February 14, 2020

САЙЁР ҚАБУЛЛАР ХАЛҚ МАНФААТИ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йилнинг 23 июль куни ўтказилган кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим омил эканлиги таъкидланиб, ушбу соҳа вакилларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш юзасидан қўшимча вазифалар белгилаб берилди.

Маълумки, судларнинг фаолияти ҳам иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда Президентимизнинг бу борада қабул қилган фармон ва қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2019 йил
19 июлдаги қарорида тадбиркорларнинг мурожаатларини қонун доирасида ҳал этиш мақсадида барча судларда ҳар ҳафтанинг жума куни “Тадбиркорлар куни”, шанба куни “Очиқ эшиклар куни” деб белгиланди.

Шу мақсадда Навоий вилоят судлари раисларининг туманлар кесимида жорий йил январь-март ойларида ўтказиладиган ҳамкорликдаги сайёр қабуллар режаси тасдиқланиб, унинг ижроси таъминланиб келинмоқда.

Навбатдаги сайёр қабул вилоятнинг Навбаҳор туман Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини жойларга чиқиб ҳал этиш мақсадида ташкил этилди.

Сайёр қабуллар жараёнида тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва фуқароларнинг шикоят, таклиф ва мурожаатлари қабул қилиниб, муамммолар ечимини топишда тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Навбаҳор туманида жойлашган 11-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган сайёр қабул жараёнига жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьялари томонидан 6 нафар фуқаронинг мурожаати қабул қилиб, мурожаат эгаларига тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Сайёр қабулларда суд қарорлари ва ажримларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаати тингланди.

Бундан ташқари, ўтказилган сайёр қабул давомида судья Ф. Халилов томонидан очиқ мулоқот ўтказилиб, суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали муҳофаза қилиш, шунингдек, ёшларга оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди