August 12, 2020

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ БОРАСИДА ЯШИРИН ИҚТИСОДИЁТНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан жорий 2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Кўзланган мақсадлар орасида рақамли иқтисодиёт орқали яширин иқтисодиётга барҳам бериш ҳам назарда тутилган. Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда бирламчи ресурс сифатида, аввало, ўзимизда такомиллаштирилган узлуксиз сифатли хизмат кўрсатадиган инфраструктура, ахборот технологиялари ва малакали кадрлар, сифатли давлат хизматлари ва омихта фаолият юритадиган монетар, фискал ва ташқи иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини самарали йўлга қўйилишини таъминлаш талаб этилади.

“Коррупцияга қарши курашиш” дейилганда, том маънода ҳуқуқий жиҳатдан олиб бориладиган чора-тадбирларни назарда тутамиз. Лекин коррупцияга қарши курашишда нафақат ҳуқуқий жиҳатдан, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам ёндашиш лозим. Ушбу мақолада коррупцияга қарши курашишда ҳам ҳуқуқий, ҳам иқтисодий жабҳаларни уйғунлаштирган ҳолда яширин иқтисодиётни бартараф этиш чораларини кўриб чиқамиз.

Яширин иқтисодиёт атамаси расмий жиҳатдан ўтган асрнинг 70-йиллар бошларида пайдо бўлган. Даромадларни яширишни ва уларни реализация қилиб олишнинг ижтимоий усулларини қамраб олган фаолият сиқатида қаралган. Маҳаллий илмий адабиётларда ушбу атаманинг ишлатилиши 1961 йилда СССР Жиноят кодекси кучга киргандан кейин иқтисодий фаолиятнинг "хуфёна" ўсишини таҳлил қилиш билан боғлиқ масалаларда ишлатила бошланган.

1990 йилларнинг 2-ярмидан бошлаб яширин иқтисодиётни илмий ишларда кенг муҳокама қилиш бошланди. 2000 йиллардан бошлаб барча иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатлар яширин иқтисодиётни бартараф этиш бўйича чоралар кўра бошлади. Бироқ, яширин иқтисодий жараёнлар муаммоларини ҳал қилувчи ягона ва умумэътироф этилган универсал чоралар ишлаб чиқилмаган. Бу эса иқтисодий фаолиятнинг кенг қамровлиги, иқтисодий манёврларнинг хилма-хиллиги, космополитизм ғоясининг тобора ривожланиб бориши билан белгиланмоқда.

Яширин иқтисодиёт – анъанавий статистик усуллар билан қайд қилиб бўлмайдиган иқтисодий фаолият. Хусусан, бошқа бир фикрга кўра, яширин иқтисодиёт - бу расмий статистика томонидан ҳисобга олинмайдиган ва жамият томонидан назорат қилинмайдиган моддий товарларни ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш, алмашиш ва тарқатишни англатади. Учинчи нуқтаи назар шундан иборатки, "яширин иқтисодиёт" бу одамда турли иллатларни қўзғатадиган эҳтиёжларни шакллантириш ёки қондиришга қаратилган турли хил фаолиятдир. Юқоридаги таърифларнинг ҳар бири ўз-ўзидан тўғри. Яширин иқтисодиётининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини ҳисобга оладиган бўлсак, улар ижобийдан кўра салбий эканлигини кўришимиз мумкин. Бироқ, расмий статистикада акс эттирилмаган ёки умуман ҳужжатлаштирилмаган кўплаб иқтисодий фаолият турлари мавжуд. Ушбу ҳодисалар бошқача номланади: "ер ости иқтисодиёти", "норасмий иқтисодиёт", "иккинчи иқтисодиёт", "яширин иқтисодиёт" ва ҳоказо. Ушбу номларнинг “яширин иқтисодиёт” деб номланган тури рус адабиётларида кенг қабул қилинганлиги туафайли омма орасида ҳам шундай ном билан “машхур” бўлиб қолмоқда. Яширин иқтисодиёт давлат ҳисоби ва назорати доирасидан ташқарида ривожланаётган ва фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти. Яширин иқтисодиёт том маънода хуфёна ва норасмий секторларга бўлинади.

Хуфёна иқтисодиёт - бу амалдаги давлат қонунлари ва жамоат қоидаларини четлаб ўтиб, фуқаролар ўртасида ўзаро ривожланадиган ва асосланадиган иқтисодий фаолият тури ҳисобланади. Ушбу фаолият даромадлари яширин бўлиб, солиққа тортиладиган иқтисодий фаолият тури бўлиб ҳисобланмайди.

Норасмий иқтисодиёт – бу эса давлат томонидан тартибга солинган бўлиб, унинг фаолиятини назорат қилиш механизмлари ишлаб чиқилганлиги ва бундай фаолиятдан олинган даромадларни солиққа тортиш назарда тутилганлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу механизмлардан қочган ҳолда фаолият юритувчилар доираси норасмий секторда ўз аксини топади.

Яширин иқтисодиёт мақсади, фаолияти ва иқтисодий-ижтимоий оқибатларига кўра бир неча турларга бўлинади:

1) жиноий иқтисодий фаолият – бу мутлақо маън этилган, қонун йўли билан таъқиб этиладиган ишлар билан шуғулланиш, наркобизнес, порнобизнес, қурол бизнеси ва ҳ.к.;

2) ғайриқонуний, ғайрииқтисодий усуллар билан даромадларни қайта тақсимлаб ўзлаштириб олиш, ўғирлик, босқинчилик, рекет, порахўрлик. Ҳозирги кунда глобаллашиб бораётган криптовалюталар савдоси ҳам шундай турдаги савдонинг бир тури ҳисобланмоқда;

3) иккиламчи иқтисодиёт – кишиларга зарар келтирмайдиган, улар учун наф берадиган, лекин расман рухсат этилмаган ва давлат рўйхатидан ўтмаган иқтисодий фаолият. Уларга яширин тадбиркорлик, 1–2 ва 5–10 киши банд бўлган яширин кичик корхоналар фаолиятини киритишимиз мумкин. Яширин тадбиркорлик хизмати кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, савдо, кийим-кечак ишлаб, саноат ишлаб чиқаришда кенг тарқалган;

4) расман рухсат этилган фаолият билан бирга қўшимча равишда яширин ишлаб чиқаришга қўл уриш, очиқ ишлайдиган корхоналарда қўшимча равишда ҳисобга кирмаган маҳсулот чиқариб, уни яширин сотиш;

5) мансабни суиистеъмол қилиш ва коррупцияга асосланган иқтисодий хатти-ҳаракатлар. Булар жумласига давлат идораларидаги порахўрлик, яширин лоббизм, мансабдан фойдаланиб субсидиялар олишни киритиш мумкин;

6) қалбакилаштирилган иқтисодий фаолият, бу иқтисодиёт давлат секторига хос бўлиб, давлатни алдашга қаратилади. Бунинг энг яққол намунаси давлат секторидаги қўшиб ёзишлар, қилинмаган ишлар учун давлатдан ҳақ олишни киритиши мумкин. Шунингдек спекулятив битимлар ҳам шу турдаги категориядан жой олади.

Юридик адабиётларда яширин иқтисодиёт субъектларининг учта гуруҳи шартли равишда ажратилган:

"Оқ ёқали" яширин иқтисодиёт - иқтисодчиларнинг иш жойларида яширин ва таъқиқланган иқтисодий фаолият билан шуғулланишлари тушунилади. бу қонун томонидан таъқиқланган бўлишига қарамай, қонундаги “оқ доғлар”, ҳуқуқий негилизм ҳамда иқтисодий манёврланинг турличалиги туфайли юзага келмоқда. Бундан мақсад яратилган миллий даромадларни яширин равишда қайта тақсимлашдан иборатдир. Aсосан бундай ишларни юқори мартабали ходимлар ("оқ бўйли ишчилар") "ҳурматли одамлар" олиб боришади, шунинг учун бундай яширин иқтисодиёти "оқ ёқалилар" деб ҳам аталади. Масалан, "Оқ ёқалилар" жинояти, савдо-сотиққа зарар етказиш (рақобатни чеклаш назарда тутилмоқда), суғурта ва валюта қоидаларини бузиш, мансабдор шахслар томонидан порахўрлик, солиқ хизматларидан даромадни яшириш, пулни ўғирлаш, почта операцияларида фирибгарлик ва почта алоқаларини бузиш, каби жиноятларни киритишимиз мумкин.

"Кулранг иқтисодиёт" (норасмий иқтисодиёт деб ҳам аталади) яширин иқтисодиёт қонун томонидан рухсат берилган, аммо рўйхатдан ўтмаган иқтисодий фаолият (асосан кичик бизнес вакиллари орасида шаклланади) оддий товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва сотишда намоён бўлади. Бу яширин иқтисодиётининг энг кенг тарқалган соҳаси бўлади. "Оқ" иқтисодиёт билан узвий боғлиқ бўлган ва унга паразитизацияланган "иккинчи" иқтисодиётдан фарқли ўлароқ, "кулранг" кўпроқ автоном ишлайди. Яъни бундай фаолият тури тор доира вакиллари орасида шаклланади, даромадлар тор доирада тақсимланади, товарлар реализацияси ҳам тор доира вакиллари орқали амалга оширилади. Шу сабабли бундай сектор давлат ижтимоий-иқтисодий муносабатлари билан алоқага киришмайди.

"Қора иқтисодиёт" (уюшган жиноий иқтисодиёт) - бу таъқиқланган товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ бўлган иқтисодий фаолиятдир. Гиёҳванд моддалар контрабандаси ва рекет каби жамиятни йўқ қиладиган товарлар ва хизматларни ишлаб чиқаришни мисол қилишимиз мумкин.

Иқтисодий адабиётларда яширин иқтисодиёт субъектларининг учта гуруҳи шартли равишда ажратилган:

биринчи гуруҳ - унинг тепасидаги соф жиноий унсурлар ва уларнинг ишчи кучлари: гиёҳванд моддалар ва қурол сотувчилар, рекетчилар, қароқчилар, қотиллар (пул эвазига), пимпслар, фоҳишалар, коррупцион ҳукумат амалдорлари;

иккинчи гуруҳ - яширин бизнес раҳбарлари (тадбиркорлар, ишбилармонлар, банкирлар, кичик ва ўрта бизнес вакиллари, шу жумладан хизмат кўрсатувчилар);

учинчи гуруҳ - жисмоний ва ақлий меҳнат ходимлари, кичик ва ўрта давлат хизматчилари, даромадларининг ярми пора эвазига келадиганлар.

Ер юзидаги яширин иқтисодий айланма 90-йилларнинг сўнгида 8 трлн. долларга ёки жаҳон ялпи маҳсулотининг 27,5% га тенг бўлган. Бироқ яширин иқтисодиёт миқёси турли мамлакатларда турлича ҳисобда фарқланади. Яширин иқтисодиёт энг ривожланган мамлакатларга Лотин Aмерикаси ва Aфрика мамлакатлари киради. Масалан, 1998 йил Миср ва Нигерияда ялпи ички маҳсулотнинг 70% га тенг бўлди. Яширин иқтисодиёт ҳиссаси энг кам бўлган мамлакат Осиёда Япония (1–2%), Ғарбий Европада Швейцария ҳисобланади. МДҲ мамлакатларида Яширин иқтисодиёт даражаси ўртача ҳисобда. Дунёнинг ривожланган мамлакатларида, масалан, Италияда Яширин иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссаси тегишлича 11,4% ни ташкил этган. (1998 йил маълумотлари).

Халқаро сертификатга эга дипломли бухгалтерлар Уюшмаси (ACCA) тадқиқотларига кўра, 2018 йилда норасмий иқтисодиёт ҳажми Россияда ЯИМнинг 39 фоизи, Озарбайжонда – 67 фоиз, Украинада -45,9 фоиз, Туркияда – 25,7 фоизни ташкил етади. Яширин сектор ҳажми Япония (10 фоиз) ва Хитойда (10,1 фоиз) нисбатан паст кўрсаткичларга ега.

Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, яширин иқтисодиётнинг ўртача дунё даражаси ялпи ички маҳсулотнинг 17,2 фоизини ташкил қилади, аммо бу кўрсаткич турли мамлакатларда фарқ қилади. Масалан, 2019 йилги энг паст кўрсаткич Швейцарияда: 8,6%, Хитойда - 12,9%, Россияда - 43,6%, енг юқори кўрсаткич - Боливияда - 66,4% эканлигини кўришимиз мумкин.

Келажакда иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хавф ва таҳдидларни таҳлил қилган ҳолда, қўйидаги феноменларга диққат қаратишимиз даркор бўлади.

Биринчидан, жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши ишлаб чиқариш омиллари, шу жумладан инсон капиталининг тўпланиши ва ривожланиши рақобатни юзага келтиради. Лекин яширин иқтисодиётнинг мавжудлиги бундай рақобатларни бозор иқтисодиёти шароитига кириши учун тўсиқ бўлиб хизмат қилади.

Иккинчидан, Ўзбекистонда тез ўсиб бораётган меҳнат ресурслари шароитида бандликни таъминлаш муаммоси янги ишлаб чиқариш тармоқларини ташкил қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратишни талаб қилади. Шу билан бирга, асосий тармоқларнинг технологик базасининг орқада қолиши, хомашё экспорти, яширин иқтисодиётнинг юқори ҳажми, паст меҳнат унумдорлиги, юқори энергия ва ресурс зичлиги билан тавсифланган мамлакат иқтисодиётининг мавжуд таркибий деформацияси билан белгиланади.

Учинчидан, бозор иқтисодиёти фаолиятини таъминлашнинг самарали воситаларини жадал жорий этиш, жумладан хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва ер муносабатларини тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этиш, давлат органларининг самарадорлигини ошириш, коррупцияга барҳам бериш ва молия бозорининг ривожланишини таъминлаш.

Тўртинчидан, мамлакат иқтисодиёти инклюзивликнинг паст даражаси билан тавсифланади, бу инсон капиталининг паст сифати, ишлаб чиқарилган даромадларни тақсимлашдаги тенгсизлик, ижтимоий ҳимоя ва илмий-техник салоҳиятнинг пастлиги, табиий ресурсларнинг тақсимланиши ва камайиши билан тавсифланади.

Бешинчидан, саноатнинг кўпайиши, табиий хом ашёнинг янги конларини ўзлаштириш, ноқулай тенденциянинг намоён бўлишида ўз аксини топмоқда ва Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, иқтисодий муносабатларни тартибга солиш соҳасида, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий базаси ва механизмларининг номукаммаллиги сақланиб қолмоқда, давлат бошқаруви тизимида тегишли тартибга солиш механизмлари ва уларнинг қўлланилишини назорат қилмасдан тўғридан-тўғри тартибга солиш воситалари устунлик қилмоқда.

Яширин иқтисодиётининг ижтимоий-иқтисодий салбий оқибатлари қуйидагилардан иборат:

- солиқлар, жарималар, йиғимлар тўламаслиги сабабли барча даражадаги бюджетлар даромад базаси пасаяди;

- жиноятчиликнинг ўсиши, давлат хизматлари тизимида, бошқарув органларида коррупция авж олади;

- инвестицияларни ривожлантириш муҳити соғлом бўлмай қолади (яширин иқтисодий фаолият субъектлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун капитал киритмайдилар);

- иқтисодиёт таркибидаги номутаносибликларни яратади (яширин иқтисодиёт асосан ишлаб чиқариш соҳасида эмас, хизмат кўрсатиш соҳасида ва савдо-воситачилик соҳасида ривожланмоқда);

- нақд пулларни маълум бир тоифадаги шахслар қўлида тўпланиши инфляцияга салбий таъсир кўрсатади.

Шу билан бирга, жиноий секторни ҳисобга олмаганда, яширин иқтисодиётнинг баъзи ижобий томонлари ҳақида гапириш мумкин:

- истеъмолчиларнинг талабларини қондириш (агар бирон-бир сабабга кўра давлат ва хўжалик юритувчи субъектлар зарур хизматлар ва товарларни тақдим эта олишмаса, улар яширин иқтисодий фаолият субъектлари томонидан таъминланадилар);

- инқироз даврида ишлаб чиқариш сақланиб қолади ва аҳоли эҳтиёжи қисман бўлса-да қондириб турилади.

Идоралар фаолиятининг молиявий натижаларини очиб берадиган, ички ҳамда ташқи аудит соҳасини текшириш йўли билан назорат самарадорлигини таъминлайдиган, шу жумладан ички назорат ва ички аудит хизмати ходимларининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатини белгилайдиган, давлат бошқаруви тизими ривожланиши, прогнозлаш ва стратегик режалаштиришга оид хуфиёна иқтисодиёт ва коррупцияга қарши чораларни ошкор этишни таъминлайдиган механизмларни жорий этишни назарда тутадиган «Давлат ички назорати ва ички аудити тўғрисида»ги ва «Давлат молиявий назорати тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш лозим бўлади.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, коррупцияга қарши курашиш соҳасида хуфёна ва норасмий иқтисодиётни бартараф этишда давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлиши керак:

- суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;

- давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш ҳамда коррупциянинг олдини олиш механизмларининг аниқ вазифаларини бириктириш;

- давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

- коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий эти шва рағбатлантириш;

- аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;

- давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;

- фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши курашиш чораларини тайёрлашда, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш;

- пул эмиссиясини қисиш орқали нақд бўлмаган пул айланиш механизмини йўлга қўйиш ва уни рағбатлантириш;

- идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси бўлиши керак.

Оққўрғон туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси

Бекназар Жўраев