KUN.UZ САЙТИДА 2020 ЙИЛ 11 АВГУСТ КУНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “ҚЎШКЎПИРДА ФЕРМЕРГА 49 ЙИЛГА БЕРИЛГАН ЕР БИР ЙИЛДА «ЎЗ АРИЗАСИГА АСОСАН» ЗАХИРАГА ОЛИНДИ - АРИЗАНИ ФЕРМЕР ЁЗМАГАН” САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛАГА ОИД
Kun.uz сайтининг 2020 йил 11 августдаги “Қўшкўпирда фермерга 49 йилга берилган ер бир йилда «ўз аризасига асосан» захирага олинди - аризани фермер ёзмаган” деб номланган мақоласи юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
2020 йил 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси З. Қурбонова томонидан аризачи “Жалолиддин” фермер хўжалигининг Қўшкўпир туман маъмурий судининг 2020 йил 16 мартдаги ҳал қилув қарори ва Хоразм вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2020 йидл 10 июндаги қарори устидан берган назорат шикояти иш ҳужжатлари билан биргаликда ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, аризачи “Жалолиддин” фермер хўжалиги маъмурий судга шикоят аризаси билан мурожаат қилиб, Қўшкўпир туман ҳокимининг 2020 йил 25 январдаги 128к-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Қўшкўпир туман маъмурий судининг 2020 йил 16 мартдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилган.
Хоразм вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 10 июндаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Шикоятда пахта мавсумида фермер хўжалиги раҳбарининг иши кўп бўлганлиги сабабли ҳокимликдаги мажлисларида отаси қатнашиб келганлиги, мажлисларда мансабдор шахс томонидан айтилган сўзлар қаттиқ ботганлиги сабабли туман ҳокими ва прокурори номига фермер хўжалиги раҳбари номидан ариза ёзиб берганлиги, шунга кўра туман ҳокимининг қарори билан ер майдони захирага олинганлиги, фермер хўжалиги раҳбари эканлиги, туман ҳокими номига ариза ёзмаганлиги, лекин судлар томонидан ушбу ҳолатлар инобатга олинмаганлиги кўрсатилган.
Маълум бўлишича, “Жалолиддин” фермер хўжалиги раҳбари Ж. Каримов томонидан туман ҳокимига соғлиги ёмонлашганлиги сабабли фермер хўжалигини юритиб билмаслигини эътиборга олиб раҳбарлик қилаётган “Жалолиддин” фермер хўжалигини тугатишни сўраб ёзган аризаси туман ҳокимлиги ҳузуридаги комиссия томонидан кўриб чиқилиб, уни қаноатлантириш ва фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ер ижараси шартномасини бекор қилиб, 160,5 га ер майдонини туман захирасига қайтариб олиниши тўғрисида туман ҳокимининг қарорини қабул қилиш бўйича 2020 йил 17 январда хулоса берилган. Туман ҳокимининг 2020 йил 25 январдаги 128к-сонли қарори билан “Жалолиддин” фермер хўжалиги раҳбарининг аризаси ва туман ҳокимлиги ҳузуридаги комиссиянинг хулосаси инобатга олиниб, туман ҳокимлиги ва фермер хўжалиги ўртасида тузилган ер ижара шартномаси бекор қилинган ва фермер хўжалигига пахта-ғаллачилик йўналишида фойдаланиш учун ижарага берилган жами 160,5 га ер майдони туман захирасига қайтарилган.
Туман захирасига қайтарилган ер майдони бўйича ўтказилган танловда фуқаро С. Бобожонов танлов ғолиби бўлган. Шунга кўра туман ҳокимининг 2020 йил 18 февралдаги 497к-сонли қарори билан танлов ғолиби С. Бобожоновга фермер хўжалиги ташкил этиш учун ер майдони ажратиб берилган.
Туман ҳокимининг 2020 йил 25 январдаги 128к-сонли қароридан норози бўлган фермер хўжалиги уни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида маъмурий судга ариза берган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 24-моддасининг тўққизинчи қисмига мувофиқ ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 36-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилиниши назарда тутилган.
Фермер хўжалиги ва туман ҳокимлиги ўртасида тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномасини бекор қилиш ва ер майдонини туман захирасига қайтаришга фермер хўжалиги раҳбарининг туман ҳокими номига ёзган аризаси асос бўлган.
Фермер хўжалиги раҳбарининг туман ҳокими номига ариза ёзмаганлиги, унинг номидан отаси ёзганлиги, аризага фермер хўжалигининг мухри қўйилмаганлиги ҳақидаги важлар низолашилаётган туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 67-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Шикоятда келтирилган важлар биринчи инстанция суди томонидан ишни кўриш жараёнида муҳокама қилинган ва уларга баҳо берилган. Биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқлаб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад қилган.
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослилигини текшириб, ишдаги далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, асосли равишда уни ўзгаришсиз қолдирган.
Бундай ҳолатда, назорат шикоятида келтирилган важларга кўра суд ҳужжатларини назорат тартибида текшириш асослари мавжуд эмаслиги сабабли шикоятни судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш лозим бўлади.
Юқоридагиларга кўра, МСИЮтКнинг 168-169, 257-моддаларига асосланиб, судья З. Қурбонова ушбу назорат шикоятини судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажрим чиқарган. Ушбу ажримни бекор қилиш ҳақидаги ариза суд ҳужжати устидан назорат тартибида шикоят қилиш учун белгиланган муддат доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосарига берилиши мумкинлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати