November 19, 2019

Аёллар спорт фестивали: Навоий вилоятида фестивал натижа ва якунлари

Бугунги кунда аёлларимизнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, уларни иш билан таъминлаш, уларнинг саломатлигини тиклаш борасида қатор шарт-шароитлар муҳтарам юртбошимиз томонидан изчиллик билан амалга оширилмоқда. Ана шу амалларнинг давоми сифатида "Тиббиёт ходимлари куни" муносабати билан соҳада фаолият юритаётган аёллар ўртасида "Аёллар спорт фестивали" жорий йилнинг 19 ноябрь куни Навоий шаҳридаги Ёшлар спорт мажмуасида қизғин кайфиятда бўлиб ўтди.Мусобақа Вилоят ҳокимлиги, Вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ва Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди. Мусобақани Республика "Маърифат" тарғиботчилари аъзоси, Республика хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш гуруҳи раис ўринбосари профессор О.Мусурмонова меҳмон сифатида қатнашиб очиб бердилар. Фестивалда 15 та жамоадан 150 нафар иштирокчилар вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан ташриф буюришди. "Аёллар спорт фестивали" мусобақалари бадминтон, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, дартс ва гимнастрада йўналишлари бўйича бўлиб ўтди. Енгил атлетика спорт тури бўйича мусобақа низомда кўрсатилганидек 25-35 ёш ўртасида 100 метр ҳамда 400 метр масофаларида ўтказилган бўлса, 36 ёш ва ундан катталар ўртасида 100 метр ҳамда 200 метр масофаларида ғолиблар аниқланди. Бадминтон, стол тенниси, шахмат, дартс спорт мусобақалари бўйича эса шахсий биринчиликлар шаффоф тарзда ўтказилди ва аниқланди. Мусобақа якуний натижаларига кўра умумжамоа ҳисобида 1-ўрин НАВОИЙ ШАҲРИ ЖАМОАСИГА 2-ўрин НАВБАХОР ТУМАНИ ЖАМОАСИГА 3-ўрин ҚИЗИЛТЕПА ТУМАНИ ЖАМОАларига насиб этди. Мусобақа ғолибларига ҳомий ташкилотлар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси матбуот хизмати