May 14, 2020

Халқ манфаатлари йўлида

Мамлакатимизда карантин чоралари амал қилаётганига қарамасдан, судлар биринчи навбатда халқ манфаатлари йўлида хизмат қилмоқда. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан суд биноларида, шунингдек, тергов ҳибсхонаси ва жазони ижро этиш муассасалари биноларида сайёр суд мажлисларида карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда, суд процесси иштирокчиларини суд мажлиси муҳокамасига таъминлашнинг имкониятидан келиб чиқиб, жиноят ишлари ва материаллар кўриб келинмоқда.

Фуқароларнинг сарсонгарчилигини олдини олиш, уларнинг вақтини тежаш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида видеоконференцалоқа тизимидан хам унумли фойдаланилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 23 март кунидан 13 май кунига қадар вилоят суди апелляция ва кассация инстанцияларида ҳам карантин қоидаларига қатъий амал қилиниб, судьялар, суд ҳодимлари, иш бўйича тарафлар, судга ташриф буюрган фуқароларнинг иссиғи ўлчаниб, қатъий тартибда дезинфекция ишлари амалга оширилган ҳолда суд мажлислари олиб борилиб, 66 нафар шахсга нисбатан 58 та жиноят ишлари кўриб тамомланди.
Қонунчилигимизда белгиланган инсонпарварлик принципи ва либераллашув жараёни амалда қўлланилиши натижасида 5 нафар судланувчилар томонидан жиноят туфайли етказилган зарарлар тўла қоплангани, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарларнинг давоси йўқлиги инобатга олиниб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазолари енгилроқ жазога ўзгартирилиб, суд залида қамоқдан озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.

Шунингдек, Жиноят Кодексининг 44-моддаси тартибида тайинланиб тўланмаган жарима жазоси озодликдан махрум қилиш жазосига алмаштирилган ва ишни кассация инстанциясида кўриш жараёнида тайинланган жарима суммаси тўла тўлангани сабабли, Ф.Х. хам қамоқдан озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.

Мазкур давр мобайнида туман (шаҳар) судлари томонидан 121 нафар шахсга нисбатан 107 та жиноят ишлари кўрилиб, 79 нафар шахсга нисбатан 67 та жиноят ишлари ҳукм чиқариш билан, 42 нафар шахсга нисбатан 40 та жиноят ишлари ҳаракатдан тугатиш билан якунланиб, 2 нафар шахсга нисбатан 2 та жиноят иши бўйича тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилди. Кўриб тамомланган ишлардан 4 нафар шахс суд залида қамоқдан озод этилди.

Шунингдек, 208 нафар шахсга нисбатан санкция ва материаллар кўрилган. Ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлгани сабабли Жиноят Кодексининг 74-моддаси тартибида 4 нафар шахснинг жазоси енгилроқ жазога алмаштирилиб, қамоқдан озод этилди, 72 нафар шахс Жиноят Кодексининг 73-моддаси тартибида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш мақсадида, тергов ҳибсхонаси ва жазони ижро этиш муассасалари билан ҳамқорликда эҳтиёт чораси қамоқда бўлган судланувчиларга оид ишларни видеоконференцалоқа тизими орқали кўриб чиқиш чоралари кўрилмоқда.

Давлатмирза Камилов, жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг раиси