April 6, 2019

Google'нинг собиқ ходимидан бахтли бўлишни ўргатувчи уч сонияли машқ

Чед-Менг Тан ўз салоҳиятларини ривожлантиришга қизиқувчи кўп кишиларга таниш. Бу инсон хотиржамлик, хурсандчилик ва бахт ҳолатига эришишда ёрдам берувчи оддий ва муҳим асосларни ўргатади. "Лайфхакер" нашри ушбу инсон томонидан ишлаб чиқилган универсал бахт қоидасини нашр қилди.

Чед-Менг Тан — собиқ Google ходими, эндиликда салоҳиятларни ривожлантиришга ўргатувчи таниқли шахс. У ҳар куни кўплаб йирик IT-корпорациялар ходимларига шахс сифатида ўсиш, медитация, эмпатия ва ҳиссий интеллектни ривожлантиришни ўргатади.

Чеднинг сўзларига кўра, у аввал ўзини бахтсиз ҳис қилган, бироқ у буни ўзгартиришга ҳамда яшаб ўтган ҳар бир кунидан хурсандчилик топишни ўрганишга муваффақ бўлган. Чед 25 ёшида ҳаммаси у ўйлаганидек ёмон эмаслигини англаб етган.

Маълум бўлишича, фикрлашни нафақат психотерапия сеанслари орқали, балки махсус машқлар ёрдамида ҳам ўзгартириш мумкин экан. Чеднинг айтишича, бу кичик бўлса-да, бахт ҳиссини туйишга кўмак беради.

Масалан, сиз чанқадингиз, шу боис совуқ сув ичасиз. Бу жуда ёқимли ҳиссиёт, сиз хурсандчилик ва мамнунликни ҳис қиласиз.

Мана шундай кичик бахт ҳисси одатда сезилмайди: бир бўлак севимли шоколадни истеъмол қилиш, иссиқ кўчадан салқин хонага кириш, узоқ кутилган хабарни олиш... Бу жуда ёқимли, ахир!

Мамнунлик ва хурсандчилик ҳисси 2-3 сония давом этади, лекин у кайфиятни кўтаришга ёрдам беради. Агар сиз бу ҳисни сезишни ўргансангиз, бунинг самараси кучаяди.

Чед шундай дейди: "Бахтнинг кичик лаҳзаларини доимо ҳис қилиш мумкин. Уларни сеза бошласангиз, мўъжизалар рўй беради, сиз янада кўпроқ ана шундай онларни бошдан кечирасиз - доим, ҳамма ерда. Энди сиз хурсандчилик ва бахтни ҳар куни ҳис қиласиз".

Бу маслаҳат асосида ётувчи ғоя оддий. Бу ерда биз одатларимизни шакллантирадиган механизм ишлайди. Биз бажараётган ҳаракатлар қанчалик одат тусига кирса, уни ҳаётга татбиқ этиш шунчалик осон бўлади, мияни шунча кам ишлатиш керак бўлади.

"Бахт лаҳзалари" машқи туртки, мунтазамлик ва мукофотдан иборат. Бу уч асос одатни шакллантириш учун зарур.

"Туртки"да ёқимли онлар бошдан кечирилади.

"Мунтазамлик"да сиз бу лаҳзаларни сеза бошлайсиз.

"Мукофот"да хурсандчилик ва бахт ҳисси қамраб олади. 

Машқ медитация билан шуғулланувчи кишилар учун ҳам фойдали. У тажрибадан аввал тўғри ҳолатга киришга ёрдам беради. Чеднинг сўзларига кўра, мазкур машқ бажарилишининг ўзи медитация ҳисобланади. Биз дастлаб атрофимиздаги майда деталларни сеза бошлаймиз, кейин эса - ҳақиқатда кўришга муваффақ бўламиз.

Чеднинг ғоясини тасдиқловчи илмий далиллар ҳам бор. Лойол университети психологлари томонидан ўтказилган кичик тажриба ёқимли лаҳзаларни англовчи 55 ёшдан катта кишиларнинг аксарияти молиявий аҳволи ёки саломатликдаги муаммоларга қарамасдан, ҳаётдан мамнунлик ҳиссини намоён этишганини кўрсатган. Хурсандчилик ҳиссини сеза олмаган кишилар эса ўзларини ёмон ҳис қилишган, бирор бир касаллик эса уларнинг кайфиятини янада тушириб юборган.

Хулоса

1. Кичик хурсандчилик лаҳзаларини сезишни ва қадрлашни ўрганинг.

2. Уларнинг сизга қувонч ва бахт олиб келаётганини ҳис қилинг.

3. Хурсандчилик ҳисси кундалик одатга айланмагунча бу машқни такрорланг.

Манба