June 12, 2020

ВОЛИДА САЛИМОВАНИНГ МУРОЖААТИГА ОИД

2020 йил 10 июнда YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро В. Салимованинг видеомурожаати юзасидан маълумот

Даъвогар С. Раҳмонова ва З. Раҳмонованинг жавобгар Х. Раҳмонов ва бошқаларга нисбатан “Бойсун туман ҳокимининг 2016 йил 18 ноябрдаги 873-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида”ги фуқаролик иши фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди томнидан 2017 йил 14 февраль кунида сиртдан кўриб чиқилиб, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Суднинг сиртдан чиқарилган мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар В. Салимова сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилган.

Мазкур ариза фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди томонидан 2017 йил 14 март кунида мазмунан кўрилиб, жавобгар В. Салимова томонидан суднинг сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиб қайтадан кўриш хақидаги аризаси қаноатлантирилиб, фуқаролик иши қайта кўришлик учун тикланган.

Ушбу фуқаролик иши фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман судининг 2017 йил 26 майдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилган.

Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар В. Салимова томонидан кассация тартибида шикоят аризаси келиб тушган.

Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди кассация инстанциясининг 2017 йил 27 июлдаги ажримига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман судининг 2017 йил 26 май кунидаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Шунингдек, Бойсун тумани “Пасурхи” маҳалласида яшовчи аризачи Висола Салимова Бойсун туман ҳокимлигига нисбатан туман ҳокимининг 2017 йил 28 ноябрдаги “Бойсун тумани “Пасурхи” маҳалласида яшаган марҳум Саидназар Раҳмоновнинг ер участкаси ва уй-жой, бино-иншоотларига бўлган мулкий ҳуқуқни бериш тўғрисида”ги 1219-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Мазкур иш 2019 йил 27 август куни Бойсун туман маъмурий суди томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, аризачи В. Салимованинг аризаси қаноатлантирилиб, Бойсун туман ҳокимининг 2017 йил 28 ноябрдаги 1219-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Бойсун туман маъмурий судининг 2019 йил 27 августдаги мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан манфаатдор учинчи шахслар Сора Раҳмонова Сора, Зиёда Раҳмонова ва Хуршид Раҳмонов томонидан 2019 йил 15 октябрь куни апелляция шикояти келтирилган.

Апелляция шикояти 2019 йил 21 октябрдаги ажрим билан 2019 йил 8 ноябрь куни соат 10.20 да Сурхондарё вилоят маъмурий суди биносига кўриб чиқиш учун тайинланган.

Апелляция инстанциясининг 2019 йил 8 ноябрдаги ажрими билан иш қўшимча ўрганиш учун 2019 йил 13 ноябрь кунига қолдирилган.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 13 ноябрдаги қарори билан Бойсун туман маъмурий судининг 2019 йил 27 августдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун Қизириқ туман маъмурий судига юборилган.

Ушбу иш бўйича Қизириқ туман маъмурий судининг 2019 йил 23 декабрдаги ҳал қилув қарори билан аризачи В. Салимованинг аризаси қаноатлантиришдан рад этилган.

Қизириқ туман маъмурий судининг 2019 йил 23 декабрдаги ҳал қилув қарорига нисбатан аризачи В. Салимова томонидан 2020 йил 21 январь куни кассация шикояти келтирилган.

Кассация шикояти 2020 йил 30 январдаги ажрим билан 2020 йил 7 февраль куни соат 10.00 да Сурхондарё вилоят маъмурий суди биносига кўриб чиқиш учун тайинланган.

Бироқ, Сурхондарё вилоят суди кассация инстанциясида таркиб (кворум) мавжуд бўлмаганлиги сабабли, мазкур иш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2020 йил 12 февралдаги МИБ-КР-30-20-сонли хати билан Қашқадарё вилоят маъмурий судига юборилган.

Кассация шикояти бўйича ишни кўриш Қашқадарё вилоят маъмурий судининг 2020 йил 24 февралдаги ажрими билан 2020 йил 3 март кунига жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг биносига видеоконференцалоқа режимида кўриш учун тайинланган.

Қашқадарё вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 3 ва 12 март кунларидаги ажрими билан ишни кўриш кейинга қолдирилган.

Қашқадарё вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 19 март кунидаги қарори билан Қизириқ туман маъмурий судининг 2019 йил 23 декабрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, В. Салимованинг кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Иш назорат тартибида кўрилмаган.

Бойсун тумани “Пасурхи” маҳалласида яшовчи аризачи Сора Раҳмонова жавобгар Бойсун туман ҳокимлигига нисбатан туман ҳокимининг 2019 йил 16 октябрдаги “Бойсун тумани “Пасурхи” маҳалласида яшаган марҳум Мирбек Раҳмоновнинг участкасидаги уй-жой, бино-иншоотларига бўлган мулкий ҳуқуқни тан олиш тўғрисида”ги Қ-4071-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Мазкур иш 2020 йил 16 январь куни Шеробод туман маъмурий суди томонидан иш юритишга қабул қилиниб, ишни кўриш 2020 йил 21 январь куни соат 10.00 да Шеробод туман маъмурий суди биносига тайинланган.

Шеробод туман маъмурий судининг 2020 йил 21 январдаги ажрими билан Қизириқ туман маъмурий судининг 2019 йил 23 декабрдаги ҳал қилув қарорига нисбатан аризачи В. Салимованинг кассация шикояти бўйича иш юритилаётганлиги сабабли мазкур иш бўйича иш юриш тўхтатилган.

Хозирда мазкур ишни мазмунан кўриш тикланмаганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати