February 7, 2020

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДЛАРИ РАИСЛАРИ АХБОРОТ БЕРДИ

Суд органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш мақсадида Судьялар олий мактабининг мажлислар залида Тошкент шаҳрининг жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича судлари раислари томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда суд раислари 2019 йил якунлари бўйича фаолиятининг таҳлил натижалари ҳамда шу давр мобайнида одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ ишлари ҳақида ахборот бердилар.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси Б.Исламовнинг маълумотига кўра, Тошкент шаҳрида умумий жиноятлар сони 430 тага ёки 6,02 фоизга камайган.

Кўриб тамомланган 3.781 та иш бўйича 5.107 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган, 962 нафар шахсга нисбатан
918 та ишлар тугатилган, шундан 889 нафар шахсга нисбатан 866 та иш тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган, 188 нафар шахсга нисбатан оқлов қарорлари чиқарилган.

Муқаддам судланган шахслар томонидан жиноят содир этиш 19,0 фоизга, гуруҳда жиноят содир этиш 27,1 фоизга, аёллар томонидан жиноят содир этиш 17,3 фоизга, вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этиш 6,6 фоизга ва ёшлар томонидан жиноят содир этиш 11,9 фоизга камайган бир пайтда, қасддан одам ўлдириш жинояти Мирзо Улуғбек туманида 5 тага, Яккасарой туманида 2 тага, қасддан баданга оғир шикаст етказиш Чилонзорда 3 тага, талончилик Юнусобод туманида 8 тага, Учтепада 4 тага, босқинчилик Чилонзор туманида 6 тага, Юнусобод туманида 1 тага, ўғрилик Яккасарой туманида 4 тага, Сирғали туманида 1 тага , транспорт воситасини олиб қочиш Яшнобод туманида 1 тага, Чилонзор туманида 4 тага, безорилик Учтепа туманида 9 тага ортган.

Пойтахтнинг жами 506 та маҳаллаларидан 429 тасида жиноятлар содир этилган. 74 та маҳаллаларда жиноят содир этилмаган.

Анжуманда фуқаролик судлари томонидан ўтган 2019 йилда амалга оширилган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Бу ҳақда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари У.Алмамедов маълумот берди.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан ўтган йили фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар туманлараро судлари томонидан жами 29 минг 468 та фуқаролик иши кўриб тамомланган. Ўз навбатида, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2019 йилда суд буйруғи тартибида 10 минг 430 та аризалар тамомланган бўлиб, 2018 йилда бу кўрсаткич 67 175 тани ташкил этган. Туманлараро судлари томонидан кўриб чиқиб, тамомланган фуқаролик ишларининг 25 минг 662 таси бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 21 минг 249 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 4 минг 413 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад қилиниб, 1067 та фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган ва 2 м инг 739 та фуқаролик иши бўйича даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 2019 йил давомида 35 та фуқаролик иши тамомланган бўлиб, шуларнинг 24 таси бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, 18 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 6 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад қилиниб, 3 та фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган ва 8 та фуқаролик иши бўйича даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган. 2019 йил давомида шаҳар суди апелляция инстанциясида 1322 та иш кўрилиб, шундан 217 та ёки 16.4 фоиз суд қарорлари бекор қилинган ва ўзгартирилган.

Тошкент шаҳар иқтсодий суди раиси Л.Абдуллаевнинг маълумот беришича, иқтисодий судларининг ўтган йил фаолиятининг таҳлил натижаларига кўра, судларга жами 34 минг 705 та ариза ва даъво аризалар келиб тушган. Шундан 26 минг 244 та ариза ва даъво аризалар иш юритувга қабул қилинган. 8.212 тасини қабул қилиш рад этилган ва қайтарилган, 26 минг 428 та даъво аризалар мазмунан кўриб чиқилган. Кўрилган ишларни 9.061 таси, яъни 34 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Кўрилган даъволар бўйича даъвогарлар фойдасига, жами 3 трлн. 175 млрд. 043 млн.сўм маблағларни ундириш бўйича ижро варақалар берилган. Шунингдек, 101 млрд. 853 млн. 837 мин. сўм давлат божини бюджетга ундирув бўйича ижро варақалар берилган. Бундан ташқари, тарафлар томонидан республика бюджетига 15 млрд. 228 млн. сўм давлат божи ихтиёрий тўланган. Мазмунан кўрилган иқтисодий ишларнинг иш тоифалари бўйича ажратилганда фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари бўйича 15 минг 442 та, маъмурий ҳуқуқий муносабатлари бўйича 10 минг 584 та, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга доир кўрилган ишлар 6 та, ташкилотлар ва фуқароларни банкротлигига оид муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар 290 та, корпаратив ҳуқуқий муносабатлар бўйича эса 106 тани ташкил этади.

Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Неъматжон Акбаров судлар томонидан аҳолини ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилаётганлигини, жумладан, корхона, ўқув муассасалари ҳамда аҳоли ўртасида давра суҳбатлари, семинарлар ва очиқ мулоқотлар ўтказилаётганлигини такидлаб ўтди. Бинобарин, Тошкент шаҳар ва туман судларига 2019 йил давомида жами
74 минг 241 нафар шахсга нисбатан 66 минг 690 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар биринчи босқичда кўриш учун келиб тушган, шундан сайёр суд мажлисларида 29 минг 308 та ёки 44.6 фоиз маъмурий ишлар кўрилган.

Судлар томонидан мурожаатларни қонуний ва сифатли ҳал этилиши ва уларни такроран келиб тушишининг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, доимий таҳлил этиб борилиши ҳамда аниқланган хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этилиши белгилаб қўйилган.

Брифинг якунида журналистлар ва судьялар олий мактаби тингловчилари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, жамоатчилик вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати