September 10, 2020

О. ҚЎЧҚОРОВАНИНГ МУРОЖААТИГА ОИД

2020 йил 5 сентябрь куни “Озодлик” радиосининг Telegram-каналида эълон қилинган “Корея фуқароси билан бир кун ҳам эр-хотин бўлиб яшамадик, аммо суд ажримни рад этяпти” сарлавҳали хабар юзасидан маълумот

Даъвогар Осиёхон Қўчқорова ишончли вакили М. Юлдашев орқали судга жавобгар Сео Жонгдога нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда ўрталарида қайд этилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг 2020 йил 8 июлдаги ажримига билан даъвогар вакили М. Юлдашев ушбу даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни сўраб ариза берганлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 122-моддаси (аризани кўрмасдан қолдириш асослари) 9-бандига асосан О. Қўчқорованинг даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.

Даъвогар О. Қўчқорованинг ишончли вакили М. Юлдашев 2020 йил 16 июлда судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда фуқаро Сео Жонгдо билан ўрталарида 2017 йил 5 декабрда қайд этилган никоҳдан ажратишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг 2020 йил 13 августдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар О. Қўчқорованинг даъво талаби рад қилинган.

Суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан даъвогар О. Қўчқорованинг ишончли вакили М. Юлдашев томонидан апелляция шикояти берилган бўлиб, мазкур шикоятни фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди апелляция инстанциясида кўриш 2020 йил 16 сентябрь кунига тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 374-моддаси (суд ҳужжатининг қонуний, асосли ва адолатли эканлиги юзасидан текширув қўзғатиш) 1-бандига кўра, суд ҳужжатининг қонуний, асосли ва адолатли эканлиги юзасидан текширув қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикояти ёки апелляция протести бўйича қўзғатилади.

Қайд этилган қонун талаблари асосида ҳозирги кунда даъвогар О. Қўчқорованинг ишончли вакили М. Юлдашев томонидан суд қарорига нисбатан апелляция шикояти берилганлиги сабабли унинг қонунийлигига вилоят суди апелляция инстанцияси томонидан баҳо берилади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати