February 13, 2020

АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ТИНГЛАНДИ

Қашқадарё вилояти Косон тумани 48-сонли умумтаълим мактабида аҳоли билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Косон тумани маьмурий суди, туман Халқ қабулхонаси, Косон туман ҳокимлиги, туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий химоя килиш маркази, Мажбурий ижро бюроси, давлат хизматлари агентлиги, адлия, соғлиқни сақлаш, электр ва газ таъминоти, банк вакиллари иштирок этишди.

Тадбирга туманнинг “Эсабой”, “Тинибек” ва “Ҳалима” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаролари ҳамда тадбиркорлар таклиф этилди.

Йиғилишни Косон туман Халқ қабулхонаси мудири Ў.Хонкелдиев очар экан, Косон туман маъмурий суди ҳамда Косон туман Халқ қабулхонаси билан хамкорликда аҳоли билан сайёр қабуллар ташкил этилиб, юзага келган муаммолар ва уларнинг ечимини топтириш масалалари юзасидан доимий сайёр учрашувлар ўтказилаётганлиги, бунинг самарасида муаммолар ўз ечимини топаётганлигини таъкидлади.

Тадбирда Косон туман маъмурий суд раиси Э.Эшонбобоев сўз олиб, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Йиғилишда туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси А.Холмўминованинг хотин-қизларнинг тайзиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, адлия бўлими бошлиғи Н.Қодированинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ФХДЁ бўлими мудираси Д.Раҳмонованинг оилавий ҳуқуқий муносабатлар мавзусидаги маърузалари ҳам тингланди.

Тадбир доирасида ташкил этилган сайёр қабулда фуқаролар Я.Худойқулов, Э.Ашуров, С.Мардонов, И.Аминов, Ш.Тўйчиева, Ф.Абдиева, Ж.Эргашев, Т.Сафаров, О.Холиқулов ва Р.Араловаларнинг мурожаатлари эшитилиб, уларга керакли ҳуқуқий тушунтириш берилди. Жойида ҳал қилишнинг имкони бўлган масалалар бўйича тегишли чоралар кўрилди.

 Аброр Абдуллаев,

Косон тумани маъмурий суди судья ёрдамчиси