March 2, 2020

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ СУДЛАРИ ҲАМДА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ВАКИЛЛАРИ ИШТИРОКИДА СЕМИНАР

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида” 4-сонли қарорининг мақсади ҳамда мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган семинар тадбири бўлиб ўтди.

Сўнгги йилларда судларнинг очиқлиги, ошқоралиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида бир қатор амалий ишлар қилинган. Хусусан, оммавий ахборот воситалари вакилларига судлар фаолияти ҳақида брифинглар, пресс-конференциялар ўтказилмоқда. Ҳар бир судья ойида камида бир марта жойларга чиқиб очиқ мулоқотлар, учрашувлар ва сайёр қабуллар уюштирмоқда. Судларда “Очиқ эшиклар куни” ҳамда “Тадбиркорлар куни” жорий қилинган.

Бугунги кунга қадар судларда шаклланган амалиётидан келиб чиқиб, шунингдек вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида” Пленум қарори қабул қилинди.

Ушбу Пленум қарорининг асосий мақсади суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш, жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратиш, шу билан бирга оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилиши ёки судга бошқача тарзда таъсир этилишини олдини олиш ҳамда процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилишини таъминлашга қаратилган.

Шундан келиб чиқиб, ушбу Пленум қарорининг мақсади ва унинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари вакилларига етказиш ҳамда улар билан судлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Навоий вилоят судларининг ташаббуси билан жорий йилнинг 2 март куни Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судида семинар тадбири ўтказилди.

Семинарда Навоий вилояти судларининг судья ва суд ходимлари, Навоий вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлимларининг раҳбар ва масъул ходимлари, вилоят ва туманлар миқёсидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, шу жумладан журналистлар ҳамда давлат ҳокимияти органларининг матбуот хизмати ходимлари иштирок этишди.

Семинар йиғилишида Жиноят ва Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судлари ҳамда Навоий вилоят маъмурий ва иқтисодий судларининг раислари, шунингдек маъруза учун сўзга чиққан Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси Ш.Ғофуров томонидан Пленум қарорининг мақсад ва вазифалари хусусида тегишли тушунтиришлар берилиб, Пленум қарорига кўра, суд муҳокамаси ошкоралигини, фуқаролар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг судлар фаолиятига доир ахборотдан хабардорлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунларига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, тегишлича, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ҳамда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларида белгиланган тартибда амалга оширилиши тўғрисида маълумотлар беришди.

Семинар қизғин савол-жавоблар тарзида бўлиб, ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга, шу билан бирга билдирилган фикр-мулоҳазаларга  суд раислари ҳамда судьялар томонидан тегишли тушунтиришлар орқали жавоблар берилди.

Навоий вилоят иқтисодий суди.