October 12, 2020

Нуротада замонавий кутубхона барпо этилди.

“Китоб мутолаасига ҳавас аввало, оиладан бошланиши, ота-оналар фарзандларида китоб ўқишга меҳр уйғотиши учун ўзлари китобхон бўлишлари лозим”. Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йилнинг 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш,уларни маданият, саньат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот-технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги топшириқлар ижроси юзасидан туманда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 августдаги ВМ-645-сонли Қарорига мувофиқ Нурота туманининг чекка ҳудуди “Истиқлол” МФЙдаги Сойкечар қишлоғида қисқа вақт ичида
“АТ Ипотека” банки томонидан ҳомийлик маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 550 млн сўмни ташкил этувчи замонавий кутубхона барпо этилди.

Кутубхона очилишида Нурота туман ҳокими У.Халилов ҳамда вилоят, туман мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этишди. Тантанали очилиш маросимида иштирок этганларни туман ҳокими табриклар экан, зиё масканида, ёшлар ва аҳолини кенг китобхонликка жалб этишга чорлади.

Ушбу кутубхона 12 мингга яқин бадиий, илмий, публицистик ҳамда соҳага оид турли хил адабиётлар билан бойитилган. Шунингдек, маҳалла аҳолиси ва ёшларини китоб мутолаа қилишлари учун кутубхонада шинам, ёруғ ўқув зали, интернетга уланган АКТ хонаси ажратилганлиги китобхонларга янада кўпроқ қулайликлар ҳамда имкониятлар яратилганлигининг исботидир.

Кутубхона-зиё маскани, китоб билан ошно бўлиш маънавият сарчашмасидир. Муҳтарам Президентимизнинг китобхонлик борасидаги юксак эътиборини ҳар жабҳада кузатиб, фарзандларимизнинг юксак маънавиятли бўлишларида китобнинг ўрни алоҳида салоҳият касб этишини таъкидлар эканмиз, энг аввало оилада, ота-она ибрати билан фарзандларимизни китобхонлик маъданиятини юксалтиришимиз зарурияти туғилмоқда.