April 24, 2019

СОҲИБҚИРОН ЮРТИ ЖАҲОН НИГОҲИДА

Тарихий маълумотларга кўра, XV асрда Шаҳрисабз ҳудудий жиҳатдан унчалик катта бўлмасдан, девор билан ўралган қисми нуқтаи назаридан кичик шаҳарлар тоифасига кирса ҳам, у бу шаҳар сайёҳлар ва замондошларда катта таассурот қолдирган. Хусусан, Испан элчиси Клавихо йирик иншоотлар барпо этилган Кешни “кўпгина уйлар ва боғлар қучоғида” бўлган катта шаҳар деб атайди. Ўрта асрлар манбалари маълумотларига асослансак, қишлоқлар ва қарам мулклар билан қўшиб ҳисоблаганда, Шаҳрисабзнинг шаҳар атрофи ҳудудлари энига уч фарсаҳга тенг келган, яъни энига ва бўйига 20 километрга яқин бўлган.

Ям-яшил боғлар бағрида бўлган Шаҳрисабз Амир Темур даврида Ўрта Осиёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланди. Амир Темур ва темурийлар даврида Шаҳрисабз марказий шаҳар сифатида ривожланган бўлиб, шимолдан жанубга томон чўзилган тўғрибурчакни акс эттирар эди. Марказда бош кўчалар бўйлаб чўзилган бозорлар бор эди. Шунингдек, XIV-XV асрларда Шаҳрисабз­да кўплаб диққатга сазовор иншоотлар барпо этилди.

Амир Темур 1360-1361 йиллар Кеш ҳокимлигига ўтирганидан бошлаб, кейин­чалик ҳам улкан салтанат ҳукмдори сифатида ўзи туғилиб ўсган юрти Кешга катта диққат-эътибор қаратишни сусайтирмади. 1360 йилда Темурнинг отаси Амир Тарағай вафот этади ва Кешда дафн этилиб, кейинчалик унга мақбара бунёд этилади. Темурнинг 1376 йилда ҳалок бўлган тўнғич ўғли Жаҳонгир Мирзо ва 1394 йилда ҳалок бўлган яна бир ўғли Умаршайхлар ҳам Шаҳрисабзда дафн этилади. Соҳибқирон эса Самарқандда дафн этилади.

Соҳибқирон даврида ҳам, ундан кейин ҳам узоқ йиллар Шаҳрисабзда асосан барлос уруғлари яшаган. Тарихдан маълумки, Амир Темур марказлашган ҳокимиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўзига яхши қуролланган ва қаттиқ интизомли қўшин тузади, бу қўшиннинг асосини эса барлос улуғлари ташкил этар эди. Соҳибқирон жангларда жасорат кўрсатган барлос амирлари ва аскарларига алоҳида илтифот кўрсатиб турган. Барлослар Кеш шаҳри ва атрофида бўлажак юришлар учун тайёргарлик кўришган.

Ёзма манбалар маълумотлари ва олиб борилган археологик тадқиқотлар натижаларига қараганда, Амир Темур даврида Шаҳрисабз Оқсарой, Жомеъ масжиди, мадраса, хонақо, мақбаралари бўлган гўзал, мустаҳкам бир шаҳарга айланади. Аниқ режа асосида барпо этилган кўчалари бўлган ҳамда бу кўчалар савдо маркази, бозор, ҳаммом кабилар билан боғланган. Бу шаҳар бутун Кеш вилояти аҳолиси ва четдан келганларнинг диққатини ўзига жалб этган.

Шаҳрисабзни ўраб турган қалъа деворларини ўрганиш шундан далолат берадики, Амир Темур даврида барча томонларда миноралари бўлган яхлит ҳимоя деворларини бунёд этишда жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилган. Шаҳрисабз ҳимоя деворлари қурилишида қўлланилган қаватли пахса услуби Кешга хос бўлиб, кейинги даврларда ҳам беклар қалъалари қурилишида қўлланилган.

Бу даврда айниқса, ҳунармандчиликнинг ниҳоятда ривожланганлигини кузатиш мумкин. Қазишмалар натижасида кулолчилик хумдонлари ва кулолчилик буюм­лари топилган. Шаҳрисабздаги бундай сопол идишлар намуналари юксак ҳунармандчилик маҳорати билан тайёрланган. Меъморчилик иншоотларида ишлатилган кошинлар ўша ерда тайёрланган. Шаҳар атрофида ҳам қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилган.

Шаҳрисабзда Амир Темур ва темурийлар даврида қурилган барча иморатлар шаҳарнинг умумий режасига боғлиқ равишда жойлашган. Шаҳрисабз ҳисорининг (шаҳарнинг ички қисми) умумий тарҳи тўрт дарвозадан бошланиб, шимолдан жанубга ва шарқдан ғарбга томон бир-бирини хочсимон кесиб ўтган ҳамда марказда бир-бири билан белгиланган. Ўрта Осиёнинг айрим шаҳарларида бўлганидек, кўчалар туташган марказда асосий бозорнинг гумбазли растаси жойлашган бўлиши эҳтимол. Шаҳар бозорлари асосий кўчалар ёқаси бўйлаб дарвозаларга қадар давом этган бўлиши мумкин.

Амир Темур даврига қадар қурилган умумшаҳар жомеъ масжиди шаҳарнинг жанубий қисмида, ҳунармандлар, шу жумладан, чармгар (кўнчи)лар ва кулоллар маҳаллаларига яқин жойлашган. Адабиёт­ларда келтирилган ривоятларга кўра, Чорсудан шимолда жойлашган Жиловхона гузарида Амир Темур даврида подшолик отхонаси бўлган. Маҳаллий аҳоли фикрича, ўша пайтда икки эски ҳаммом ҳам бўлиб, XVIII асрда улар беклар мулки бўлган. Бироқ маълумотларга қараганда, бу ҳаммомга гўёки XII асрда Минораи Каллонни бунёд эттирган Арслонхон томонидан асос солинган. Тадқиқотчилар таъкидлашича, унинг ёши XVI асрнинг иккинчи ярмида Бухорода ­бунёд этилган Саррофон ҳаммомидан катта. Шаҳрисабз ҳаммомининг саҳни ёндош кўчанинг юзидан анча паст, шунинг учун бутун бино қурилган пайтидан буён ҳосил бўлган маданий қатлам ичра кўмилгандек туюладики, бу ҳам унинг қадимда бунёд этилганидан гувоҳлик беради.

Қабристонлар асосан шаҳар дарвозасидан ташқарида бўлган. Уларнинг энг каттаси Қарши йўлининг икки томонида жойлашган бўлиб, Хожа Саййид Ҳамадоний мозори деб аталадиган бу қабрис­тонда қадимги қабртошлар ва гумбазсимон сағаналар учрайди. Улардан баъзиларини қуришда кичик ғиштлар ишлатилган. Маҳаллий аҳамиятга эга мақбара Ҳисор ичида бўлиб, шаҳарнинг жануби-шарқий қисмида, катта жомеъ масжид яқинида жойлашган. Бу эски қабристон майдонида XV асрга оид кул ранг ва оқ мармар қабртошлар сочилиб ётибди. Улар гўзал ўйма битиклар ва нақшлар билан безатилган, аксарият қабр тоштахталарнинг ёзуви ўчирилиб, XVI ва XVII асрларда улардан қайта фойдаланилган.

Шаҳарнинг бундай ном билан аталиши унда кўп сонли дарахатлар ва гулзорларнинг мавжудлиги билан тушунтирилади. XIV-XV асрларда шаҳар тўртбурчак шаклида бўлиб, бир нечта дарвозаларга, Самарқанд дарвозасидан Термиз дарвозаси томон ўтган марказий кўчага, марказий майдон – Регистонга ва бозорларга эга бўлган. Шаҳар ўзининг меъморий обидалари билан машҳур бўлган. Зодагонлар ва руҳонийлар гузари яқинида Оқсарой, шаҳар марказида Чорсу, шаҳарнинг жануби-шарқий қисмида Доруссаодат меъморчилик мажмуи ва Кўк Гумбаз масжиди жойлашган. Шаҳар йирик маъмурий ва савдо маркази ҳам бўлган. Ўрта асрлар муаллифи Маҳмуд ибн Валининг ёзишича, “Кеш маҳсулоти бу, отлар, туялар, қарбас, намат, Кеш тузи... Экин турларидан – ғалла, узум ва қовун яхши ҳосил беради”. Қарбас – (оқ бўз туридаги мато), турли матолар ишлаб чиқариш, палос ва намат тайёрлаш, дўппи ва сўзаналар, чопон ва бош­қалар тикиш сўнгги ўрта асрларгача шаҳар аҳолисининг анъанавий ҳунарманд­чилиги турларини ташкил қилиб келган. Шаҳрисабзда тўқимачиликдан ташқари кулолчилик ва терига ишлов бериш билан боғлиқ ҳунармандчилик турлари мавжуд бўлган. Шунингдек, ёғочга ишлов бериш, металдан турли меҳнат қуроллари ва безак турлари ясаш кенг тараққий этган. Шаҳар ҳунармандчилигининг кенг тараққий этганлиги шаҳарнинг ғарбий қисмида ҳунармандчиликнинг йирик гузари мавжуд бўлганлигида ҳам ўз аксини топган.

Археологик тадқиқотлар маълумотларига кўра, Шаҳрисабз ўзининг энг гуллаб-яшнаган даври – XV асрда зич қурилган, обод шаҳар бўлиб, гўзал бинолар ва боғларига эга эди. Шаҳар майдони 5 км.га тенг бўлган, у қалъа дев��ри ва хандақ билан мустаҳкамланган. Ўрта асрлар Шаҳрисабзнинг диққатга сазовор жойлари таърифи 1404 йилда шаҳарда бўлган испан элчиси Клавихо кундаликларида келтирилади. Баланд Оқсаройнинг гумбазларидан туриб Шаҳрисабзни кенг миқёсда кузатиш мумкин бўлган. Бунга Клавихо ҳам ўз эътиборини қаратади: “Ушбу шаҳар текисликда жойлашган. Унинг барча томонларидан кўплаб ирмоқлар ва каналлар оқиб ўтиб, шаҳар кўп сонли боғлар ва уйлар билан ўралган”.

Оқ сарой биноси XIV-XV асрларга оид ёдгорликлар орасида энг йирик ва нодир обида ҳисобланади. Бино Амир Темур ва темурийлар даврида ҳам, ҳозирги кунда ҳам Кеш-Шаҳрисабзга келувчиларнинг диққат-эътиборини тортиб келган. Оқ сарой бунёд этилган даврдан бошлаб, жуда кўплаб сайёҳлар ўз кундаликларида бу муҳташам бино ҳақида эслатиб ўтганлар. Оқсарой биноси қурилишининг бошланиши 1380 йилнинг биринчи ярмига тўғри келади.

Оқсарой биносининг кириш пештоқининг иккита улкан устуни сирланган мозаика ва бетакрор ўйма нақшлар билан безатилган. Бу ердаги геометрик ва табиий нақшлар етти хил рангда танланган бўлиб, халқ орасида “ҳафт ранги” деб номланади.

Унда “Агар бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсанг, биз қурдирган иморатларга боқ!”, деган машҳур хитобнома ҳам бор. Бу хитобнома Амир Темур номидан ёзилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида Соҳибқироннинг қудрати ва кучидан ҳамда меъморларнинг ҳукмдорлар буйруғини бажараётган пайтдаги ёруғ фикрлилиги, маънавий бойлиги ва дидлигидан далолат беради. Ушбу матн ҳам йирик араб ёзувида, “Сульс” услубида битилган. Шунингдек, бу ерда Амир Темурни турли мақтов сўзлар билан улуғловчи матнлар ҳам бор.

Оқсаройнинг дастлабки кўринишлари ҳақида испан элчиси қизиқарли маълумотлар беради: “Эртасига, жума куни (1404 йил 29 август) элчиларни подшонинг буйруғи билан бунёд этилган катта саройга олиб бордилар. Айтишларича, бу ерда усталар йигирма йилдан буён ҳар куни ишлашар экан. Ҳатто ҳозир ҳам кўп усталар ишлаб турибди. Саройнинг кириш йўли жуда узун ва дарвозаси баланд. Кириш жойида, ўнг ва чап томонда кошинлар ва турли нақшлар билан безатилган ғиштин арклар қад кўтарган. Арклар тагида эшиксиз кичик хоналар бўлиб, уларнинг сатҳи кошинлар билан қопланган. Бу қоплама шунинг учун қилинганки, подшо саройга келган пайтда одамлар бу ерда ўтирадилар. Катта дарвозалардан сўнг яна бошқа дарвоза бор. Ундан кейин эса оқ тошлар ётқизилган ҳовли ва безатилган тимлар бор. Ҳовли ўртасида катта ҳовуз бўлиб, ҳовлининг эни уч юз қадам. Ҳовли орқали саройнинг энг катта биносига ўтилади. Бу бинога киришда ҳам жуда катта ва баланд эшик бўлиб, у олтин, ложувард ва кошинлар билан моҳирона безатилган... Бу эшик орқали элчиларни юқори қаватларга олиб чиқдилар. Бу ерда хоналар шунчалик кўпки, уларни бирданига тас­вирлашнинг иложи йўқ. Бу ердаги безаш ишларининг барчаси олтин, ложувард ва қимматбаҳо тошлардан қилинганки, бунга ҳатто Парижнинг моҳир усталари ҳам қойил қолиши мумкин.

Истиқлол йилларида Шаҳрисабз янада гўзал ва обод бўлди. Шуни айтиш керакки, Амир Темурнинг Туркистон диёрини босқинчилардан озод қилиш йўлидаги жасур ҳаракатлари айнан шу юртдан бош­ланганлиги ҳаммамизга яхши аёндир. Демак, Амир Темур бобомиз ўз олдида турган барча улуғвор ишларни айнан ана шу Кешга таянган ҳолда амалга оширган. Дарҳақиқат, ана шундай буюк хизматлари учун, қолаверса, буюк соҳибқиронни вояга етказган қадимий Кеш шаҳри Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов Фармони билан 1996 йил 28 августда Шаҳрисабз шаҳри Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан “Амир Темур” ордени билан мукофотланди.

Бугунги кунга келиб, Соҳибқироннинг суюкли шаҳри ўзининг асл қиёфасини тиклади ва дунёнинг барча бурчакларидаги олиму мутахассислар ҳамда сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Яқиндагина у ерда ўтказилган Халқаро мақом фестивали унинг довруғини янада оширди.

Ҳаким АЗИМОВ,

тарих фанлари номзоди, доцент.