Бутун Ўзбекистон аҳолиси билан биргаликда суратга тушиш имкони бор!
Инсонлар нега суратга тушишади? Суратлар айнан бирор воқеа ёки лаҳзани хотира сифатида муҳрлаб, сақлаш ёки бирор бир ҳодиса тафсилотини бошқаларга етказиш учун керак, шундай эмасми?
Аҳолини рўйхатга олиш ҳам ҳудди суратга тушишдек гап, фақат бунда давлатнинг маълум даврдаги демографик ҳолати фактлаштирилади. Кўпчилик мамлакатларда ҳар 10 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади. Ўзбекистонда сўнгги марта аҳолини рўйхатга олиш ишлари 1989 йилда ўтказилган. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган.
Мамлакатимиз аҳоли сонини аниқ ҳисоблаб чиқиш уларнинг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, турмуш даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича ягона маълумотлар базасини яратиш мақсадида, давлатимиз раҳбари томонидан "Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйҳатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги фармон имзоланди.
Мазкур Фармон мамлакатимиз тараққиёти йўлида қўлга киритилажак асосли ва ишончли маълумотлар базасини яратиш, республикадаги ижтимоий вазиятга янада ойдинлик киритишга хизмат қилади.
2020 йилнинг 16 март куни эса Президентимиз томонидан “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонуни тасдиқланди.
Қонунга кўра, аҳолини рўйхатга олиш — Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида ўтказиладиган, белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда уларга ишлов бериш даврий жараёни.
Аҳолини рўйхатдан ўтказиш аҳоли ҳақида ахборот тўплашнинг энг кенг кўламли ва кўп мақсадли тадбиридир. Маълум бир санада аҳолининг аниқ сони (ёши ва жинси таркиби, фуқаролиги, миллий таркиби (кенг қамровли), барча аҳоли пунктлари бўйича сони, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, иқтисодий фаол аҳоли, бандлиги (касби ва мутахассислиги) ва ишсизлиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги бўйича батафсил маълумот олинади.
Давлатда қанча одам, қандай ижтимоий ва иқтисодий аҳволдалиги, қаерда истиқомат қилаётганлиги, турмуш ва оилавий тарзи, иш фаолияти ва бошқалар тўғрисида реал маълумот олишга ёрдам беради.
2020 йилда аҳолини рўйхатдан ўтказиш дастурлари 50 дан ошиқ давлатларда ўтказилиши режалаштирилган эди. Улар орасида кўп сонли аҳолига эга мамлакатлар – АҚШ, Хитой, Россия, Япониия, Бразилия, Мексика бор. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон аҳолисининг умуммиллий рўйхатги олиш ишлари ҳам 2020 йилга белгиланган эди. Ўзбекистон ва Туркманистонда эса 2022 йилда ўтказиш режалаштирилган.
Бироқ, дунё бўйлаб кузатилаётган короновирус пандемияси таъсири остида, аҳолини рўйхатдан ўтказиш умумиллий дастурини 2020 йилда ўтказишни режалаштирилган давлатлар ушбу дастур ижросини бошқа вақтга қолдиришига тўғри келмоқда.
Халқаро тажрибада, аҳолини рўйхатга олиш дастури давомида маълумотларни олиш ва саралаш ишларини замонавий технологиялар – электрон мосламалар ва Интернет тармоғи ёрдамида ўтказиш айни бугунги шароитда қўл келиши мумкин.
Масалан, Россия Федерацияси ҳукумати аҳолини рўйхатга олиш дастури доирасида фуқароларга мустақил равишда Gosuslugi.ru – Ягона давлат хизматлари портали орқали анкета тўлдириш имкониятини тақдим этмоқчи. Шунингдек, муниципал ва давлат хизматларини кўрсатувчи кўп функционал марказлари орқали рўйхатдан ўтиш имконияти ҳам мавжуд бўлади.
Мамлакатимизда 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй юрган ҳолда, юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси Б.Бегаловнинг сўзларига кўра, интернет тармоғи орқали аҳолини рўйхатга олиш имконияти ҳам яратилади, аниқроғи, хоҳловчилар ўзлари уйларидан ёки масофадан туриб, махсус дастур орқали саволнома варақаларини тўлдирган ҳолда рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади.
Ҳар қандай ҳукумат мамлакатни ривожлантиришнинг ижтимоий-иқтисодий дастурлари ва старатегияларини ишлаб чиқиш давомида аҳолисининг таркиби ва сони, зичлигини ҳамда географик жойлашувини инобатга олса, ишлаб чиқилаётган дастурларнинг ва мақсадли чора тадбирларнинг самарадорлиги ва манзиллилигини таъминлайди.
Бизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
https://t.me/dxaqashqadaryo
https://www.facebook.com/qashqadaryodavxizmat/