June 25, 2020

АҲОЛИ МУАММОЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ БУГУННИНГ ДОЛЗАРБ ВАЗИФАСИДИР

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш, давлат органлари ва ташкилотлар томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилишини таъминлашда ўзига хос самарали механизм жорий қилиндики, бу аҳолининг йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини жойида ҳал этилишига имкон яратди.

Аҳоли муаммолари билан ишлаш ҳамда низоларни келиб чиқишини олдини олиш ва судгача ҳал қилиш борасида олиб борилаётган ишларда судлар ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хабарингиз бор Фарғона вилоятининг Сўх туманида бўлиб ўтган воқеалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади, албатта.

Сўх тумани аҳолисининг суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларини бартараф этиш мақсадида, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьялари Э.Исмоилов ва И.Ибрагимов, Сўх тумани маъмурий суд раиси Б.Юлдашевлар Республика ишчи гуруҳ томонидан тузилган штаб таркибига киритилиб, жорий йилнинг 15 июнидан аҳолининг муаммоларини ўрганиш юзасидан сайёр қабуллар ташкил қилиб келишмоқда.

Шу кунгача судьялар томонидан 81 нафар фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилди;

24 нафар фуқароларнинг соҳага оид муаммолари юзасидан аризалари олинди ва суд муҳокамасида кўриш учун тайинланди;

13 нафар фуқаронинг ишлари судда кўриб чиқилиши учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиши тушунтирилди.

44 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, Сўх тумани маъмурий суди биносида 17 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, қонуний қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Энг муҳими, очиқ ўтаётган сайёр қабулларда аҳолини қизиқтирган турли соҳадаги масалалар, жумладан оила ва никоҳ, мерос, ер ва уй-жой низолари юзасидан берилган саволлар бўйича асослантирилган тушунтиришлар берилиб, келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олди олинмоқда.

Судларда кўрилаётган турли хил низолар, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари, бу низоларнинг келиб чиқиш сабаблари, бунда ҳар бир фуқаро томонидан содир этилиши мумкин бўлган низолар ҳам батафсил тушунтирилмоқда.

-Судьялар сайёр қабул билан чекланмасдан туманда яшовчи ногиронлиги бўлган ҳамда кам таъминланган хонадонларга ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олмоқда, - дейди Сўх тумани маъмурий судининг раиси Б.Юлдашев,- мисол учун туманнинг “Ленбур” маҳалла фуқаролар йиғини Ленбур кўчасида яшовчи ногирон Расулжон Мадалиев ҳамда кам таъминланган Лутфилло Лутфиллоевларни хонадонига ташриф буюриб, улар холидан хабар олинди.

Бу каби тадбирлар албатта судларни янада халқ билан яқинлаштиришга, низоларни судгача ҳал этишга, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Элёр Исмоилов,

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси