March 12, 2020

САЙЁР СУДДА АЛИМЕНТЧИ ОТАЛАР ИШИ КЎРИЛДИ

Жиноят ишлари буйича Қумқўрғон туман суди томонидан Мажбурий ижро бюросининг Қумқўрғон туман бўлимида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

Сайёр судда вояга етмаган фарзандлари учун алимент қарзларини тўламаётган шахслар кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан айбланган шахсларга оид 4 та жиноят иши кўриб чиқилди.

Суд жараёнида иши кўрилган оталар фарзанди олдидаги бурчларини адо этмасдан, алимент пулларини ўз вақтида тўламаганликлари учун ўн беш сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилган. Бироқ, улар бу жазодан ҳам тўғри хулоса чиқармай, тўланиши лозим бўлган маблағни қасдан тўламай, бўйин товлаб келган.

Суд жараёнида кўрилган масалалар атрофлича муҳокама этилиб, уларга нисбатдан тегишли жазо тайинланди.

Хусусан, 1 нафар шахсга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, яна бир отага озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса, алимент қарздорлигини қоплаганлиги учун бир нафар айбланувчи жазодан озод қилинди.

Алимет тўлашдан қочиб, яшириниб юрган яна 1 нафар отага нисбатан қидирув эьлон қилинди.

Яшин Ниёзов,

Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон тумани суди раиси