Банкротлик ишларини юритиш билан боғлиқ муаммолар таҳлил этилди

Тошкент шаҳар ва Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда банкротлик ишларини юритиш билан боғлиқ муаммолар таҳлилига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.

Айни пайтда юртимизда жорий этилган карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда видеоконференцалоқа режимида ташкил этилган семинарда Тошкент шаҳар иқтисодий суди ва Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари, Тошкент шаҳар прокуратураси, Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг банкротлик ишлари бўйича масъул ходимлари, Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси аъзолари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи суд тугатиш бошқарувчилари иштирок этишди.

Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад - банкротлик институтини қўллаб билан боғлиқ долзарб масалалар бўйича фикр алмашиш, юзага келган муаммоларни ҳал этиш, тугатишга доир иш юритилаётган банкрот корхоналарни тугатиш ишларини жадаллаштириш, бу борада судьялар ва суд тугатиш бошқарувчиларининг масъулиятини янада оширишдан иборатдир.

Семинарда қайд этилганидек, иқтисодий судлар томонидан банкрот деб топилаётган тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий ночор ҳолатига келиб қолишига аксарият ҳолларда тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти тўғри ташкил этилмаганлиги, шунингдек солиқ ва бошқа турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги натижасида уларга нисбатан қўлланилган молиявий жавобгарлик чоралари сабаб бўлмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 2019 йил ва 2020 йилнинг биринчи чорагида Тошкент шаҳар ва Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан жами 197 та тадбиркорлик субъектлари банкрот деб топилиб, тугатишга доир иш қўзғатилган.

Танқидий руҳда ўтказилган семинарда банкротлик тартиб-таомилларини юритиш, хусусан банкрот корхонани тугатишга доир иш юритиш жараёнида қонунда белгиланган муддатлар бузилишига йўл қўйилган ҳар бир ҳолат муайян ишлар мисолида таҳлил этилди ва суд тугатиш бошқарувчиларининг хато ва камчиликлари кўрсатиб берилди.

Хусусан суд тугатиш бошқарувчилари томонидан банкрот корхонанинг аввалги фаолияти тўлиқ таҳлил қилинмаслиги, дебиторлик қарздорликларини аниқлаш ва ундириш билан боғлиқ чораларнинг ўз вақтида кўрилмаслиги, айрим қарздорларнинг мол-мулкларини бегоналаштириш билан боғлиқ ҳужжатлар таҳлил қилинмаганлиги ҳамда ноқонуний асосда мулклар ҳисобдан чиқарилган ҳолларда ушбу мулкларни қайтариш чоралари кўрилмаганлиги, қарздорларни тугатишга доир иш юритиш натижалари бўйича оралиқ ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этилмаслиги, қарздорларда сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлашга доир ҳаракатлар амалга оширилмаганлиги каби хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Семинарда сўзга чиққанлар банкротлик соҳасида давлат бошқаруви органи ҳисобланган Давлат активларини бошқариш агентлигининг суд бошқарувчилари фаолияти устидан қонун ҳужжатларига мувофиқ назоратни амалга ошириш фаолиятини такомиллаштириш орқали суд бошқарувчиларининг шахсий масъулиятини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясига эътибор қаратиш, тугатиш бошқарувчиларининг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларга юклатилган вазифаларни бажаришда амалий ёрдам бериб бориш каби таклиф ва мулоҳазаларни билдирдилар.

Ушбу амалий семинар иқтисодий ночор, зарар кўриб ишлаётган ҳамда истиқболсиз корхоналарни тугатиш билан боғлиқ банкротлик ишларини сифатли олиб бориш, кредиторларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди