October 12, 2020

Самарқандга саёҳат

Ҳукумат қарори билан, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси "Кексалар ҳафталиги” этиб белгилан эди. Шу муносабат билан кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлаш мақсадида Нурота туманидаги бир гуруҳ кекса авлод вакилларини туман ҳокимлиги, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан Самарқанд шаҳридаги қадамжоларга саёҳатлари ташкил этилди.

Нуроталик Нуронийлар Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара мажмуасида бўлишди.

Самарқанд дунёга машҳур, кўпчилик бир кўришни орзу қиладиган Регистон, Бибихоним, Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизр зиёратгоҳлари қаторида бугун Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов мангу қўним топган маскан сифатида ҳам эътироф этилмоқда.

Зиёратчилар қадами узилмайдиган бу жой бугун табаррук масканга айланган. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келаётган юртдошларимиз Ислом Каримов хотирасини ёд этиб, у кишининг Ватан, халқ олдидаги эзгу ишларини эсга олмоқда.

Ҳафталик доирасида Нуроталик кекса фахрийларимиз биринчи Президентимиз буюк давлат ва жамоат арбоби туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуасида бўлишиб, биринчи Президентимиз ҳақларига қуръон тиловат қилинди.

Бибихоним мақбараси

Самарқанднинг кўҳна қисмида, Амир Темур жомеъ масжидининг кунчиқар томонида, бундан олти асрлар илгари барпо қилинган, мўжазгина, асрлар юкидан бели букчайиб қолган бир меъморий обида қад ростлаб турибди. Бу обиданинг гумбази остида Амир Темурнинг суюкли хотини, у билан кўплаб иссиқ-совуқларни бирга баҳам кўрган, зукко, тадбиркор, оқила Катта хоним-Сароймулкхоним-Бибихоним абадий уйқуда ётибди.

Ҳар хил офатлар, қаровсизлик ва асрларнинг залворли юкидан унинг гумбази йиқилиб тушди, аммо бутунлай йўқ бўлиб кетмади. Бибихоним мақбараси ҳақидаги илк тарихий маълумотларни биз 1404 йили Самарқандга ташриф буюрган, Кастилия қироли Генрих III нинг элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг кундаликларидан ўқишимиз мумкин.

Испан элчиси бу ёдгорлик ҳақида: – “Душанба, йигирма тўққизинчи сентябр куни жаноб (яъни, Амир Темур) Самарқанд шаҳрига жўнади ва шаҳарга кириш йўлининг устида жойлашган бир уйга тўхтади. Бу уйни жаноб хотини Канъонинг (Бибихонимнинг онаси) учун қурдирганди. Унинг онаси шу уйнинг ичидаги сағанага дафн этилган. Уй жуда ҳашаматли бўлиб ичи ажойиб безатилган. Уларда уйларни жуда ҳашаматли безатиш одати бўлмаса-да, бу уй ҳашаматли, у ҳали битмаган, ҳар куни иш бормоқда» – деб ёзган эди.

Бу ерда гап Сароймулкхоним-Бибихоним мадрасаси ва унга ёндош қилиб Амир Темур томонидан қайнонаси, яъни, Бибихонимнинг онаси, амир Қозонхоннинг хотини учун қурдирган мақбара ҳақида бораётгани йирик тарихчилар томонидан тан олинган.

Гўри Амир мақбараси

Гўри Амир мақбараси жаҳонга машҳур ва Ўрта Осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатиа эътироф этилади.

Мақбара қурилиши 1403 йилда Амир Темурнинг вориси Муҳаммад Султоннинг вафот этиши муносабати билан бошланган, Мирзо Улуғбек даврида тугалланган ҳамда Амир Темур ва темурийлар хилхонасига айлантирилган. Самарқанднинг диққатга сазавор жойларидан Гўри Амир мақбарасида Соҳибқирон Амир Темур Турон заминининг йирик давлат арбоби, буюк саркардаси дафн этилган.

Темур қудратли давлатни вужудга келтирган. Амир Темур ҳар гал узоқ юришга отланганда давлат пойтахти Самарқандга невараси Жаҳонгир Мирзонинг ўғли Муҳаммад Султонни валиаҳд қилиб қолдирар эди. Гўри Амирга Амир Темур авлодлари дафн этилган. Бу ерда соҳибқироннинг пири Мир Саййид Барака ва Саййид Умарнинг қабри ҳам бор.

Нуронийлар куннинг иккинчи қисмида мана шу мақбарада бўлишиб ўтганлар руҳига қуръон тиловат қилишди.

Имом ал-Бухорий.

Имом ал-Бухорийнинг тўлиқ исмлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизба Жўъфий Бухорийдир.

Имом ал-Бухорийнинг оталари Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим тақводор уламолардан эди. Унинг ҳақида имом Бухорийнинг ўзлари "ат-Тарих ал-Кабир” китобида: "У Ҳаммод ибн Зайдни кўрган ва Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришган эди”, деб ёзганлар.

Имом ал-Бухорий илмли, аҳли фазл ва солиҳ оилада ҳижрий 194 йилнинг шаввол ойидан ўн уч кун қолганда, жума намозидан кейин Бухоро шаҳрида дунёга келдилар.

У киши кичиклик пайтларидаёқ отадан етим қолдилар ва акалари Аҳмад билан оналарининг тарбиясида ўсдилар.

Имом ал-Бухорийнинг болалик йиллари умуман илм талабида ўтди, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Хатиб ўз санади ила қилган ривоятда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ қуйидагиларни айтади: "Мен Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга: "Ҳадис талаб қилишни бошлашинг қандай бўлган?” дедим. "Бошланғич мактаб таълимдалигимдаёқ ҳадис ёдлаш менга илҳом қилинган”, деди. "Ўшанда ёшинг нечада эди?” дедим. У шундай деди: "Ўн ёш ёки ундан озроқ. Ўн ёшдан ўтганимдан кейин мактабдан чиқиб, Дохилий ва бошқалардан дарс олдим. Дохилий бир куни одамларга дарс бера туриб, "Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан”, деди. Мен унга: "Эй Абу Фулон! Абу Зубайр Иброҳимдан қилмаган”, дедим. У мени жеркиб ташлади. Мен унга: "Агар ҳузурингда асл нусха бўлса, қара”, дедим. У ичкарига кириб қаради. Сўнгра қайтиб чиқиб, менга: "Ҳой бола! Қандай эди?!” деди. "Зубайр ибн Адий Иброҳимдан”, дедим. У мендан қаламни олиб, ёзганини тўғрилаб олди ва: "Рост айтасан!” деди. Бухорийдан баъзи асҳоблари: "Ўша Дохилийга эътироз билдирган пайтингда ёшинг нечада эди?” деб сўрашди.

У: "Ўн бир ёшда эдим. Ўн олти ёшга етганимда Ибн Муборак ва Вакиънинг китобларини ёд олдим ва уларнинг гапларини билдим. Кейин эса акам Аҳмад ва онам билан бирга Маккага бордим. Ҳаж қилиб бўлганимиздан кейин акам Аҳмад онамни олиб, ортга қайтди. Мен ҳадис ўрганиш учун қолдим”, деб айтди”.

Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз ҳаётлари давомида кўп маротаба ва том маънода сермаҳсул сафарларда бўлдилар. У киши замоналарида қарийб барча исломий мамалакатларга, баъзи бирларига эса бир неча маротабадан сафар қилдилар.

"Мен Сурия, Миср ва Арабистон ярим оролларини икки марта зиёрат қилдим, деб ёзадилар имом Бухорий. Бир неча марта Басрада бўлдим, олти йил Ҳижозда (ҳозирги Саудия Арабистонида) яшадим, Куфа ва Бағдод шаҳарларида неча марта бўлганимни эслай олмайман”.

Аллоҳ таоло Имом ал-Бухорийга ўткир заковат, кучли ҳофиза ва ҳар бир ишни пухта бажариш қобилиятини берган эди. Ушбу илоҳий неъматларнинг аломатлари у кишининг гўдаклик чоғлариданоқ кўзга ташлана бошлаган эди. Ўн бир ёшли бола бўлатуриб, устозлари Дохилийнинг хатосини тузатганлари ҳам бунга далил.

"Олтин силсила” китобидан.

фото: Мансуров Лутфиёр

НУРОТА ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ