May 17, 2019

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ АХБОРОТИ

Кеча, 16 май куни ЎзА сайтида эълон қилинган “Самарқандда судьялар кимга хизмат қилади?” сарлавҳали мақола юзасидан

Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 373-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар суднинг қарори қонуний, асосли ва адолатли эканлигини текшириш ҳақидаги шикоят (ариза) билан қонунда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.

Мазкур Кодекснинг 422-моддасига кўра, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан ушбу Кодекснинг 373-моддасида кўрсатилган шахсларгина назорат тартибида шикоят қилиши мумкин.

Мақолага сабаб бўлган меҳнат низоси билан боғлиқ иш бўйича суд қарорларига нисбатан Самарқанд шаҳар 48-умумий ўрта таълим мактаб маъмурияти 2019 йил 27 март куни назорат тартибида шикоят берган бўлиб, Олий суд томонидан фуқаролик иши назорат тартибида ўрганиш учун фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судидан чақиртириб олинган.

Айни пайтда Самарқанд шаҳар 48-умумий ўрта таълим мактабининг шикояти фуқаролик иши билан бирга кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказилган.

Иш судлов ҳайъати суд мажлисида кўрилгач, натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Олий суд матбуот хизмати