March 11, 2020

МАҲАЛЛА АҲЛИ БИЛАН УЧРАШУВ

Бухоро вилояти Шофиркон туман “Тезгузар” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ғиждувон туманлараро иқтисодий суди судья ва ходимлари иштирок этди.

Учрашувда сўз олган Ғиждувон туманлараро иқтисодий суди судьяси Х.Абдуллаев мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгаришлар ва янгиликлар, сўнги пайтда қабул қилинган Президент фармонлари ва қарорлари моҳияти ҳақида фуқароларга тушунтириш берди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди. Қарордан кўзланган мақсад жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқишдан иборат.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги имкониятларини кенгайтириш мақсадида фуқаролар йиғинларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ижтимоий дастурлар, шу жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури, “Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури”, “Yoshlar – kelajagimiz” дастури асосида имтиёзли кредитлар ажратиш масалалари тушунтирилди.

Учрашувда “Баъзи давлат органларининг фаолиятини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни мазмун-моҳияти ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Маҳалла аҳли ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича суд ходимларидан тегишлича жавоб олишди.

 Ғиждувон туманлараро иқтисодий суди