ИНСОНПАРВАРЛИК ПРИНЦИПИГА АСОСАН...
Куни кеча, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!” – дея таъкидлаб ўтди.
Бугунги кунда судлар томонидан, озодликни чеклаш, ахлоқ тузатиш ишлари ва бошқа жазоларни ўтаётган, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумларга нисбатан инсонпарварлик принципига асосан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроқ турдаги жазога алмаштириб, оиласи бағрига қайтишлари қувончли воқеага айланмоқда.
Қонунга мувофиқ, жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари инсонга жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламайди, жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олишга қаратилади.
Жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак.
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида 2020 йил 29 июнь куни ўтказилган очиқ суд мажлисида 4 нафар маҳкумга нисбатан Навбаҳор тумани ИИО ФМБ Пробация гуруҳи томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.
Хусусан, маҳкум Ж.К. ўтаб келаётган озодликни чеклаш жазосининг ўталмаган муддати ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиб жазо енгиллаштирилди, шунингдек, маҳкум Ш.Х. озодликдан чеклаш, Н.Х. муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва Т.М. ахлоқ тузатиш ишлари жазоларидан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Шахзод Тўрақулов,
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг архивариуси