БИР ЙИЛДА БИР ЕРДАН ТЎРТ МАРТА ҲОСИЛ БУНИНГ СИРИ НИМАДА?
Косонсой туманидаги Янги йўл маҳалласида 615 та хонадон бўлиб, уларда 9 минг 300 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Туман ҳокимлиги томонидан томорқалардан унумли фойдаланиш борасида намунали иш ташкил этаётган энг ташкилотчи йиғин раиси, деб таништирилган, Юнусали Насриддинов билан мазкур маҳаллада амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашдик.
Унинг айтишича, маҳаллада 22 гектар томорқа мавжуд бўлиб, улардаги 251 та иссиқхонада қишин-ёзин помидор, бодринг, лимон, мандарин, саримсоқпиёз ва турли кўкатлар етиштириш йўлга қўйилган. 15,5 гектар ердаги очиқ далада булғор қалампири, бақлажон, дуккакли экинлар, 10 хилдаги сабзавотлар парвариши йўлга қўйилган. Маҳаллий аҳоли ихтиёридаги мавжуд томорқаларнинг 60 фоизида йилига камида 2-3, ҳаттоки 4 марта ҳосил олишга муваффақ бўлинаётир.
– 2018 йил якуни бўйича маҳалламиздаги мавжуд томорқаларда 2 миллиард сўмликдан кўпроқ сабзавот, мева ва полиз маҳсулотлари етиштирилди, – дейди Юнусали Насриддинов. – Энг миришкор томорқачилар рўйхатини бошқариб бораётган, ўзларининг тажрибаларини ёшларга ўргатиб келаётган Жобир Исроилов, Мухторжон Ҳафизов, Зуҳриддин Қорахўжаев, Акмалжон Ҳайитов каби тадбиркор уста-деҳқонлар ҳар йили камида 25-30 миллион сўмлик мева ва сабзавот етиштиришга муваффақ бўлаётир.
Маҳалладаги Роҳилахон Зарипова оиласида ўн киши истиқомат қилади. Оила аъзолари маҳалла фуқаролар йиғини кўмагида хонадон рўпарасидаги фойдаланилмай ётган ерда 45х10 метр ҳажмда иссиқхона барпо этишди. Иссиқхонага 1000 туп помидор, 50 туп лимон ва мандарин кўчатлари экилди. Меҳр билан олиб борилаётган парвариш натижасида ниҳоллар қийғос гулга кириб, олинажак ҳосил мўл бўлишидан далолат бермоқда.
– Томорқадан янада самарали фойдаланиш учун имтиёзли кредитлар бериляпти, – дейди мазкур оила аъзоси Боймурод Жалилов. – Биз ҳам “Микрокредитбанк”нинг туман филиалига керакли ҳужжатларни топширдик. Мақсадимиз, 2019 йилда яна битта шундай иссиқхонани ишга тушириб, унда экспортбоп қулупнай етиштиришни йўлга қўйиш.
Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.