КАРАНТИНДА ҚОНУННИ БУЗГАНЛАР...
Ҳозирги кунда ўрнатилган карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, мақсадсиз кўчага чиқмаслик, жамоат жойида тиббий ниқоб тақиб юриш юртимизнинг ҳар бир фуқаросининг бурчи. Бунда фуқаролар нафақат ўз соғлиғини асрайди, балки ҳозирги вақтда кенг тарқалаётган коронавирус инфекциясини жиловлашга ҳам ўз ҳиссасини қўшади.
Афсуски, айрим фуқаролар белгиланган талабларга амал қилмай турли ҳуқуқбузарликларни содир этмоқдалар.
Яқинда Асака тумани маъмурий судида карантин талабларини бузган бир неча фуқаролар иши кўриб чиқилди.
Мисол учун 1980 йилда Асака туманида туғилган. 2 нафар фарзандли У.Набиева (исм-шарифи ўзгартирилган) жорий йил 8 апрель куни ўзига нотаниш бўлган фуқаро С.К билан вақтинчалик ижрага олинган ҳонадонда интим муносабатга киришмоқчи бўлган пайтда ИИБ ҳодимлари томонидан ушланиб, холат расмийлаштирилиб, судга тақдим этилган.
Суд, ҳуқуқбузарга жазо тайинлашда айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, қарамоғида вояга етмаган 2 нафар фарзанди борлиги, оилада ягона боқувчи эканлиги айбини енгиллаштирувчи ҳолатлар, карантин қоидаларини бузиб, фоҳишалик билан шуғулланиши эса жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолаб, унга нисбатан қонун санкциясида кўрсатилган жарима жазоси тайинлашни лозим топди.
Ёки 1988 йилда Асака туманида туғилган, муқаддам маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган Мансур Қурбонов 12 апрель куни тунги соат иккиларда жамоат жойи ҳисобланган, Асака тумани, Маркаюз МФЙ, Соҳилбўйи кўчасида бўла туриб, карантин ва инсон учун ҳавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузган ҳолда, қўшниси Н.Расуловга бақир-чақир қилиб, турли уятли сўзлар билан сўкиб, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузганлиги ҳамда дераза ойнасига тош отганлиги аниқланган.
Суд мажлисида сўроқ қилинган ҳуқуқбузар айбига тўлиқ иқрор бўлди.
Суд М.Қурбоновга МЖтКнинг 183-моддаси ва 54-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топиб,унга нисбатан МЖтКнинг 183-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Яна бир қоидабузар Ҳалимжон Тўйчиев 7 май куни жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда ушланган. У илгари ҳам худди шундай ҳуқуқбузарлик содир этгани маълум бўлди.
Суд мажлисида сўроқ қилинган ҳуқуқбузар Х.Тўйчиев айбига иқрор бўлиб, ҳақиқатдан ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилгани, бундан олдин ҳам профилактика инспектори томонидан жазога тортилгани, ҳозирда қилмишидан пушаймонлиги, қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатма берди.
Суд, ҳуқуқбузарнинг айби иш бўйича тўпланган далиллар, ариза, ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, гувоҳларнинг тушунтириш хатлари ҳамда ишдаги бошқа аҳамиятга эга бўлган хужжатларида тўпланган далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топган деб ҳисоблади.
Ҳ.Тўйчиевга МЖтКнинг 54-моддаси ва 187-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топиб, МЖтКнинг 54-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима ҳамда МЖтКнинг 187-моддаси 2-қисми билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Раислик этувчи томонидан ҳуқуқбузарларга суд чиқарган қарордан норози бўлган тақдирда қарор нусхасини олгандан сўнг икки ой муддат ичида шу суд орқали Андижон вилоят маъмурий судига кассация тартибида шикоят бериши, прокурор эса протест келтириши мумкинлиги батафсил тушунтирилди.
Баҳром Бердиев,
Асака тумани маъмурий суди раиси