БАНК ХОДИМЛАРИ БИЛАН МУЛОҚОТ
Акциядорлик тижорат “Агробанк” Сирдарё вилояти бошқармаси Боёвут филиали ходимларининг касбий маҳоратини ошириш, қайта тайёрлаш, билим даражасини ривожлантириш мақсадида янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги ҳамда “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонунлари моҳиятини тушунтириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда Боёвут туман прокурори ёрдамчиси Р.Хуррамов, Оқолтин туманлараро иқтисодий суди раиси А.Сувонқулов ҳамда банк филиали ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда 2019 йил 5 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуни, банк акцияларини сотиб олиш тартиби, корпоратив бошқарув, пруденциал талаблар ва риск менежмент, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кредитлаш ва чакана хизматлар жараёнини оптималлаштириш каби янгиликларни ўз ичига олиши тўғрисида тушунтириш берилди.
Шунингдек, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун - банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси бўлган янги Қонунлар тизимдаги муносабатларни мутлақо янги асосда ташкил этиши, банклар барқарорлигини мустаҳкамлаш баробарида замонавий хизматлар кўламини кенгайтириш, валюта бозорини янада эркинлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
2019 йил 1 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонунида тўлов тизимларига ва уларнинг таркибий қисмларига бўлган талаблар, тўлов тизимларини назорат қилиш ва кузатиб бориш, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларини лицензиялаш ҳамда уларнинг фаолиятини тартибга солиш, электрон пул бозорини тартибга солиш, электрон пул эгаларини идентификациялаш тартиби, тўлов тизимларида хавфсизлик ва ахборот муҳофазасини таъминлашга доир нормалар тўғрисида маълумот берилди.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши билан республикамизда тўловларни узлуксиз амалга оширилиши ва инновацион технологияларни кенг жорий қилиниши, шунингдек, тўлов тизимларининг самарали, ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлашга имконият яратилди.
Тадбир доирасида сайёр суд ўтказилиб, унда туман прокуратураси тадбиркор манфаатида судга даъво аризаси киритганлиги, банк фаолиятида сунъий равишда қарздорлик ошиб кетмаслигини олдини олиш чоралари кўрилишини, банк ходимлари ўртасида коррупцияга умуман йўл қўймаслик, таъмагирлик, фирибгарлик каби иллатлардан йироқ юриш лозимлиги таъкидланди.
Улуғбек Шерқўзиев,
Сирдарё вилояти иқтисодий суди катта мутахассиси