирим қилиниши бўйича назорат кучайтирилди, ҳар бир муассасада жамоатчилик назорати ташкил қилинди, кунлик тушум ва сифатли тиббий хизмапт кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди.

Натижада пулли хизмат кўрсатишдан 2020 йил январь ойида 2019 йил декабрь ойига нисбатан 996 млн. сўм кўп пул маблағлари кирим қилинишига эришилди.

Шу билан биргаликда, ўрганишларда айрим тиббиёт муассасалари мансабдор шахслари томонидан пулли хизмат кўрсатишдан тушган пул маблағлари талон-торож қилинганлиги ҳолатлари ҳам аниқланиб, ушбу ҳолатлар юзасидан 2 та жиноят иши қўзғатилди ва жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланди.

- дори-дармон воситаларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан 44,6 млн. сўмлик камомад, 491 млн. сўмлик эҳтиёждан ортиқча воситалар фойдаланилмасдан келинаётганлиги, 7,4 млн. сўмлик дори воситалари мақсадли ишлатилмасдан йўқ қилинганлиги аниқланиб, қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан жойларга 9 та тақдимнома киритилди, 10 нафар шахслар интизомий, 10 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилди.

- аҳолини репродуктив саломатлигини сақлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, юқумли касалликлар ҳар бир туман ва шаҳарда оилавий ҳамда қишлоқ врачлик поликлиникалари кесимида ўрганилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш бўйича жойларга 6 тақдимнома киритилди, 14 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, 582 та юқумли касалликлар ўчоқларида дезинфекция тадбирлари ўтказилди.

- муассасаларда озиқ-овқат маҳсулотларини мақсадли ишлатилиши ўрганилганида, 7,5 млн. сўмлик 188 кг гўшт маҳсулотлари ветеринария маълумотномаси ва хулосаси мавжуд бўлмасдан, 2,3 млн. сўмлик 84 кг озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол муддати ўтган ҳолда сотиб олинганлиги, 2 та тарозилар қиёсловдан ўтказилмаганлиги аниқланиб, ўрганишлар давомида ушбу ҳолатлар бартараф этилиши таъминланди.

- тиббий-меҳнат экспертиза комисиялари томонидан коррупция ва сансалорлик ҳолатларини олдини олиш учун ҳудудда ногиронлик муддати тугаган 743 нафар шахсларга қайта ногиронлик белгиланиши масаласини қонунда кўрсатилган тартибда кўриб чиқиш назоратга олинди.

- муассасаларда фаолият кўрсатувчи ўрта тиббиёт ходимларининг тўлиқ ставкага ўтказилиши юзасидан барча муассасалар томонидан йиллик иш режалари тасдиқланди, амалга оширилган ишлар натижасида 0.25 ставкадаги ходимлар сони 177 нафарга ҳамда 0.75 ставкадаги ходимлар сони 82 нафарга камайтирилишига эришилди.

- 3 та тиббиёт муассасасида штат-смета ҳужжатларининг тўғри тузилганлиги ўрганилиб, 70 млн. сўмлик бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишининг олди олинди.

Бундан ташқари, вилоятда сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган ҳамда руҳий-асаб касалликлари билан “Д” назоратига олинган беморларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларнинг 140 нафари даволаш учун ётқизилиши, 3 582 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди.

Худди шунингдек, 5255 нафар узоқ муддатдан қайтган шахслар тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланиб, уларда аниқланган 5 та ОИВ, 1 та сил, 1 та тери таносил, 221 та бошқа касалликларни даволаш тадбирлари амалга оширилди.

Ҳозирда вилоят прокуратураси органлари томонидан тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва соҳада коррупциянинг ҳар қандай ҳолатларини олдини олиш борасида тадбирлар давом эттирилмоқда.