2020 йил 8 августда YouTube тармоғида Effect.uz ахборот порталининг каналида эълон қилинган “Қамбағални туяни устида ҳам ит қопадими?” номли видеолавҳа юзасидан маълумот
Н. Махсудов судга мурожаат қилиб, Қува туман хусусий нотариал идорасида 2010 йил 1 мартда тасдиқланиб реестрга 1945-сон билан қайд қилинган олди-сотди шартномасига асосан Қува тумани, “Каттақишлоқ” МФЙ ҳудудида жойлашган 29-сонли уй-жойнинг 700 кв. м ер майдонида жойлашган иморатларни Ғ. Ҳасановдан сотиб олганлигини, ер майдонининг 20 сотих қисми ҳужжатсиз бўлиб, мазкур ер майдони учун Ғ. Ҳасановга қўшимча 15 000 000 сўм пул берганлигини, 2010 йилдан буён солиқларни тўлаб келаётганлигини, Қува тумани ҳокимининг 2012 йил 18 декабрдаги 984-сонли қарорига асосан ер майдонидаги эски уйларни бузиб ўрнига янги уй қуришга рухсат берилганлигини, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2016 йил 22 мартдаги ҳал қилув қарори билан Қува тумани, “Дехқонобод” МФЙ, 29-сонли уй-жой 2 383 кв. м ер майдонини марҳум Т. Ҳасанов номига эгалик хуқуқи белгиланиб, ер майдонини бириктириб бериш ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаш мажбурияти Қува туман ҳокимлиги ва кадастр бўлимига юклатилганлигини, мазкур ҳал қилув қарорига асосан Қува тумани ҳокимининг 2016 йил 15 августдаги 591-сонли қарори қабул қилинганлигини, мазкур ҳал қилув қарори фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 31 январдаги ажрими билан бекор қилиниб, шу ажримга асосан 591-сонли қарор ва мерос гувоҳномалари бекор қилинганлигини, юқоридаги ҳолатлардан 1 353 кв. м га қурилган уй-жойга ҳеч кимнинг эгалиги белгиланмаганлиги кўриниши, Қува тумани ҳокимлигига 29-сонли уй-жойга ўзининг эгалигини белгилашни сўраб қилган мурожаати 2017 йил 3 июлдаги 3030-сонли жавоб хати билан асоссиз рад қилинганлигини кўрсатиб, Қува тумани ҳокимлиги зиммасига Қува тумани, “Деҳқонобод” ҚФЙ, Янгийўл (Каттақишлоқ) қишлоғи, 29-уйнинг 700 кв. м ер майдонига қурилишга рухсат берилган уй-жойларга нисбатан ўзининг эгалик ҳуқуқини белгилашни ҳамда ҳужжатсиз фойдаланиб келаётган 1 353 кв. м ер майдонини ўзига ажратиб беришни жами 2 053 кв. м ер майдонига қурилган бино-иншоотларга ўзининг эгалик ҳуқуқини белгилаш мажбуриятини юклашни сўраган. Суд муҳокамасида Н. Махсудов шикоят талабини ўзгартириб, Қува тумани ҳокимининг 2017 йил 3 июлдаги 3030-сонли жавоб хатини ҳақиқий эмас деб топиб, туман ҳокимлиги ва туман ҳокимлиги қошидаги тоифаси ва фойдаланиш мақсади ўзгармаган холда ер масалалари билан шуғулланувчи комиссия зиммасига аризасини кўриб чиқиш мажбуриятини юклашни сўраган.
Қува туман маъмурий судининг 2019 йил 21 январдаги ҳал қилув қарори билан Н. Махсудовнинг туман ҳокимлиги ва туман ҳокимлиги қошидаги тоифаси ва фойдаланиш мақсади ўзгармаган холда ер масалалари билан шуғулланувчи комиссия зиммасига мурожаатини кўриб чиқиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги шикояти рад этилган.
Суднинг шу кунги ажрими билан Қува тумани ҳокимининг 2017 йил
3 июлдаги 3030-сонли жавоб хатини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаби иш юритишдан тугатилган.
Мазкур маъмурий иш Н. Махсудовнинг апелляция шикоятига асосан апелляция тартибида кўриб чиқилиб, Наманган вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 12 мартдаги қарори билан мазкур иш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарори ва ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш ҳужжатларига кўра, Қува туман хусусий нотариал идорасида
2010 йил 1 мартда тасдиқланиб реестрга 1945-сон билан қайд қилинган
олди-сотди шартномасига асосан Қува тумани, “Каттақишлоқ” МФЙ ҳудудида жойлашган 29-сонли уй-жойнинг 700 кв. м ер майдонида жойлашган иморатларни Ғ. Ҳасанов аризачи Н. Махсудовга сотган.
Н. Махсудов шикоятида ер майдонининг 20 сотих қисми ҳужжатсиз бўлиб, мазкур ер майдони учун Ғ. Ҳасановга қўшимча 15 000 000 сўм пул берганлигини кўрсатиб ўтган, бироқ судга ушбу важини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этмаган.
Қува туман ҳокимининг 2012 йил 18 декабрдаги 984-сонли қарорида Н. Махсудовга 700 кв. м ер майдонини 189.21 кв. м қисмида жойлашган иморатлар яроқсиз холга келиб қолганлиги сабабли бузиб қайта 200 кв. м ер майдонига турар-жой бинолари қуришга рухсат берилган.
Марҳум Т. Хасановнинг фарзандлари Р. Турсунов, М. Маткаримова ва бошқалар фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритиб, олди-сотди шартномаси билан Н. Махсудовга низоли ер майдонининг 700 кв. м қисми ўтганлиги, у 1 553 кв. м ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб иморат қурганлигини кўрсатиб, ушбу ер майдонидаги иморатларга отаси Т. Ҳасановни эгалик ҳуқуқини белгилаш мажбурияти юклатиш ҳақидаги даъвоси фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2016 йил 22 мартдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, Қува тумани, “Дехқонобод” МФЙ, 29-сонли уй-жой 2 383 кв. м ер майдонидаги иморатларга марҳум Т. Ҳасанов номига эгалик ҳуқуқини белгилаш, ер майдонини бириктириб бериш ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаш мажбурияти Қува туман ҳокимлиги ва кадастр бўлимига юклатилган.
Мазкур ҳал қилув қарори ижроси юзасидан Қува тумани ҳокимининг 2016 йил 15 августдаги 591-сонли қарори қабул қилинган.
Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 31 январдаги ажрими билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, шикоятни рад этиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2017 йил 16 мартдаги ҳал қилув қарори билан Ғ. Ҳасановни Н. Махсудовга нисбатан уйдан кўчириш ҳақидаги даъвоси рад қилинган. Н. Махсудовни қарши даъвоси қаноатлантирилиб, Қува тумани ҳокимининг 2016 йил 15 августдаги 591-сонли низоли уй-жойга Т. Ҳасановни эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги қарори ва қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилган.
Қува тумани ҳокимининг 2017 йил 3 июлдаги 3030-сонли жавоб хатида Н. Махсудовни уй-жойга эгалигини белгилашни сўраб қилган мурожаати рад қилинган.
“Деҳқонобод” ҚФЙнинг 2015 йил 28 ноябрдаги 2987-сонли маълумотномасида Т. Ҳасановга тегишли ҳовли–жой хўжалик дафтарига асосан 2010-2014 йилларда 0.27 га ни ташкил этганлиги кўрсатилган.
Солиқ инспекциясининг 2015 йил 27 февралдаги маълумотномасида Т. Ҳасанов 0.27 га ер майдонига солиқ тўлаб юрганлиги кўрсатилган.
Қува тумани Архитектурасининг 2015 йил 16 июлдаги маълумотида якка тартибда уй қуриш лойиҳаси ва томорқа ер участкасининг режаси фуқаро Н. Махсудов томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний иморат қуриб битказилганидан сўнг тайёрланганлиги сабабли мазкур таклиф лойиҳа ва томорқа ер участкасининг режаси бекор қилинганлиги кўрсатилган.
Гарчанд, Н. Махсудов апелляция шикоятида ўзбошимчалик билан эгалланган 1 353 кв. м ер майдонига қурилган иморатларга ҳеч кимнинг эгалиги белгиланмаганлигини, Т. Ҳасановнинг номига эгалик белгилаш ҳақидаги қарорлар суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилганлигини, шундай бўлса-да, ҳокимлик томонидан ушбу ер майдонига ўзи томонидан қурилган иморатларга ўзининг эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилмаганлигини важ қилиб, суд қарорини бекор қилиб, ушбу аризани қайта кўриб чиқиш мажбуриятини ҳокимиятга юклашни сўрасада, апелляция инстанцияси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасининг 2-қисми, Ер кодексининг 16-моддасида кўрсатиб ўтилган қонун моддаси талабига кўра, ер давлат мулки эканлиги у давлат томонидан муҳофаза этилиши ҳамда олди-сотди қилинмаслиги, айирбошланмаслиги, ҳадя этилмаслиги, ҳамда гаровга қўйилмаслиги лозим бўлсада, аризачи ўзининг эътирофича низоли ер майдонини қонунга хилоф равишда пул эвазига сотиб олган. Бундан ташқари ўзбошимчалик билан иморат қурилган ер майдони Н. Махсудовга белгиланган тартибда ажратилмаганлиги сабабли унинг бу важлари билан келишмаган.
Биринчи инстанция суди Қува тумани ҳокимининг 2017 йил 3 июлдаги 3030-сонли жавоб хати фуқарога ҳуқуқ ёки мажбурият белгиловчи ҳужжат бўлмаганлиги сабабли, унинг шикоятидаги ушбу хатни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабини иш юритишдан тугатиш ҳақида қонуний тўхтамга келган.
Биринчи инстанция суди, Н. Махсудов олди-сотди шартномаси билан Ғ. Ҳасановдан 29-сонли уй-жойнинг фақат 700 кв. м ер майдонида жойлашган иморатларни сотиб олганлигини, низоли ер майдонини қонунга хилоф равишда олди-сотди қилиб ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлигини, ушбу ер майдони туман ҳокимлиги томонидан унга белгиланган тартибда ажратилмаганлигини, шунингдек, унинг аризаси қонунда белгиланган тартибда бир марта ҳокимлик томонидан кўриб чиқилганлигини эътиборга олиб, аризасини кўриб чиқиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги шикоятни қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қонуний хулосага келганлигини инобатга олиб апелляция инстанцияси ҳал қилув қарори ва ажримни ўзгаришсиз қолдиришни лозим топган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати