Ягона реестр янгиланди

Давлат хизматлари маркази ходимлари қонунчиликдаги янгиликлардан биринчилар қаторида хабардор бўлиши талаб этилади. Айниқса, тизим фаолиятига оид ҳар бир ўзгариш, янгиликни билиб, ўрганиб бориши, ўз ишини мукаммал билишига асос бўла олади.

2019 йил 13 сентябрь куни Давлат хизматларининг ягона реестри Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди ( №3181). Мазкур Реестр давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган барча давлат хизматларини хатловдан ўтказиш натижаси бўйича шакллантирилган бўлиб, дастлабки реестр 2018 йил 28 февраль куни Адлия вазири ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири томонидан тасдиқланган ҳамда 2976-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, 444 хизматдан иборат бўлган эди. Кейинчалик 2018 йил 1 июнда Адлия вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг қарори билан Давлат хизматлари ягона реестри тасдиқланди ва 3021-сон билан Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди. У ўз ичига 693 та давлат хизматларини қамраб олган эди. Бу сафарги янгиланган ягона реестрда жами 716 та давлат хизмати ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармонига асосан Адлия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантиришни таъминлаш вазифаси юклатилиб, 2018 йил 1 июндан бошлаб эса Давлат хизматларининг ягона реестрига киритилмаган давлат хизматларини кўрсатишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган эди.

Янгиланган давлат хизматлари Ягона реестри ҳақида Қарши шаҳар давлат хизматлари марказида ходимлар ўртасида маҳорат дарси ташкил этилди. Уни марказ бош мутахассиси Д. Турсонова олиб борди ва давлат хизматлари Ягона реестрига киритилган ўзгартиришлар, уларнинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди. Бундан ташқари, ҳозирги вақтда нафақат тадбиркорларга, балки аҳолига ҳам зарур ва талаб юқори бўлган давлат хизматларини тақдим этиш вақтида марказ ходимларининг муомала маданияти, хизмат кўрсатиш даражаси ва мурожаатчи сўровига тўлиқ жавоб берилиши муҳим эканлигини эслатиб ўтди. Хусусан, давлат органлари ва давлат хизматлари кўрсатадиган бошқа ташкилотлар билан ўзаро мустаҳкам ҳамкорлик қилиш, хизмат кўрсатиш қулай ва шаффоф бўлиши, турли ҳил бюрократик тўсиқларга йўқ қуймаслик, аризачиларга ҳуқуқий ахборот ёрдами кўрсатиш, шу жумладан давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида консультациялар берилиши кераклиги ҳақида ҳам гапириб ўтилди.

ДХА Қашқадарё вилояти бошқармаси Матбуот хизмати

Бизни кузатишда давом этинг
👇👇👇
https://t.me/qashqadaryodxa
https://www.facebook.com/qashqadaryodavxizmat/