У. ХОЛЛИЕВНИНГ БИЛДИРИШИГА ОИД
2020 йил 7 сентябрь куни “Одамлар орасида” Telegram-каналида эълон қилинган “Ислоҳ” қилинган судлар” сарлавҳали билдириш юзасидан
Фуқаро У. Холлиев ўз шикоятида судга мурожаат қилишда тўланадиган давлат божидаги тушунмовчиликлар, берган даъво аризасининг кўрилмаганлиги ва суд фаолияти ҳақида фикр билдирган.
Аниқланишича, фуқаро Умид Холлиев 2020 йил 5 август куни карантин қоидалари кучайтирилган вақтда фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди биносига шахсий қабулга келганида уни суд раиси И. Джураев қабул қилиб, У. Холлиевнинг мурожаати юзасидан қарз ундириш ҳақидаги талаби бўйича моддий зарар қисмига 223 000 сўм давлат божи ва маънавий зарар бўйича 446 000 сўм давлат божи тўлаши ҳамда қарз муносабатига ёзма далилларни илова қилган ҳолда даъво аризани топшириши лозимлиги батафсил тушунтирилган. У. Холлиев маънавий зарар талаби қисми керак йўқлиги ҳақида билдирганида, суд раиси томонидан даъво талаби бўйича давлат божи тўланиши лозимлиги ҳамда маънавий зарар талабини қўйиши ёки қўймаслиги фуқарони ҳуқуқи эканлиги ҳақида тушунтирилган.
Фуқаро У. Холлиевнинг бошқа эътирозлари бўлмаган ва у суд раиси томонидан кўрсатилган ҳолатларни бартараф этганидан сўнг мурожаат қилишини билдирган.
Маълум бўлишича, вилоят суди раисининг 2020 йил 15 июлдаги буйруғи билан фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси З. Усмоновга 2020 йил 15 июлдан 25 августга қадар меҳнат таътили берилган.
Бу эса фуқаро У. Холлиевнинг 2020 йил 5 август куни судья З. Усмоновга шахсан даъво аризани топширдим, деган важларини истисно этади.
Гарчи, У. Холлиевга шахсий қабулда тўлиқ тушунтиришлар берилишига қарамасдан, ўз даъво аризасида жавобгар А. Сайфуллаевдан 650 000 қарзни ҳамда моддий ва маънавий зарар ундиришни сўраган. Унинг даъво аризаси 2020 йил 27 август куни кирим қилинган.
Суднинг 2020 йил 28 августдаги ажрими билан даъвогар У. Холлиевнинг жавобгар А. Сайфуллаевга нисбатан моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризаси маънавий зарар талаби бўйича давлат божи тўланмаганлиги сабабли қайтарилган.
Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасининг 19-қисмига асосан бир вақтнинг ўзида мулкий ва номулкий хусусиятга эга бўлган даъво аризалари учун мулкий хусусиятдаги даъво аризалари учун белгиланган ставкалар бўйича ва номулкий хусусиятга эга даъво аризалари учун белгиланган ставкаларга кўра, ҳар бир талаб бўйича алоҳида-алоҳида давлат божи тўланади деб, қайд қилинган.
Фуқаро У. Холлиев юқоридаги қонун нормасидаги талабларни тўғри тушунмаганлигини ҳам кўриш мумкин. Чунки “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни иловасининг 1-қисми “а” (мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан) бандига мувофиқ даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида, бироқ БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори) нинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, “е” бандига мувофиқ мулкий хусусиятга эга бўлмаган (ёки баҳоланмайдиган) бошқа даъво аризаларидан БҲМнинг 2 баравари миқдорда давлат божи ундирилиши кўрсатилган.
Бундан ташқари, мамлакатимизда иккинчи бор кучайтирилган карантин қоидалари 2020 йилнинг 10 июлдан 17 августга қадар жорий этилган бўлишига қарамасдан, судлар ўз фаолиятини тўхтатмасдан келмоқда. У. Холлиевнинг даъво аризани расмийлаштириш бўйича берилган тушунтиришлар ва ўзи томонидан даъво аризани расмийлаштиришда сарфланган вақти суднинг процессуал муддатларига қўшилмайди.
Таъкидлаш жоизки, фуқаро У. Холлиев қонунларни тўғри талқин қилмасдан, бир томонлама асоссиз фикр билдирган. Айтиб ўтиш лозимки, бу ҳолат эса оммавий ахборот воситаларида ва фуқаролар ўртасида судлар ва судьялар фаолияти ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати