June 8, 2020

САЛОҲИДДИН ЭШОНҚУЛОВНИНГ ИШИГА ОИД

2020 йил 6 июнь куни OZODLIK – Sizdan Telegram да эълон қилинган мурожаатга оид маълумот

Даъвогар М. Муҳаммадиеванинг жавобгар С. Эшонқуловга нисбатан “Уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йуқотган деб топиш ва уйдан чиқариш ҳақида”ги фуқаролик иши фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро суди томнидан 2019 йил 19 июнь куни сиртдан кўриб чиқилиб, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан Сариосиё туман прокуратураси томонидан апелляция тартибида протест келтирилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 20 августдаги ажримига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2019 йил 19 июнь кунидаги ҳал қилув қарорига нисбатан келтирилган Сариосиё туман прокурорининг апелляция тартибидаги протести Сариосиё туман прокурори томонидан чақириб олинганлиги муносабати билан фуқаролик иши апелляция тартибида иш юритишдан тугатилган.

Суднинг сиртдан чиқарилган мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар С. Эшоқулов сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни қайта кўриш ва даъво қилиш муддатини узрли деб топиш ҳақида ариза билан мурожаат қилган.

Мазкур ариза фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро суди томонидан 2020 йил 21 январь куни мазмунан кўрилиб, жавобгар С. Эшонқулов томонидан келтирилган даъво қилиш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномаси ва суднинг сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайтадан кўриш хақидаги аризаси қаноатлантирилиб, фуқаролик иши қайта кўришлик учун тикланган.

Ушбу фуқаролик иши 2020 йил 24 февралда тарафлар иштирокида кўриб чиқилиб, зарурат туғилганлиги сабабли яъни даъвогарнинг талабига биноан жавобгар С. Эшонқуловнинг руҳий холатини текшириш юзасидан суд руҳий экспертзаси тайинланиб, ажрим нусхаси Суд руҳий психатрия маркази Сурхондарё вилояти диспансерига юборилган.

Мазкур ажримнинг ижроси юзасидан, Суд руҳий экспертиза марказининг Сурхондарё вилоят диспансери томонидан экспертиза хулосаси келиб тушган бўлсада даъвогарнинг иккинчи талаби “Уйдан чиқариш” бўлганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2020 йил 20 март кунидаги “Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги РС-13-20-сонли қарорига кўра, мазкур тоифадаги фуқаролик ишларини кўриб чиқиш COVID-19 коронавируси бўйича эълон қилинган карантин тугагунига қадар вақтинчалик тўхтатилганлиги ва Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан Сариосиё тумани “қизил” ҳудуд этиб белгиланганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати