August 28, 2020

А. ШАМСИТДИНОВНИНГ ШИКОЯТИ СУДНИНГ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИДА КЎРИЛАДИ

2020 йил 1 августда Facebook ижтимоий тармоғида А. Шамситдинов ва бошқалар томонидан эълон қилган видеомурожаат юзасидан маълумот

А. Шамситдиновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисмининг “г” банди, 209-модда (мансаб сохтакорлиги) 2-қисмининг “а” банди билан, А. Усмонов Жиноят кодексининг 167-модда 3-қисмининг “г” банди, 207-модда (ҳокимият ҳаракатсизлиги) нинг 1-қисми, 209-модданинг 2-қисми “а” банди билан, К. Исмоилов Жиноят кодексининг 167-модда 2-қисмининг “а”, “б”, “в”, “г” бандлари, 28,209-модданинг 2-қисмининг “а” банди билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинганларга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 391-393-моддалари тартибида жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман судига мазмунан кўриш учун юборилган.

2020 йил 24 март куни жиноят иши Жалақудуқ туман суди иш юритувига олинган.

2020 йил 30 март куни судланувчи А. Усмонов суд мажлисига қатнашишни истисно қиладиган касалликка чалиниб, карантинга олинганлиги сабабли жиноят иши вақтинча ҳаракатдан тўҳтатилган.

2020 йил 27 май куни жиноят иши ҳаракатга тикланиб, кўриш бошланган.

Жиноят иши бўйича 2020 йил 28 июль куни ҳукм эълон қилинди.

Суд ҳукмига кўра А. Шамситдинов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-модда 3-қисмининг “г” банди билан айбли деб топилиб, 1 йил 2 ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш хуқуқидан маҳрум қилиниб, иш хақининг 20 фоизини давлат даромади хисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 2 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосига, А. Усмонов Жиноят кодексининг 167-модда 3-қисмининг “г” банди билан айбли деб топилиб, базавий хисоблаш миқдорининг 15 баравари – 3 040 950 сўм жарима жазосига судландилар.

К. Исмоилов Жиноят кодексининг 167-модда 2-қисмининг “б”, “в”, “г” бандлари билан айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 70-модда (шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш) сига асосан жазодан озод қилинди.

2020 йил 7 август куни судланган А. Шамситдинов томонидан апелляция шикояти келтирилган бўлиб, ушбу шикоят 2020 йил 8 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати