June 30, 2020

М. АСРОРОВАНИНГ ВИДЕОМУРОЖААТИГА ОИД

2020 йил 24 июнь куни “Озодлик” радиосининг Telegram-канали ва Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинган “71 ёшли тадбиркор аёл: кинотеатр таъмири учун сарфлаган миллионлаб маблағим қайтарилмаяпти” сарлавҳали хабар юзасидан маълумот

Даъвогар “Пахтачикиновидео” МЧЖ Самарқанд вилоят хўжалик судига жавобгарлар Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги Ғазначилиги Самарқанд вилояти бўйича Ғазначилик бошқармаси ва Пахтачи туман ҳокимлигига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, даъво талабида жавобгарлар Ўзбекистон Республикаси Давлат Рақобат қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасидан, Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирилиги Ғазначилиги Самарқанд вилояти бўйича Ғазначилик бошқармасидан ва Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокимлигидан Пахтачи тумани “Истиқлол” кўчасида жойлашган “Пахтачикиновидео” МЧЖга қарашли бўлган кинотеатр ва қозонхона биноларига нисбатан “Пахтачикиновидео” МЧЖнинг мулк ҳуқуқи бекор қилинганлиги (шартнома ҳақиқий эмас деб топилган) муносабати билан олиб қуйилган мол-мулк қиймати 350 000 000 сўмни “Пахтачикиновидео” МЧЖга ундириб беришни сўраган.

Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2016 йил 27 январдаги 14-1605/1301-сонли иш бўйича чиқарилган ажрими билан даъво аризаси иш юритувига қабул қилинган ва низони кўриб чиқиш учун 2016 йил 17 февраль куни соат 11.00 га тайинланган.

2016 йил 17 февралдаги суд мажлисида даъвогар судга қўшимча даъво ариза тақдим этиб, унда:

1. Жавобгарлар Ўзбекистон Республикаси Давлат Рақобат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармасининг, Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокимлигининг Пахтачи тумани “Истиқлол” кўчасида жойлашган давлат мулкини хусусийлаштириш натижасида “Пахтачикиновидео” МЧЖга қарашли бўлган кинотеатр ва қозонхона биноларини туман ҳокимлиги ва туман маданият бўлими ихтиёрига тўловларсиз ўтказишда ифодаланган ҳаракатларини, уни баҳолатмасликда, қайта сотувга қўймасликда ифодаланган ҳаракатсизлигини ғайриқонуний деб топишни;

2. Жавобгарлар Ўзбекистон Республикаси Давлат Рақобат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармасининг ва Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокимлигининг мансабдор шахсларига нисбатан Пахтачи тумани, “Истиқлол” кўчасида жойлашган давлат мулкини хусусийлаштириш натижасида “Пахтачикиновидео” МЧЖга қарашли бўлган, ҳозирги кунда туман ҳокимлиги, туман маданият ва спорт ишлари бўлими ихтиёридаги кинотеатр ва қозонхона биноларини баҳолатиш, қайта сотиш ва тушган маблағларни сотиш харажатларини чегириб қолиб “Пахтачикиновидео” МЧЖга тўлаб бериш мажбуриятини юклатишни сўраган.

Даъвогарнинг ушбу қўшимча даъво аризаси суднинг 2016 йил 17 февралдаги ажрими билан иш юритувига қабул қилинган ва ишни кўриш 2016 йил 22 февраль куни соат 10.00 га қолдирилган.

Суднинг 2016 йил 22 февралдаги ажрими билан ишги низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Самарқанд вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси жалб қилиниб, ишни кўриб чиқиш 2016 йил 24 февраль куни соат 10.00 га қолдидилган.

Суднинг 2016 йил 24 февралдаги 14-1605/1301-сонли иш бўйича қабул қилган ҳал қилув қарори билан даъво ариза қисман қаноатлантирилган.

Жавобгар Пахтачи туман ҳокимлигидан даъвогар “Пахтачикиновидео” МЧЖ фойдасига 241 670 000 сўм ундирилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Жавобгар Пахтачи туман ҳокимлигидан Республика бюджети, суд ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига 2 416 700 сўм давлат божи ва “Пахтачикиновидео” МЧЖ фойдасига 5 000 сўм почта харажати ундирилган. Даъвогар “Пахтачикиновидео” МЧЖдан Республика бюджети, судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига 3 688 100 сўм давлат божи ундирилган. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирилиги ғазначилиги Самарқанд вилоят бўйича ғазначилик бошқармаси жавобгарликдан озод қилинган.

Жавобгар Пахтачи туман ҳокимлигининг апелляция шикояти Самарқанд вилоят хўжалик суди апелляция инстанциясининг 2016 йил 28 мартдаги ажрими билан иш юритувига қабул қилинган ва ишни апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун 2016 йил 31 март куни соат 10.00 га тайинланган.

Самарқанд вилоят хўжалик суди апелляция инстанциясининг 2016 йил 31 мартдаги қарори билан Пахтачи туман ҳокимлигининг апелляция шикояти қаноатлантирилган. Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2016 йил 24 февралдаги ҳал қилув қарори бекор қилинган. Иш бўйича янги қарор қабул қилинган. “Пахтачикиновидео” МЧЖнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган. “Пахтачикиновидео” МЧЖдан Ўзбекистон Республикаси бюджетига 9 157 200 сўм давлат божи ундирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б. Исаковнинг 2017 йил 23 октябрдаги (назорат тартибида) протести асосида иш 2017 йил 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўриб чиқилган ва Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2016 йил 24 февралдаги ҳал қилув қарори ва 2016 йил 31 мартдаги қарори бекор қилинган ва иш янгидан биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судига юборилган.

Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2017 йил 27 декабрдаги ушбу иш бўйича қабул қилган ажрими билан иқтисодий иш иш юритувига қабул қилинган ва ишни 2018 йил 12 январь куни соат 11.00 да Катақўрғон туманлараро иқтисодий суди биносида кўриб чиқиш учун тайинланган. Суднинг ушбу кундаги ажрими билан 14-1605/1301-сонли иш бўйича иш юритиш тухтатилган ва иқтисодий иш Самарқанд вилоят иқтисодий судига юборилган.

Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 10 апрелдаги ажрими билан иш юритиш тикланган ва ишни кўриб чиқиш учун 2018 йил 18 апрель куни соат 11.00 да Пахтачи туман ҳокимлиги кичик мажлислар залида сайёр суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайинланган.

Суднинг 2018 йил 18 апрелдаги ушбу иш бўйича қабул қилган ҳал қилув қарори билан, даъвогар “Пахтачикиновидео” МЧЖнинг жавобгарлар Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилиги Самарқанд вилояти бўйича ғазначилик бошқармаси ва Пахтачи туман ҳокимлиги ҳисобидан Пахтачи тумани “Истиқлол” кўчасида жойлашган “Пахтачи киновидео” МЧЖ қарашли бўлган кинотеатр ва қозонхона биноларига нисбатан “Пахтачи киновидео” МЧЖнинг мулк ҳуқуқи бекор қилингани (шартнома ҳақиқий эмас деб топилган) муносабати билан олиб қуйилган мол-мулкнинг қиймати 350 000 000 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.

Даъво талабининг:

1). Жавобгарлар Ўзбекистон Республикаси Давлат Рақобат қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасининг, Самарқанд вилоят Пахтачи туман ҳокимлигининг Пахтачи тумани “Истиқлол” кўчасида жойлашган давлат мулкини ҳусусийлаштириш натижасида “Пахтачи киновидео” МЧЖга қарашли бўлган кинотеатор ва қозонхона биноларини туман ҳокимлиги ва туман маданият бўлими ихтиёрига тўловларсиз ўтказишда ифодаланган ҳаракатларини, уни баҳолатмасликда, қайта сотувга қўймасликда ифодаланган ҳаракатсизликларини ғайриқонуний деб топиш;

2.) Жавобгарлар Ўзбекистон Республикаси Давлат Рақобат Қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасининг ва Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокимлигининг мансабдор шахсларига Пахтачи тумани “Истиқлол” кўчасида жойлашган давлат мулкини хусусийлаштириш натижасида “Пахтачи киновидео” МЧЖга қарашли бўлган, ҳозирги кунда туман ҳокимлиги, туман маданият ва спорт ишлари бўлими ихтиёридаги кинотеатр ва қозонхона биноларини баҳолатиш, қайта сотиш ва тушган маблағларни сотиш харажатлари чегириб қолиб “Пахтачи киновидео” МЧЖга тўлаб бериш мажбуриятини юклатиш қисми бўйича иш юритиш тугатилган.

Олдиндан тўлаб чиқилган 5 000 сўм поочта харажати даъвогар “Пахтачи киновидео” МЧЖ зиммасида қолдирилган.

Даъвогар “Пахтачикиновидео” МЧЖ ҳисобидан Давлат бюджетига (ягона ғазна ҳисоб рақамига) 9 157 200 сўм давлат божи унндирилиши белгиланган.

Ҳал қилув қарори устидан даъвогар “Пахтачикиновидео” МЧЖ томонидан берилган кассация шикояти Жиззах вилоят иқтисодий суди томонидан 2018 йил 18 октябрь куни кўриб чиқилган ва Жиззах вилоят иқтисодий судининг қарори билан кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилган. Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 18 апрелдаги 14-1605/1301-сонли ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. “Пахтачикиновидео” МЧЖдан Республика бюджетига 4 578 600 сўм давлат божи ундирилган.

“Пахтачикиновидео” МЧЖдан Ўзбекистон Республикаси Олий суди депозит ҳисоб рақамига ишни ВКА режимида кўриш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажати ундирилган. Олдиндан тўланган 20 000 сўм почта харажати даъвогар “Пахтачикиновидео” МЧЖ зиммсида қолдирилган.

Даъвогар “Пахтачикиновидео” МЧЖнинг Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида берган шикояти асосида иш 2019 йил 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилган ва Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 18 апрелдаги ҳал қилув қарори ва Жиззах вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг 2018 йил 18 октябрдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Назорат шикоятини қаноатлантириш рад этилган. Даъвогар “Пахтачикиновидео” МЧЖдан Республика бюджетига 4 578 600 сўм давлат божи; Ўзбекистон Республикаси Олий суди депозит ҳисоб рақамига 50 682 сўм ВКА харажатлари ундирилган.

Иқтисодий иш бошқа кўриб чиқилмаган.

Бундан ташқари, “Пахтачикиновидео” МЧЖ раҳбари М. Асророва ҳар йили республика идоралари раҳбарияти жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, ўринбосарлари томонидан Самарқанд вилояти ҳудудида бир неча бор ўтказган сайёр қабулларида шахсан қабул қилинган. Унинг эътирозлари ва важлари тўлиқ тингланган ва унга тегишли тушунтиришлар берилган.

Ушбу иқтисодий иш бўйича судларнинг ижро варақалари асосида давлат бюджетига ундирилиши белгиланган давлат божларини даъвогар тўламаган.

Шунингдек, даъвогар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси «Пахтачикиновидео» МЧЖ манфаатида 2020 йил 22 январдаги 01/174-сонли даъво аризаси билан Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилиб, даъво талабида жавобгар Пахтачи туман ҳокимлигидан Пахтачи туман ҳокимининг қонунга хилоф ҳаракатсизлиги натижасида “Пахтачикиновидео” МЧЖга етказилган 500 000 000 сўм зарарни унинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан даъвогар “Пахтачикиновидео” МЧЖ фойдасига ундириб беришни сўраган.

Каттақўрғон туманлараро иқтисодий суди томонидан даъвогарнинг даъво аризаси 2020 йил 9 март куни иш юритувга қабул қилиниб, 4-1402-2001/165-сонли иқтисодий иш қўзғатилган. Суд муҳокамаси 2020 йил 1 апрель кунига тайинланган. Карантин муносабати билан мазкур иш бўйича иш юритиш номаълум муддатга тўхтатилган.

Суднинг 2020 йил 4 майдаги ажрими билан иш юритиш тикланиб, суд муҳокамаси 2020 йил 12 май кунига тайинланган.

Ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар - Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси, Пахтачи туман Маданият бўлими, Самарқанд вилояти ер тузиш ва кучмас мулк кадастри давлат корхонаси, Пахтачи туман Молия бўлими ва Самарқанд вилояти бўйича Ғазначилик бошқармаларини жалб этиш учун Суднинг 2020 йил 12 майдаги ажрими билан суд муҳокамаси 2020 йил 18 майга қолдирилган.

Суд муҳокамасида иштирок этмаган учинчи шахслар Пахтачи туман Молия бўлими ва Самарқанд вилояти бўйича Ғазначилик бошқармасининг иштирокини таъминлаш мақсадида, суд муҳокамаси 2020 йил 2 июнь кунига қолдирилган.

Даъво аризаси 2020 йил 2 июнь куни мазмунан кўриб чиқилиб, Самарқанд вилоят хўжалик судининг 14-1112/3458-сонли ва 14-1605/1301-сонли хўжалик ишлари бўйича, Тайлоқ туманлараро иқтисодий судининг 14-1603/28801-сонли иқтисодий иши бўйича бугунги кунда кучда бўлган ҳал қилув қарори ҳамда юқори инстанцияларнинг қарорларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 14-моддасининг 2-қисмига асосланиб, жавобгар Пахтачи туман ҳокимлиги томонидан 1996 йилда хусусийлаштирилган ва давлат эгалигига қайтариб олинган хусусий мулк – кинотеатр биноларини сотувга қўйиш ҳақида туман ҳокимининг қарори қабул қилинмагани, уни Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасига тақдим этмагани ҳолатида даъвогар “Пахтачикиновидео” МЧЖга зарар етказилган ҳолати мавжуд эмаслиги инобатга олиниб, даъвогарнинг даъво аризасида ҳамда даъвогар вакилларининг суд муҳокамаларида берган кўргазмалари билан Пахтачи туман ҳокимлигининг ҳаракатсизлиги натижасида “Пахтачи киновидео” МЧЖга 500 000 000 сўм миқдорида зарар етказилганлиги далиллар асосида исботланмаганлиги учун даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати