June 5, 2020

Наманганда "Жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтириш" мавзусида вебинар ўтказилди

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови ҳам Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқдир.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, кўплаб янги қонунлар ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4551-сонли Қарори қабул қилинган.

Мазкур Қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди биносида видеоконференцалоқа тизими орқали вилоят, туман (шаҳар) судлари раислари, судьялари, прокуратура ҳодимлари, ИИБ терговчилари, адвокатлар иштирокидаги семинар машғулоти Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига Жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятига бағишланди.

Семинарда сўз олган вилоят суди судьяси И.Усмонов иштирокчиларга юқоридаги Қонун мазмун-моҳиятини тушунтириб, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг иш юритишнинг исталган пайтида ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши ва бу ҳақида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи томонидан имзоланадиган баённома тузилиши ёхуд суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилиши шартлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, терговга қадар текширув ва жиноят ишини тергов қилишда суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан ҳимоячидан воз кечиш жараёни ЖПКнинг 91, 224 ва 225-моддаларига амал қилган ҳолда видеоёзув орқали қайд этилгани ва бу ҳақида тегишли тартибда баённома тузиши, баённома иш материалларида ўз ифодасини топиши керак.

Иш суд мажлисида кўрилишида судланувчи (маҳкум) ҳимоячидан воз кечган тақдирда бу жараён ҳам видеоёзув орқали қайд этилиши, иш материалларига илова қилинадиган компакт дискда сақланиши ҳамда суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилиши лозим.

Жиноят-процессуал кодексининг 217-моддасида суриштирувчи, терговчи, прокурор гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш тарзидаги, суд эса қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллаганда процессуал мажбурлов чораси ҳамда ушлаб турилган жой тўғрисида дарҳол оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига хабар бериши, шунингдек бу ҳақида иш ёки ўқиш жойига маълум қилиши, шахс бошқа давлатнинг фуқароси бўлса бу ҳақида дарҳол Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ҳабар берилиши шарт, хабарноманинг кўчирма нусхаси ишга илова қилинади.

Мазкур Қонун, шахс ҳуқуқини асоссиз чеклашни олдини олишга хизмат қилиб, суриштирув, тергов ва суд жараёнларида қонунларга қатъий амал қилиш мажбуриятини юклайди.

Семинар машғулоти савол-жавобларга бой руҳда ўтиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олдилар.

Давлатмирза Камилов

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг раиси

Илёсжон Усмонов

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг судьяси