Наманганда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янада кучайтириш масалаларида давра суҳбати ўтказилди
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашда, фуқароларнинг конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда, жамиятда адолатни қарор топтиришда суд органларининг фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Ўтган уч йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар суд органлари ва судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилди.
Бу ислоҳотлар доирасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Олий суд, шунингдек судьялар мустақиллиги конституциявий принципини амалда таъминлашга қаратилган янги тузилма – Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Судьялар ваколат муддатининг илк беш ва ўн йиллик даври ўтганидан сўнг лавозимда муддатсиз бўлиш тартиби жорий қилинди.
Давлат органлари билан фуқаролар ва юридик шахслар ўртасида вужудга келадиган низоларни ҳал қилувчи махсус маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Ижро ҳокимиятининг судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича вазифа ва ваколатлари Олий судга ўтказилди. Халқ билан очиқ мулоқот қилиш доирасида судлар фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари иштирокида мунтазам брифинглар ўтказиш, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини суд йўли билан ҳимоя қилиш аҳволи ҳамда жиноят, ҳуқуқбузарлик ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатларни келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олиш борасидаги судлар фаолияти юзасидан маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларида ахборот бериш тартибини жорий қилиниши орқали судлар фаолияти шаффофлиги таъминланди. Суд қарорларининг Олий суд веб-сайтида эълон қилиб борилиши, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиниши, қабул қилинган суд қарорларини иштирокчиларга тушунтириш амалиётини йўлга қўйилганлиги фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Шу билан бирга адолатли ва қонуний қарорлар қабул қилинишига тўлиқ эришиш мақсадида одил судловга салбий таъсир ўтказаётган омилларни аниқлаш ва уларни тўлиқ бартараф этиш, суд ҳокимияти нуфузини янада ошириш мақсадида суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш борасида халқ билан очиқ мулоқот ўтказиш, жойлардаги муаммоларни ҳамда амалдаги ҳолатни ўрганиш, суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш, одил судловни амалга оширишга оид қонунларни такомиллаштириш масалалари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Сенат аъзолари, Олий суд судьяси ва судьялар Олий кенгаши аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи таҳлиллар ўтказиш учун Наманган вилоятига ташриф буюришди.
Таҳлилларни бевосита судьялар, суд ходимлари, адвокатлар, адлия органлари, ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ҳамда фуқаролар билан суҳбатлар ва учрашувлар асносида ўтказиш, суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда. Ушбу масалаларни истиқболда тезроқ ҳал этиш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, судлар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Давлатмирза Комилов,
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси