July 15, 2020

Бошга масҳ неча марта тортилади?

Савол:

Ассалому алайкум.

Мен бир йигитнинг таҳорат олаётиб бошига уч марта масҳ тортганини кўриб қолдим. Сабабини сўрасам, у: “пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам уч марта масҳ тортганлар, шундай қилмаганлар биздан эмас деганлар”, деди. Менга бу гап қаттиқ таъсир қилди, наҳотки шу пайтгача нотўғри масҳ тортган бўлсак? Жавобини интизорлик билан кутаман.

Жавоб:

Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳи вабаракотуҳ.

Уламолар бошга такрор масҳ тортиш масаласида ихтилоф қилишган. Жумҳур уламо, жумладан ҳанафий фақиҳларимизга кўра бошга бир марта масҳ тортилади. Фақат шофиъийларнинг маълум бир қисми уч марта масҳ тортилади, дейишади. Бунга улар Абу Довуд Усмондан ривоят қилган масҳнинг уч марта қилиниши ҳақидаги ҳадисни далил қилишади. Жумҳур уламо эса бу ҳадиснинг заиф эканини айтиш билан бирга, масҳ енгиллик учун жорий бўлган, уч марта қилиш билан енгиллик йўққа чиқади, дейишади. Қолаверса мазҳабимиз китобларида, уч марта масҳ қилган бош ҳўл бўлади, бинобарин у энди масҳ эмас, балки ювиш бўлиб, қолади, дейилади. Саҳиҳ ҳадисларда бошга масҳ қилиш мутлақ айтилган, мутлақ эса такрорни тақозо қилмайди. Ибн Обидин уч марта масҳ қилишни макруҳ, дейдилар.

Абу Довуднинг ўзлари Али розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида масҳ бир марта бўлиши қайд этилган. Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар ҳам уни бир марта қилишга далолат қилади.

Ҳадис китобларида сизга айтилган таҳдидни кўрмадим.

Аллоҳ янада билувчи.

Мубашшир Аҳмад.