February 7, 2020

СУДЬЯЛАР ВА АДВОКАТЛАР УЧРАШУВИ

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида, адвокатура институтини такомиллаштириш борасида бир қатор таклифларни билдириб ўтдилар.

Бу тизимнинг ҳуқуқий мақомини кучайтириш, адвокатлар ваколатларини кенгайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган бўлса-да, лекин ҳали ўз ечимини топмаган муаммолар ҳам етарли. Яқин истиқболда Адвокатура институтини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳеч бир идора адвокатларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги шартлиги алоҳида таъкидланди.

Бу борада судлар ҳам адвокатлар билан ҳамкорлигини кучайтириб, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш ва мавжуд муаммоларни бартараф қилиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириши муҳим аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг ташаббуси билан Адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида очиқ мулоқот шаклдаги учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари Ў.Мамадалиев, вилоят судининг судьялари Б.Алиқулов ва Ғ.Негматовлар иштирок этишди.

Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари, адвокатларни қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимини топиш учрашув диққат марказида бўлди. Тадбирда Ўзбекистонда ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, суд жараёнида тарафларнинг тортишуви ва тенглигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ўзгаришлар, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишда прокуратура органлари томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Самимий ва ошкора руҳда ўтган тадбирда адвокатлар ўзларини қизиқтирган масалалар ва юзага келаётган муаммолар юзасидан судьяларга тўғридан-тўғри мурожаат қилди ва ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавобларни олишди.

Судьялар мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида ўтказилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб, бу борада адвокатлар ўзларининг профессионал фаолиятларини амалга оширишларида дуч келаётган муаммоларини бартараф қилиш юзасидан аниқ чоралар кўрилишини таъкидлашди.

Жумладан, навбатчи ҳимоячилар апелляция ва кассация инстанциясида кўриш учун тайинланган ишлар ҳақида бир кун аввал хабардор бўлаётганлиги, бунинг оқибатида ҳар доим ҳам ишлар билан танишиш учун имконият топмаётганликлари оқибатида ҳимояси остидаги шахсларни ҳимоя қилишга қийналаётганликлари сабабли, ушбу масалани ечимини топиш сўралди. Бу борада вилоят суди томонидан апелляция ва кассация инстанцияларига кўришга тайинланган ишлар ҳақида 4 кун олдин навбатчи адвокатурага хабар қилиш амалиёти йўлга қўйилиб, навбатчи ҳимоячилар учун ишлар билан танишиб чиқиш учун барча шароитлар яратиб берилди.

Бундан ташқари, адвокатлар айрим ҳолларда судларда ишлар ўз вақтида бошланмаётганлигига эътироз билдирганликлари сабабли вилоят суди раҳбарлари бундай ҳар бир ҳолат юзасидан вилоят судига ишонч телефони орқали хабар қилиниши лозимлиги ва ҳар бир жиноят иши ўз вақтида бошланиши алоҳида назоратга олиниши ҳақида ваъда берди.

Адвокатлар билан моддий ва процессуал қонун нормаларини такомиллаштириш бўйича берилган таклифлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Ўткир Мамадалиев,

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари