ЁШ ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди раиси ўринбосари Ш.Камолов, Навоий шаҳар маъмурий суди раиси Ў.Ҳайдаров ва Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси Ш.Ғофуров томонидан Ўзбекистон Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази Навоий вилояти бўлинмаси билан ҳамкорликда “Суд ва ёш тадбиркорлар” мавзусида вебинар ташкил қилинди.
Тадбирни ташкил қилинишидан кўзланган асосий мақсад коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида ёш тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қийнаётган саволларига жавоб бериш, юзага келган муаммоли масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ташкил қилишга асосий эътиборни қаратиш бўлди.
Вебинарнинг замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланган ҳолатда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиниб, “онлайн” режимда ўтказилиши ёш тадбиркорлар вақтини тежаши ва уларнинг турли кўринишдаги оворагарчилигини олдини олиш билан аҳамиятли бўлиб, уларнинг фаол иштироки билан эсда қоларли бўлди.
Онлайн мулоқотда судьялар ёш тадбиркорларни қизиқтирган саволларига жавоб бериб, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва амалга оширилаётган сай-ҳаракатларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан вебинарни ташкил қилганлари учун судьяларга миннатдорлик билдирилди.
Х. Ниязов
Кармана туманлараро
иқтисодий суди девонхона мудири