БУХОРО ВИЛОЯТИ СУДЛАРИ РАИСЛАРИ АХБОРОТИ ТИНГЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги
“Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 1-бандида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан матбуот анжуманлари ўтказиш белгиланган.

Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қисқа фурсатда фуқароларнинг судга бўлган ишончи мустаҳкамланди. Жойларда маъмурий ва иқтисодий судлар ташкил этилгани ҳам фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини оширди.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судида ўтказилган матбуот анжуманида вилоятда фаолият юритаётган судлар раислари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар иттифоқи, “Нуроний” хайрия жамоат фонди, ўзини-ўзи бошқариш органлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Матбуот анжумани ўтказишдан асосий мақсад - судларнинг фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликни тўлиқ хабардор қилиш, бу орқали суд ҳокимияти органларига ишончни оширишдан иборат, - дейди жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди раиси Қ.Яхшимуратов.

Тадбирда вилоятнинг жиноят, фуқаролик ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлари раислари суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилинган янги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, судлар томонидан ўтган 2019 йил давомида кўрилган ишларнинг умумий таҳлили, шунингдек, иш тоифалари таҳлили юзасидан ахборот беришди.

Хусусан, ўтган 2019 йилда вилоят жиноят судлари томонидан 1857 нафар шахсга нисбатан 1477 та жиноят иши кўриб тамомланган. Бу ўтган йилга нисбатан 23 фоизга камайганлигини англатади. Шунингдек, 492 нафар шахсга нисбатан 456 та жиноят иши ҳаракатдан тугатилиб, 3 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган.

Матбуот анжуманида фуқаролик судлари фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят судлари томонидан 2019 йил давомида жами 11 минг 415 та ишлар мазмунан кўрилиб ҳал қилинган. Шундан 9.785 та иш ёки 85,7 фоизи бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган. 676 та иш ёки 5,9 фоизи ишлар ҳаракатдан тугатилган. 954 та иш ёки 8,3 фоизи кўрмасдан қолдирилган. Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар бўйича жами кўриб тамомланган 2 минг 537 та иш бўйича 994 та иш ёки 39,1 фоизи бўйича тарафларни яраштириш ёки даъво талаби асоссиз бўлганлиги сабабли рад қилиш орқали оилаларни сақлаб қолишга ҳаракат қилинган.

Бухоро вилоят маъмурий судлари томонидан мазкур даврда
29 минг 568 нафар шахсга нисбатан 23 минг 307 та маъмурий ишлар судларда кўриб тамомланган. Шундан 13 минг 155 та иш ёки 56,4 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган. 14 минг 826 та маъмурий ишлар бўйича 17 минг нафардан ортиқ шахсга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган. Шундан 13 минг 424 та маъмурий иш бўйича 15 минг 496 нафар шахсга нисбатан 16,2 млрд. сўмлик жарима жазоси, 70 та маъмурий иш бўйича 72 нафар шахсга нисбатан махсус ҳуқуқдан махрум қилиш, 1.322 та маъмурий ишлар бўйича 1.428 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ, 10 та маъмурий иш бўйича 13 нафар шахсларга нисбатан жазо қўлланилиб, Ўзбекистон Республикасидан депортация қилинганлиги, ҳуқуқий мавзуларда корхона, муассаса, ташкилот ва аҳоли ўртасида 492 марта тарғибот ишлари ўтказилганлиги таъкидланди.

Бухоро вилоят иқтисодий судлари томонидан 2019 йил мобайнида Бухоро вилоят ҳамда туманлараро иқтисодий судларига жами 10 минг 340 та даъво ариза келиб тушган. Шунинг 83 таси қабул қилиш рад этилган, 1469 таси қабул қилмасдан қайтарилган. Кўрилган даъво ариза (ариза)ларнинг 6 минг 269 таси бўйича даъво талаби қаноатлантирилган. 977 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилганлиги ҳақида маълумот берилди.

Матбуот анжуманида Бухоро вилояти судлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ўрнатилганлиги алоҳида таъкидланди.

 Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди