November 25, 2020

“Қарши тажрибаси”: иккинчи босқич.

Шу вақтга қадар давлат хизматлари марказларидан олисда жойлашган ҳудудларда филиаллар ташкил этилиб келинган бўлса, Қарши тажрибасида ҳар бир маҳаллада ва мактабларда давлат хизматларини кўрсатиш бурчаклари ташкил этиш бирламчи мақсад қилиб олинди.

Бунда авваламбор ёш авлодда тушунча ва билимларни кенг тарғиб қилиш, нафақат ёшлар балки катта ёш авлод вакилларида ҳам етарлича кўникма ҳосил қилиш оқибатида - давлат хизматларидан фойдаланишни янада осонлаштиришини, ортиқча ҳаракат ва ҳаражатлар олди олинишига эришиш мумкин.

Шу мақсадда ҳам ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси республика миқёсида янгича ёндашув ва иш услубини олиб боришга киришди. Махсус чора тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Қарши шаҳри тажриба ҳудуди сифатида танланганлигини ҳисобга олиб, шаҳардаги мавжуд 62 та маҳалла ва 42 та умумтаълим мактаблари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни бошлаб юбордилар.

Нафақат маҳаллаларда, балки умумтаълим мактабларида ҳам махсус хизмат кўрсатиш бурчаги ташкил этиш орқали вояга етиб келаётган ижтимоий ҳаёт иштирокчиларини давлат хизматлари тўғрисида ҳозирданоқ тўлиқ тушунча ва маълумотга эга бўлишларини таъминлашдир.

Бугун Қарши шаҳар 1 – ўрта таълим мактабида ўқитувчи ва битирувчи синф ўқувчи ёшлари учун давлат хизматлари бурчаги тақдимоти бўлиб ўтди.

ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси давлат хизматларини рақамлаштириш бўлим бошлиғи А.Эргашев ва Қарши шаҳар ДХМ мутахассиси Ш.Ахмедов томонидан давлат хизматлари ҳақида умумий тушунчалар, марказлар орқали тақдим этилаётган хизматлар турлари ва онлайн хизмат олиш тартиби ҳақида гапириб, “жонли” равишда хизматлардан Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz сайти орқали фойдаланишни ҳам кўрсатиб беришди.

Мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Тўхтаева Гулчеҳранинг сўзларига кўра, давлат хизматларидан иш фаолияти давомида 2-3 хил хизмат туридан кўп бора фойдалананиб келишганларини, лекин барча хизматлар ҳақида тўлиқ маълумотга айнан шу соҳада хизмат кўрсатаётган ходимлардан эшитиш анча фойдали ҳамда қизиқ бўлганини айтиб ўтди.

“Ўқитувчиларнинг вақти доим тиғиз бўлади, баъзан давлат хизматидан фойдаланиш зарур бўлганда, марказга бориб келишни ўйлаб қолардик. Онлайн хизматлар олиш анча соддалаштирилганлиги, электрон рақамли имзоларни ҳам ҳозирда онлайн тарзда олиш мумкинлиги жуда қулай деб ўйлайман. Биз ДХА вилоят бошқармаси вакиллари билан келишган ҳолда, юқори синф ўқувчилари ва ўқитувчилар учун Қарши шаҳар давлат хизматлари марказларида очиқ дарслар, экскурсиялар ўтказишга келишиб олдик.”,- деди мактаб директори Зебинисо Турсунова.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятнинг ошиши ва кейинчалик давлат хизматлари “қийин ва тушунарсиз” жараён тоифасидан “оддий, кундалик одат” даражасига айланишига эришиш – Қарши тажрибасининг асосий ва бирламчи вазифасидир!

Бизни кузатишда давом этинг
👉👉 https://t.me/qashqadaryodxa
👉👉👉https://www.facebook.com/qashqadaryodavxizmat/