МАҚОМИ ЭРУР ШАҲАРЧА, МАВҚЕИ ЙЎҚ БИР ҚИШЛОҚЧА

by qishloqhayoti
МАҚОМИ ЭРУР ШАҲАРЧА, МАВҚЕИ ЙЎҚ БИР ҚИШЛОҚЧА

Мамлакатимизда “Обод қишлоқ” дастури асосида олиб борилаётган ўзгаришлар одамларнинг давлатга, эртанги кунига ишончини оширди. Чекка-чекка ҳудудлардаги қишлоқ ва овуллар обод бўлмоқда. Бу қишлоқларда аҳоли учун ижтимоий объектлар қурилди. Газ, электр, тоза ичимлик сувига бўлган талаблари қондириляпти. Йигирма-ўттиз йилдан бери таъмирни кўрмаган йўллар, кўчалар асфальт қилиняпти. Қўйингки, қишлоқда чиройли инфратузилма шакллантирилмоқда. Аммо...

Қўшкўпир тумани Хонобод қишлоғидаги Хонобод маҳалласига 2011 йилда шаҳарча мақоми берилган экан. Шаҳарча бўлса шаҳарча-да, нима бўлибди, дерсиз. Ҳа, энди шаҳарча деганимизда кўз олдингизга одамлар учун барча шарт-шароит муҳайё, гўзал бир гўша келади-да. Шаҳарча бўлгандан кейин, шунга яраша инфратузилма, маданият бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 мартдаги қарор ижроси юзасидан туман ҳокимининг 2011 йил 13 январдаги қарори билан Хонобод қишлоғидаги Хонобод маҳалласига шаҳарча мақоми берилган. Аммо мана, орадан саккиз йил ўтдики, шаҳарчада ҳеч қандай ўзгариш кўзга ташланмади.

– Маҳалламизнинг шаҳарча бўлганини биз яқинда билдик, – дейди шу маҳаллалик ўқитувчи Бектурди Қуронбоев куйиниб. – Бундан саккиз йил олдин маҳалламизнинг шаҳарча мақомини олгани маҳалладагиларнинг ҳам ёдидан кўтарилиб кетган. Аммо буни солиқчилар асло эсдан чиқаришмайди-да.

Ҳа, ёнма-ён яшаётган иккита хонадон (бири шаҳарча ҳудудига қараса, бири бошқа қишлоққа) икки хил ер солиғи тўлашга мажбур. Чунки шаҳарча мақомидаги аҳоли ер солиғини 42 минг сўмга кўп тўлаши Солиқ кодексида аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган.

Халқимиз “қорнимга эмас, қадримга йиғлайман”, деган иборани топиб айтган. Зотан, хонободликлар куйинганининг сабаби ортиқча ер солиғи тўлаётганидан эмас, балки маҳалласи шаҳарча бўлиб, шу номга мос бўлмаётганидан. Маҳалла аҳли бу тўғрида туман халқ қабулхонасига мурожаат қилишган. Уларнинг бу мурожаатларига туман ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Раҳимов имзоси билан 4 февраль куни -ЖР-Қ-36-сонли жавоб хати келган. Унда “Фуқаро Б.Қуронбоев мурожаати бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 мартдаги 68-сонли “Ўзбекистон Республикаси Аҳоли пунктларининг маъмурий-ҳудудий тузилишини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, туман ҳокимининг 2011 йил 13 январдаги қарорига кўра, туманнинг Шихмашҳад, Шеробод, Хонобод, Ўртақишлоқ, Қоромон маҳаллаларига шаҳарча мақоми берилгани сабабли ер солиқлари шаҳарча ставкасида тўланиб келаётгани тушунтирилди. Шунингдек, фуқаро Б.Қуронбоевга келгусида босқичма-босқич шаҳарча мақоми берилган маҳаллаларнинг муҳр ва штампи ўзгартирилиши тушунтирилди”.

– Ажабо, – дейди ушбу жавоб хатини ўқиган шикоят муаллифи. – Шу ўтган саккиз йил мобайнида ҳали муҳр ва штампни ўзгартириш босқичига етиб кела олмабмиз-да. Демак, бу ҳудуд ҳатто юридик мақомга ҳам эга эмас экан-да?! Унда нега биз саккиз йилдан бери шаҳар тарифи бўйича солиқ тўлаб келяп­миз?!

Хонобод қишлоғи бешта: Хонобод, Дурдона, Олтин воҳа, Қадрият ва Кўктом маҳалларидан иборат. Уларда оз эмас, кўп эмас ўн саккиз минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Шу биргина шаҳарча мақомини олган Хонобод маҳалласининг ўзида беш ярим минг нафар аҳоли умргузаронлик қилади.

Маҳалланинг марказий кўчаларида яшовчи аҳоли зангори оловдан, сув ўтказгичдан фойдаланаётган бўлса, шу маҳалланинг Диндом, Акунда каби участкаларида бу имконият ҳали йўқ. Қишлоқ йўллари абгор аҳволда. Ариқ-зовурларнинг устига қурилган кўприклар аянчли ҳолатда.

Шаҳарча мақомини олган Хонобод маҳалласидаги врачлик пунктини бундан бир ярим йиллар бурун Кўктом маҳалласидаги қишлоқ врачлик пунктига кўчириб, у ерни оилавий поликлиника қилишган эди. Тўғрироғи, ҚВПни “шаҳарча”дан олиб, қиш­лоққа кўчиришди. Оқибатда беморлар саломатлигини тиклаш учун қишлоқнинг бу бошидан у бошига қатнашга мажбур бўлишди. Масофа кошки яқин бўлса… Тахминан олти-етти километр. Кейинчалик эски ҚВП таъмирланиб, оилавий поликлиниканинг филиалига айлантирилди.

Хонобод маҳалласидаги 48-мактабнинг торлиги боис, ўқувчиларнинг эмин-эркин таълим олишлари анча қийин кечмоқда.

Маҳаллада кўзга кўринарли тадбиркорлик объектлари йўқ. Бу, аҳолини иш билан таъминлаш ҳам қониқарли аҳволда эмас, деганидир.

Хуллас, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури бизга қачон етиб келар экан, зора, қишлоғимиз... и-е кечирасиз, шаҳарчамиз ҳам чиройли бўлиб қолармиди…”, дея умид билан кутмоқда шаҳарчаликлар.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,

“Qishloq hayoti” мухбири.

April 24, 2019
by qishloqhayoti