М. ЮЛДАШЕВАНИНГ БИЛДИРИШИГА ОИД
2020 йил 27 август куни Facebook ижтимоий тармоғида фойдаланувчи Малохат Юлдашева томонидан эълон қилинган билдириш юзасидан
(Суд мажлиси 14:00 га қолдирилганлиги, бироқ бошланишига бир соат қолганда суд икки кунга қолдирилганлиги хабар берилганлиги ҳақидаги важига)
Бундан ҳолат бўлмаган, ўзини блогер деб таништирган М. Юлдашева айнан 2020 йил 18 август кунидан судда иштирок этишини сўраган.
(Икки кундан сўнг соат 12:00 да бошланиши лозим бўлган суд мажлиси соат 14:15 га кўчирилганлигини соат 13:10 да билганлиги, судьялар ўз ташвишларини рўкач қилиб, ўзганинг вақтини елга совуришлари ҳақидаги важига)
2020 йил 18 август куни соат 12:00 га белгиланган суд мажлисида бошқа жиноят иши бўйича кетма-кетлик билан суд терговлари ўтказилаётганлиги сабабли соат 13:20 га қадар давом этди. Сўнг шу вақтда тарафларни чақириб, улардан иш ҳажми кўплиги юритувдаги ишлар бўйича тўлиқ суд тергови ўтказилаётганлиги муносабати билан вазият тақозоси билан уларга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра судни ўз вақтида бошланиши имконияти бўлмаётганлиги ҳақида улардан узр сўраб, хусусан, ўзини блогер деб таништирган аёлга (М. Юлдашевага) самимий ҳушмуомила билан тушунтирилиб, тушлик қилиб келишларини ва суд мажлисини 14:15 да давом эттиришлари билдирилди. Сўнг соат 14:15 да судланган И. Калонов, унинг адвокати О. Соатов ва тарафлар суд мажлисига киришганда ўзини блогер деб таништирган аёл киши суд мажлисида қатнашишини билдирди.
(Судьяларнинг хозир бўлган журналистларни обдон суриштириши ҳақидаги важига)
Ундан шахсига ва фаолиятига доир ҳужжат сўралганда, “блогерда ҳужжат бўлмайди” - деб ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилмади, очиқ суд мажлиси бўлганлиги сабабли унга суд мажлисида иштирок этишига рухсат берилди. Шу куни судланган И. Калонов ва гувоҳ А. Раимов сўроқ қилинди ва суд мажлиси 2020 йил 25 август соат 10:30 га қадар танаффус эълон қилинди.
(Бир ҳафталик танаффусдан сўнг соат 10:30 даги суд мажлиси соат 16:00 га кўчирилганлиги ва судьялар суд мажлисига соат 16:46 да кириб келишганлиги ҳақидаги важига)
Шу куни соат 10:30 да суд мажлисига тегишли тартибда чақирилган гувоҳ М. Чориева видеоконференцалоқа тармоғи орқали боғланиш учун Қашқадарё вилоят судига етиб келмади. У билан телефонда боғланиб, чақирувга биноан келмаслик сабаби сўралганда, гувоҳ М. Чориева суд чақирувига биноан профилактика инспектори томонидан келиши ҳақида огоҳлантирилганлиги, бироқ “орадан 8 йил ўтиб кетди, прокуратура ҳам менга телефон қилди, қизиқяпти нима учун боришим керак экан” деб судга келишдан бош тортди. Шундан сўнг унга қулай бўлиши учун яшаш жойи бўйича жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судига келиши ва видеоконференцалоқа тармоғи орқали сўроқ қилиниши лозимлиги, суд чақирувига биноан келиши зарурлиги, акс ҳолда суд томонидан уни узрсиз сабабларга ҳозир бўлмаган тақдирда, мажбурий тартибда келтирилиши мумкинлиги тушунтирилди. Шундан сўнг гувоҳ М. Чориева фақат соат 16:00 да вилоят судига келиши мумкинлигини айтганлиги сабабли, суд мажлиси шу вақтга қолдирилиб, бу ҳақда тарафларга вазият тушунтирилиб, соат 16:00 га қадар танаффус эълон қилинди. Бироқ, гувоҳ М. Чориева соат 16:00 да вилоят судига ҳозир бўлмади. У билан яна телефон орқали боғланган вақтда гувоҳ адашиб, фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судига бориб қолганлиги маълум бўлди. Гарчанд, фуқарога аниқ ва равшан қилиб, жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судига келиши маълум қилинган, бу ҳақда чақирув қоғозида ҳам мавжуд. Шу сабабли, ишни кўриш, гувоҳ М. Чориева жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судига етиб келиши билан соат 16:45 да бошланди ва суд мажлисида Қашқадарё вилоят суди видеоконференцалоқа тармоғи орқали гувоҳ М. Чориева сўроқ қилинди.
(Суд тизими фаолиятидаги ютуқ дея, И. Калонов гувоҳ билан видеоконференцалоқа орқали боғланишдаги техник носозликлар ҳақидаги важига)
Шу жараёнда вилоят судида видеоконференцалоқа банд бўлиб Zoom тармоғига уланганлиги, сўнг техник носозлик узилишлар юзага келганлиги сабабли Қашқадарё вилоят суди ходимлари томонидан гувоҳ М. Чориева яқин манзилда жойлашган Қарши шаҳар суди биносига юборилиб, ўша жойдаги видеоконференцалоқа тармоғига улаб бериш имкони яратилди. Шу тариқа гувоҳ М. Чориева сўроқ қилинди.
(Суд мажлисида асоссиз равишда телефон ва сумкаси ташқарида қолдирилганлиги ҳақидаги важига)
Шу жараёнда суд мажлисида ўтирган ва ўзини блогер деб таништирган ҳужжатлари бўлмаган М. Юлдашева рухсат берилмаган бўлса-да, ўз телефонидан фойдаланаётгани аниқланиб, унга телефондан фойдаланмаслик ва шу билан бирга сумкасини (ичида овоз ёзув мослама бўлиши мумкинлиги сабабли) ташқарида қолдириш таклиф қилинди.
Шундан сўнг яна бир нафар гувоҳ сўроқ қилиниб, суд мажлиси 2020 йил 27 август соат 16:00 га қадар танаффус эълон қилинди. Шу куни суд мажлиси бошланиб, тарафлар музокараси эшитилди. Кассация инстанцияси маслаҳатхонага кирганидан кейин ҳужжатсиз ҳолда ўзини блогер деб таништирган фуқаро М. Юлдашева суд биносида ўз ҳаракати билан касбига хос бўлмаган ахлоқсизлик қилиб, беадаблик билан ишда қатнашган ва ҳукмни ўзгаришсиз қолдиришни сўраган прокурорга нисбатан “ўзи И.Калоновни ўрнида сен бўлишинг керак эди, ўлиб кет, агар И.Калонов оқланмаса буни бутун дунё билади”, - деб баланд овоз билан бақирди. Шундан сўнг судланган И. Калоновнинг адвокати О. Соатов фуқаро М. Юлдашевага суд биносида бундай қилмаслик ҳақида эътироз билдирди. Шу жараёнда суд мажлиси котиби М. Юлдашевани тинчланиб, сукут сақлашини, бинода видеокамера ўрнатилганлигини маълум қилди. Шундан сўнг кассация инстанцияси маслаҳатхонадан чиқиб, қарор эълон қилиниб, суд қандай далилларга асосланиб, И. Калоновга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирилганлиги ҳақидаги хулосасини батафсил ва тўлиқ тушунтириб ўтди. Шундан сўнг тарафлар суд зилидан чиқиб кетаётган вақтда ўзини журналист ва блогер деб таништирган ва ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилмаган фуқаро М. Юлдашева судга ҳурматсизлик билдириб, ўз касбига хос бўлмаган беадаблик билан баланд овоз чиқариб, “виждонларинг қийналмадими”- деб сенсираган ҳолда бақириб суд залидан чиқиб кетди.
Гарчанд, М. Юлдашеванинг (агар ҳақиқатдан ҳам журналист ёки блогер ҳисобланса) аввало ўз касбига, прокуратура ва одил судловга нисбатан содир этган мазкур қилмиши юзасидан унга тегишли чора кўрилиши лозим бўлган бир пайтда, М. Юлдашеванинг жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясига нисбатан “Facebook” ижтимоий тармоғида ифода этилган мурожаати асосли эмаслигидан ва унинг судларнинг ҳаракатлари фуқароларни ортиқча сарсон қилиш, судьялар ўз ташвишларини рўкач қилиб, ўзгаларнинг вақтини елга совуриш судьяларнинг одоб меъёрларига тўғри келмаслиги ҳақида ёритганлари суд тизимини обрўсизлантириш мақсадида асли ҳолатнинг акси бўрттириб кўрсатилганлигидан далолат беради.
Маълумот учун:
жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2012 йил 12 январдаги ҳукмига кўра, И. Калонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а», «в» банди билан айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил прокуратура органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади фойдасига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган;
жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2020 йил 27 августдаги ажрими билан И. Калоновга нисбатан жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2012 йил 12 январда чиқарган ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати