ЯНА БИР МЎЪЖИЗА ... Думғаза (хвосцовая кость
ЯНА БИР МЎЪЖИЗА ...
Думғаза (хвосцовая кость) мўъжизаси
Думғаза инсон умуртқа поғонасининг энг охирги суяги бўлиб, инсоннинг бир аъзоси ҳисобланади, у ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Бошқа суяклардан фарқли ўлароқ у ерда чириб ҳам кетмайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўпгина ҳадиси шарифларида айтилишича, инсон думғаза суягидан яратилган, кейин қиёматда яна шундан яратилади.
Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:
«Инсоннинг ҳамма жойи чириб йўқ бўлади, фақат думғаза суяги чиримайди. Инсон ундан яратилган эди, қиёмат куни яна ундан яратилади».
Имом Бухорий, Насоий, Абу Довуд, Ибн Можа ривоят қилишган.
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
«Инсоннинг бир суякдан бошқа ҳамма нарсаси чирийди. Бу чиримагани – «ажбуз-занаб» деб аталувчи думғазадир. Қиёмат куни қайта тирилиш шундан таркиб топади».
Имом Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадисларда думғаза ҳақидаги бундай фикрлар ва далиллар ифодасини топган:
– Инсон думғазадан яратилган.
– Думғаза ерда чириб кетмайди.
– Қиёмат куни ҳар бир инсон шу суякдан қайта тирилади.
Думғаза ҳужайралари шикастланмайди ва бузилмайди.
1931 йилда Спеманн «бирламчи асос» ҳосил қиладиган тўқимани майдалаб, уни қайта кўчириб ўтқазади, майдалаш эса тажрибага таъсир қилмайди ва ҳеч нарсага қарамай иккинчи эмбрион ҳосил бўлади. 1933 йилда Спеманн ва бошқа тадқиқотчилар худди шу тажрибани такрорлашади, аммо бу сафар «бирламчи асос» ҳосил қиладиган тўқимани майдалашдан олдин қайнатишади.
Аммо бу сафар ҳам ҳеч нарсага қарамай иккинчи эмбрион ҳосил бўлади. Шундай қилиб, бу ҳужайрага ҳеч нарса таъсир қилмаслиги маълум бўлади.
1935 йилда Спеманн «бирламчи асосни» кашф этгани учун Нобель мукофотини олади.
Доктор Усмон ал-Жийлоний ва шайх Абдулмажид Аз-Зиндонийлар ҳам 2003 йилнинг рамазон ойида Санодаги Зиндонийнинг уйида думғаза билан бир неча илмий тажрибалар олиб боришди. Умуртқа думғазаси тўла аланга олиб ёнмагунича газ алангасига ўн дақиқа тутиб турилди (суяк олдин қизил рангга киргунча ловуллаб ёнди, кейин эса қорайиб кетди)
Улар куйдирилган бўлакларни стерилланган колбага (лаборатория шиша идиши) солиб, Санодаги машҳур илмий-тадқиқот лабораториясига (ал-Олакий лабораторияси) олиб боришди. Гистология ва патология университети профессори доктор ал-Олакий тўқима бўлакларни ўрганиб, унинг куйдирилгани думғазанинг суяк тўқималарига таъсир қилмаганини айтади, яъни улар куйдирилгани билан ўзгармаган (фақат мушак, ёғ тўқимаси ва илик куйган, думғаза суякларининг ҳужайраларида эса ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган).
Мўъжизанинг жиҳати
Муҳаммад алайҳиссаломнинг думғаза ҳақидаги ҳадислари Пайғамбаримизнинг илмий мўъжизаларига киради, чунки эмбриология инсон танасининг барча қисм ва аъзолари думғазадан чиққанини аниқлаган бўлиб, ҳомилашунослик тилида буни «бирламчи асос» (первичний образовател) ҳам дейишади. Бу «бирламчи асос» ҳужайраларнинг кўпайишига ва тўқималарнинг дифференсиациялашувига сабаб бўлади, бу эса асаб тизимининг бирламчи шаклда ривожланишига олиб келади. Ўлимдан кейин Қиёмат куни инсон шу суякдан, аниқроғи шу суякнинг эмбрионни ҳосил қилдирадиган ҳужайраларидан қайта таркиб топади.
«Бирламчи асос»ни такрорий қайта кўчириб ўтқазилиши, майдаланиши ёки куйдирилиши тажрибага асло таъсир қилмайди, эмбрион ҳеч нарсага қарамай ҳосил бўлаверди. Куйдирилиш ҳам думғаза суяк ҳужайрасининг тўқималарига таъсир қилмаслиги аниқ бўлди. Бу тажрибалар натижаси Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларидаги думғазанинг ерда чиримаслиги ва бутунлай йўқ бўлиб кетмаслигини ҳақидаги гапларини бутунлай тасдиқлади.