“Maxam-Chirchiq”: АТРОФ МУҲИТНИНГ ИФЛОСЛАНИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ
Мамлакатимизда кимё саноатини ривожлантириш, тармоқ корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, уларнинг қувватларидан оқилона фойдаланиш ва энергия тежайдиган, экологик хавфсиз технологияларни жорий этиш, экспортга мўлжалланган, импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамиятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг бир қатор цехларида модернизация ва реконструкция ишлари бажарилди. Хусусан, кейинги йилларда карбамид цехида технологик жараёнларни автоматик бошқариш тизими жорий этилди. Замонавий сув инжекторлари, буғлатгичлар, сепараторлар, тозалаш иншооти ускуналари ўрнатилди.
Ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилаш дастури бўйича “Maxam-Chirchiq”ни электр энергия билан таъминловчи трансформаторларга энергия тежовчи ускуналар ўрнатилди. Шунингдек, буғ таъминоти цехидаги иситиш қозонларининг эскирган жиҳозлари, ишлаб чиқариш цехларидаги насослар янгиланди. Корхонада оммавий ахборот воситалари ходимлари учун уюштирилган медиатурда корхона мутасаддилари бу ҳақда журналистларга батафсил маълумот беришди.
Бундан ташқари, медиатур иштирокчилари корхонада Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунига қай даражада амал қилинаётганига доир саволларига ҳам жавоб олишди.
– Табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига мувофиқ корхонамиз томонидан ташланмалар, оқова сувлар чегаравий меъёрий нормативлари лойиҳалари, ишлаб чиқариш чиқиндиларининг ҳосил бўлиши ва уларни жойлаштириш лимитларининг экологик нормативлар лойиҳаси ишлаб чиқилган, – дейди “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамияти Ишлаб чиқариш директорининг меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси ва экология бўйича ўринбосари Х. Юлдашев. – Охирги йилларда корхонанинг ишлаб чиқариш фаолиятининг атроф-муҳитга таъсири сезиларли даражада камайди. Атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларнинг чегаравий меъёри йилига 7117 тоннани ташкил этиб, 2018 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 2083 тоннани ташкил этди, яъни белгиланган чегаравий меъёрдан 3,4 маротаба кам миқдорда зарарли моддалар атмосферага чиқарилган. Ташланмалар миқдорининг пасайишига чанг-газ тозалаш қурилмаларининг самарадорлиги ошиши ҳисобига эришилди. Технологик ускуналар, вентиляция тизими ва газ чиқиш манбаларини таъмирлаш ишлари ўз вақтида ва нормал технологик режимнинг мақбул тизимларида олиб борилиши бу натижаларнинг асосий омилидир.
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни бошқариш бўйича бош мутахассиси вазифасини бажарувчи Тўлқин Жумановнинг қўшимча қилишича, атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддаларнинг камайишининг асосий омилларидан яна бири атмосферага ифлослантирувчи моддалар ташланадиган манбаларда доимий назорат олиб борувчи Буюк Британия ҳамда Германияда ишлаб чиқарилган “CHILGRID-RT”, “X-STREAM” русумли газ таҳлил ускуналарининг ўрнатилганлиги ва технологик жараённинг тўғри олиб борилаётганидир.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, корхонада табиатни асраб-аввайлаш борасидаги изчил ҳаракатлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Анвар Ҳақбердиев