August 27, 2020

«АЗАМАТ КЕЛАЖАГИ» ХУСУСИЙ КОРХОНАСИ ИШИГА ОИД

2020 йил 6 августда YouTube тармоғида А. Эшанов ва М. Эшанова томонидан эълон қилинган видеомурожаат юзасидан маълумот

Даъвогар АТ «Халқ банки» Иштихон филиали жавобгар «Азамат келажаги» хусусий корхонаси ва қўшимча жавобгар А. Эшановга нисбатан кредит қарзларини муддатидан олдин ундириш ва гаров мулкининг бошланғич баҳосини белгилаш тўғрисидаги даъво аризаси билан 2018 йил 2 апрель куни фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судига мурожаат қилган.

АТ «Халқ банки» Иштихон филиали билан «Азамат келажаги» хусусий корхонаси ўртасида 2017 йил 18 октябрь куни 913-сонли кредит шартномаси тузилган. Унга кўра, банк маблағи ҳисобидан бир йил муддатда қайтариш шарти билан 100 000 000 сўм миқдорида 24 % банк устамаси тўлаш шарти билан, паррандачиликни ривожлантириш мақсадида паррандаларга омухта-ем маҳсулотлари сотиб олиш учун 12 ой муддатга кредит маблағи ажратилган.

Ушбу кредит маблағларини келгусида қайтмаслик хатарини олдини олиш мақсадида, қўшимча жавобгар А. Эшановга тегишли бўлган Иштихон шаҳри “Ўзбекистон” МФЙ Қурувчи кўчасида жойлашган умумий майдони 450,00 м2 бўлган офис ва маҳсулот сақлаш омборхонаси биноси гаровга қуйилган.

2017 йил 17 октябрдаги гаровга қўйилаётган мулкларнинг баҳосини келишув далолатномасига кўра, ушбу омборхона биноси 125 000 000 сўмга баҳоланган.

Банк томонидан огоҳлантириш хатлари берилган бўлишига қарамасдан жавобгар «Азамат келажаги» хусусий корхонаси томонидан юқорида қайд этилган сумма ва фоизлари ўз вақтида тўламасдан келган.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси АТ «Халқ банки» Иштихон филиали манфаатини кўзлаб, суддан жавобгар «Азамат келажаги» хусусий корхонаси ва қўшимча жавобгар А. Эшанов томонидан олинган кредит суммасининг қопланмай қолган жами 97 205 178,73 сўм кредит қарздорлигини муддатидан олдин ундириб беришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг 2018 йил 10 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгар «Азамат келажаги» хусусий корхонасининг ҳисобидан АТ «Халқ банки» Иштихон филиали фойдасига жами 97 205 178,73 сўм кредит қарздорлиги муддатидан олдин ундириб берилган.

Кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган қўшимча жавобгар А. Эшановга тегишли бўлган Иштихон туман, Иштихон шаҳри, Қурувчи кўчасида жойлашган, умумий майдони 450,00 м2 бўлган офис ва маҳсулот сақлаш омборхонаси биносини бошланғич баҳоси 125 000 000 сўм қилиб белгиланган.

Жавобгар «Азамат келажаги» хусусий корхонасининг ҳисобидан давлат фойдасига 1 944 103 сўм миқдорида давлат божи ундирилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 11 майдаги ажрими билан Иштихон туманлараро судининг 2018 йил 10 апрелдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Шунингдек, даъвогар Б. Хуббимов жавобгарлар А. Эшанов, А. Эшанов, М. Атауллаева, Р. Эшанов, Н. Мардонова ва Ў. Маманазаровага нисбатан 2019 йил 20 декабрь куни фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси "Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази" давлат унитар корхонаси электрон-онлайин аукцион натижалари тўғрисидаги 2018 йил 24 июль кунги баённомага кўра, даъвогар Б. Хуббимов Иштихон шаҳри, Қурувчи кўчасида жойлашган умумий майдони 450,0 м2дан иборат, бино қурилиш ости майдони 202,02 м2, бино умумий фойдали майдони 250,5 м2, 2 қаватли, 6 та хонадан иборат офис ва омборхона биносини сотиб олган, мазкур омборхона биноси кадастр идорасидан ҳам даъвогар номига давлат рўйхатидан ўтказилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2020 йил
15 январдаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, жавобгарлар А. Эшанов ва унинг оила аъзолари - отаси А. Эшанов, онаси М. Эшанова, турмуш ўртоғи Н. Мардонова, фарзандлари А. Асатуллаев, А. Асатуллаев, укаси Р. Эшанов, келини Ў. Маманазарова ва жиянлари Ж. Асатуллаев, З. Асатуллаева даъвогар Б. Хуббимовга тегишли бўлган Иштихон шаҳри, Қурувчи кўчасида жойлашган умумий майдони 450,0 м2дан иборат, бино қурилиш ости майдони 202.02 м2, бино умумий фойдали майдони 250,5 м2, 2 қаватли, 6 та хонадан иборат офис ва омборхона биносидан мажбурий тартибда чиқарилган. Мазкур ҳал қилув қарори устидан шикоят ва протест келтирилмаган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати